Маррага биринчи бўлиб келиш учун фақат омад камлик қилади
Бир неча халқаро турнирлар ғолиби, 2016 йил Фарғонада бўлиб ўтган “Универсиада” спорт ўйинлари рекордчиси, истеъдодли енгил атлетикачи Нигина Шариповани мухлису мутахассисларга таништиришнинг ҳожати йўқ. Қаҳрамонимиз ўтган йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпия ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Эътиборлиси, у эндигина 22 баҳорни қаршилади. Бунда қандайдир ўзига хос сир бормикан, деган ўйлар билан Нигинанинг муваффақиятлари борасидаги мулоҳазаларига қизиқдик.
– Менимча, спортда омад, меҳнат ва руҳий тайёргарлик муҳим рол ўйнайди. Қолаверса, бу соҳада муваффақиятга эришиш учун спортчининг кучли феъл-атвори бўлиши керак. Энг асосийси, ўзига бўлган ишончдир.
Мен спортчилар оиласида камол топганман. Отам жисмоний тайёргарлик бўйича сабоқ берсалар, онамнинг руҳан қўллаб-қувватлашлари менга катта куч бағишлайди. Айниқса, Рио-де-Жанейро Олимпиадаси йўлланмаси учун шуғулланаётган пайтларда яқинларимнинг руҳий кўмаги ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлади.
– Билишимизча, жаҳонда ҳар бир спорт тури бўйича етакчилик қиладиган терма жамоалар бўлади. Бунга бадиий гимнастика, синхрон сузиш ёки фигурали учиш бўйича ўтказиладиган мусобақаларда россиялик қизларнинг муваффақиятли иштирокини мисол қилиш мумкин. Енгил атлетика беллашувларида африкалик югурувчиларнинг натижалари йиллар давомида ана шундай “анъана”ни шакллантирган…
– Стартга чиққанимда ўзимни беллашувга руҳан тайёрлайман. Тўғри, рақибларим жуда бақувват, улар мусобақаларда доим етакчилар сафида эътироф этилади. Шундай пайтлари менга руҳан далда бўладиган шиорларим бор – “Мен югуриш йўлагига ғолиб бўлиш учун чиқяпман, қолганлар мағлуб бўлмаслик учун”, “Спортчи доим рақибини ҳурмат қилиб, ўзининг кучигагина ишониши керак”, “Ҳозир енгилсанг, вазият яхшиланмайди”… Бугунги кунгача АҚШ, Польша, Чехия, Малайзия, Хитой давлатларида ўказилган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этганман.
– Май ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Ислом Бирдамлиги ўйинларида иккита медалга сазовор бўлганингиз бизни ниҳоятда қувонтирди…
– Одатда мусобақаларда иккита йўналиш – 100 ҳамда 200 метрга югуриш бўйича иштирок этаман. Мазкур турнирда ҳам 200 метрга югуриш бўйича бронза, 100 метр бўйича эса кумуш медалга сазовор бўлдим. Албатта, Ватаним шарафини муносиб ҳимоя қилганимдан, байроғимиз юқорига кўтарилганидан чексиз бахтиёр бўлдим. Шоҳсупага кўтарилган пайтда қалбимда қандай ҳиссиётлар кечганини сизга сўз билан ифодалаб беролмайман.
– Мавсум доирасида яна қандай мусобақаларда иштирок этасиз?
– Ҳозирда машғулотлар қизғин паллага кирган. Июль ойида Ҳиндистонда ўтказиладиган Осиё чемпионати, Хитой Тайпейида бўладиган Универсиада ўйинларида муносиб иштирок этишни ният қилганман. Шу билан бирга жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишни ҳам ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
– Юқори натижаларга эришган спортчилар билан суҳбатларимизда улар муваффақиятларининг яна бир калити сифатида кўп китоб мутолаа қилишларини эътироф этишади. Сиз ҳам бўш пайтларингизда китоб ўқиб турасизми?
– Ҳа, албатта. Бўш вақтларимда кичик ҳажмдаги хикояларни ўқишни ёқтираман. Айниқса, мумтоз асарларни хуш кўраман. Шу билан бирга психологияга оид изланишлардан ўзимга керакли маълумотларни оламан. Боиси, спортчиларнинг юқори натижаларга эришишларида психологик тайёргарликнинг алоҳида ўрни бор.
– Ҳар бир инсоннинг ҳаётида қийин вазиятлар бўлади. Спорт соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Сизда ҳам “Бўлди, етар, ҳаммасини ташлайман” деган пайтлар бўлганми?
– Аввалига теннис билан шуғулланганман. 12 ёшимда эса ота-онам менга енгил атлетика билан машқ қилишни маслаҳат берган. Дастлаб машғулот менга жуда зерикарли туюлган. Кейинчалик эса ҳаётим ушбу спорт тури билан боғланди. Секин-аста яхши натижаларга эриша бошладим.
Спорт оламига кириб келган илк кунларимдан ота-онам мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Инсон учун оиладаги муҳит, яқинларининг кўмаги ниҳоятда зарур. Айнан спортчилар оиласида туғилганим ҳам бугунги кундаги муваффақиятларимга замин ҳозирлаган бўлса, ажаб эмас. Бунинг учун яқинларимдан бир умр миннатдорман.
Юлдуз ОРТИҚОВА суҳбатлашди.