Шошилинч тиббий ёрдам шошилинч муаммоларни бартараф этишга киришди

Юртимизда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида том маънода янгиланиш ва ривожланиш жараёни кечмоқда. Бу ўзгаришлар соғлиқни сақлаш тизимининг шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 16 мартида имзоланган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда аҳамиятли бўлди.

Шу муносабат билан яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими: долзарб масалалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни ташкиллаштиришдан кўзланган мақсад мамлакатимизда шошилинч ва тез тиббий ёрдам соҳасида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганиш, яратилган имконият ва қулайликлардан аҳолини яқиндан таништириш ҳамда тизим олдида турган вазифалар ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

ШТЁ тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

2016 йилда 9,7 миллион мурожаатлар қайд этилиб, шулардан, 68 фоизи (1 716 262 нафар)га амбулатор, 32 фоизи (805 582 нафар)га стационар ёрдам кўрсатилган.

Шошилинч ҳолатларда беморга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга эга бўлган шошилинч ёрдам бригадалари зудлик билан етиб бориши муҳимдир. Шундан келиб чиқиб, йил охиригача 1 минг 200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олиниши режалаштирилган бўлса, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган 200 га яқин тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилиниб, улар эҳтиёжи юқори бўлган ҳудудларга етказиб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 13 февралдаги “Тез тиббий ёрдам автотранспортларининг ихтисослаштирилган ва умумтармоқ бригадаларини, тез тиббий ёрдам хизмати чақириқларида кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун зарур бўладиган дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш нормативларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига кўра тез тиббий ёрдам хизматининг битта махсус бригадасида 41 номдаги, умумтармоқ бригадасида эса 36 номдаги дори воситалари бўлиши белгиланди ва улар билан таъминлаш ишлари жадаллик билан олиб борилаётир.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ишини такомиллаштириш мақсадида бригадалар сони 138 тадан 161 тага кўпайди. Ушбу 161 та тез тиббий ёрдам автомашиналарининг барчасига GPS ускуналари ўрнатилди.

Бу ускуна ёрдамида автомобилнинг қайси ҳудудда экани, уни ҳаракатланаётган ёки ҳаракатдан тўхтагани, ҳатто, ўт олдирилгани ҳақида маълумотга эга бўлиш, кечикаётгани сабабини аниқлаш мумкин. Шу билан бир қаторда бир беморга ёрдам берилгач, “Тез тиббий ёрдам” автомашинаси базага қайтиб келмасдан чақириқ тушган иккинчи манзилга хизмат кўрсатиш имкони яратилди. Энг қувонарлиси эса бир кунлик чақириқларга тез тиббий ёрдам бригадаларини кечикиб бориш кўрсаткичи 15-18 фоиздан 5-8 фоизгача камайди. Дори таъминоти 70 фоиздан 95-100 гача ошди. Тадбир давомида, мутахассислар мазкур соҳадаги ривожланиш бу кўрсаткичлар билан тўхтаб қолмаслиги ҳақида, алоҳида тўхталиб ўтишди.

Яна ўқинг:  Тадбиркорга ким мададкор?

Шошилинч ҳолатларда тиббий ёрдам бригадаси ишини ташкиллаштирувчи асосий бўғин – тез ёрдам хизмати диспетчерлари қайта ўқитилиб, уларга нисбатан талаблар ҳам оширилди. Энди диспетчерларнинг касбий маҳорати ва малакасини мустаҳкамлаш учун улар қайта ўқитилади.

Шунингдек, бирламчи тиббий бўғинда тиббий хизматнинг тезкорлигини таъминлаш ва шу орқали шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматга тушаётган юкламаларни енгиллаштириш мақсадида яқинда пойтахтимиздаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникаларининг ҳар бирига иккитадан, жами 120 дона “DAMAS” русумли автомашиналар топширилди. Эндиликда беморларнинг уйига бориб энг керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш, зарур ҳолатларда уларни оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказиб бориш ҳамда патронаж хизматини кўрсатиш каби вазифалар ўз вақтида кечиктирилмай амалга оширилади. Қолаверса, автомашиналар ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатлангани боис йўллар тирбандлигидан келиб чиқадиган “Тез тиббий ёрдам” бригадаларининг кечикиши каби ҳолатларнинг олди ҳам олинади.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: