Инсултдан сўнг отда юриш организмнинг тез тикланишига ёрдам беради
Швеция ва Австралиялик тадқиқотчиларнинг хабар беришича, отда сайр қилиш инсултни бошдан ўтказган кишиларнинг аҳволи яхшиланишига ёрдам беради. Бундан ташқари от миниш ҳатто 5 йил олдин инсултга йўлиққан кишилар учун ҳам фойдали. Отда юриш мувозанатни сақлаш, қадам ташлаш ва ақлий функсияларга ижобий таъсир кўрсатади.
Тадқиқотда 10 ой – 5 йил олдин инсултни бошдан кечирган 123 нафар швециялик иштирок этди. Улар уч гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ қатнашчилари 12 ҳафта давомида ҳафтасига икки мартадан отда сайр қилди, иккинчи гуруҳ мусиқали терапияга борди, учинчи гуруҳга эса оддий ғамхўрлик кўрсатилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, биринчи гуруҳ иштирокчиларида мувозанатни сақлаш, қадам ташлаш ва ақлий функсиялар даражаси 10 фоизга ўсди, учинчи гуруҳда эса, аксинча 0,5 фоизга камайиш кузатилди. Биринчи гуруҳдагиларнинг 56 фоизида ижобий таъсир камида 6 ой давомида сақланиб қолди. Юқорида кўрсатилган функциялар даражаси иккинчи гуруҳ иштирокчиларида 5 фоизга ошди, ижобий таъсир эса уларнинг 43 фоизида ярим йилгача сақланиб турди.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.