Алимент пули чет элга юбориладими?
Эрим билан ажрашганман. Суд вояга етмаган фарзандимнинг тарбияси учун алимент тайинлаган. Яқинда чет элга ишлашга кетаяпман. Фарзандимни ҳам ўзим билан бирга олиб кетмоқчиман. Болам учун тўланадиган алимент чет элга жўнатилиши мумкинми?
С. ЖАМБЕКОВА, Бухоро вилояти
– Адлия вазирининг 2009 йил 8 июлдаги 157-сон буйруғи билан тасдиқланган “Қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки бошқа шахслар томонидан ижро ҳужжатларини ижро этиш қоидалари”да белгиланишича, алимент пули хорижий мамлакатдаги шахсларга почта хизматлари орқали юборилиши мумкин. Фақат бунинг учун қарз ундирувчи яшаётган давлат ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама келишув тузилган бўлиши керак. Дейлик, алимент олувчини чет элдаги манзилидан топишнинг иложи бўлмади. Бундай ҳолатда пул почта ўтказмалари ўтказилган манзилга, яъни Ўзбекистонга – алимент тўловчи ишлаётган ташкилотнинг ҳисоб рақамига (ундирувчининг (қабул қилувчининг) манзилини аниқлаштириш ҳолатларидан ташқари) қайтарилади. Бунда жўнатмаларни ўтказиш учун олинган тўлов қайтарилмайди. Ушбу маблағ кейинчалик суд ижрочилари бўлимининг депозит ҳисоб рақамига кўчирилади.
Суд ижрочилари бўлимининг депозит ҳисоб рақамига келиб тушган пул ундирувчи (алимент олувчи) томонидан қонунчиликда ўрнатилган муддатларда талаб қилиб олинмаганда суд ижрочиси ушбу пулни давлат ҳисобига ўтказиш чораларини кўради.
Саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Камола ЖЎРАБОЕВА жавоб берди.