Эл-юрт ҳурмати – энг катта бахт

Илм-фан билан шуғулланиш игна билан қудуқ қазишга менгзалиши бежиз эмас. Чунки жамият олдида турган долзарб масалалар ечими илм-фан ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мазкур соҳани, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, умрини шундай машаққатли ишга бағишлаган инсонлар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жиҳатлар 14 май куни Ўзбекистон Фанлар академиясида йирик тарихчи-археолог олим, академик Эдвард Ртвеладзе таваллудининг 75 йиллигига бағишланган маросимда ҳам ўз ифодасини топди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Фанлар академияси аъзолари, юртимиз ва хорижлик олимлар, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 10 майдаги фармони билан илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун ЎзФА Санъатшунослик институти бўлим бошлиғи, академик Эдвард Ртвеладзе “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов юксак давлат мукофотини Э.Ртвеладзега тантанали равишда топширди.

ЎзФА бош илмий котиби Б.Иброҳимов, Франциядаги Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси президенти, тарихчи олима Ф.Бопертюи-Брессанд, Грузиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К.Жгенти, академик А.Асқаров, ЎзФА Тарих институти бўлим мудири, профессор Д.Алимова ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда илмий-инновацион потенциалнинг янги ривожланиш динамикасига асос солинаётгани, академиклар меҳнатининг муносиб қадр топаётгани ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида кўплаб муаммоларнинг амалий ечимида, барча соҳани уйғун тараққий эттиришда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 30 декабрь куни етакчи олимлар билан учрашувида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида очиқ фикрлашиб олинди. Президентимиз фармонига мувофиқ академикларга бир қатор имтиёзлар белгиланган. Жумладан, дам олиш масканларида ҳар йили бепул фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилган. Академиклар илмий, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этилиб, уларга юқори малакали кадрлар тайёрлашда фаол иштирок этишлари учун зарур имкониятлар яратилмоқда.

Эл-юртимизнинг ана шундай заҳматкаш олимларидан бири – академик Эдвард Ртвеладзе. У 840 дан зиёд илмий иш, жумладан, 41 монография муаллифидир. Беш юздан зиёд илмий мақоласи мамлакатимиз, Россия, Италия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Греция, Грузия, Польша, Ҳиндистон каби давлатлардаги нуфузли илмий нашрларда чоп этилган. Унинг илмий раҳбарлигида 14 фан доктори ва фан номзодлари тайёрланган.

Яна ўқинг:  ДЕНИС ИСТОМИН БОШ СОВРИН СОҲИБИ

– Эдвард Ртвеладзенинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё, бутун Евроосиё тарихи билан боғлиқ кенг қамровли илмий тадқиқотлари, ишланмалари дунёнинг етакчи илмий марказларида тан олинган, – дейди ЎзФА Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти директори Амриддин Бердимуродов. – Олимнинг юртимиз антик даври тарихини ўрганишдаги улкан хизматлари ҳеч қачон ўз аҳамияти ва қийматини йўқотмайди.

Академик мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Олий Мажлис Сенати (2010-2015 йиллар), ЎзФА президиуми, кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларининг аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Олимнинг меҳнатлари мустақиллик йилларида муносиб қадр топмоқда. Биринчи Президентимиз фармонларига кўра Э.Ртвеладзега “Буюк хизматлари учун” (2001 й.), “Меҳнат шуҳрати” (2003 й.) орденлари, Фан ва техника соҳасидаги Давлат мукофоти (2007 й.) берилган.

– Умримнинг асосий қисми ўзбек қишлоқларида, кўп йиллик тарих тилсимларини бағрида сақлаб келган тепаликларда ўтаётганидан мамнунман, – дейди академик Эдвард Ртвеладзе. – Ўзбекистон – инсоният цивилизацияси бешикларидан бири. Бу заминнинг буюк тарихи инсоният қай тариқа тараққиётга эришганининг ўзига хос бир исботидир. Шундай табаррук ёшда эл-юрт эъзозида юриш – катта бахт. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга илм-фан ривожига, академикларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган юксак ғамхўрлиги, камтарин меҳнатларимни юқори баҳолаб, Ватанимизнинг юксак мукофоти – «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлагани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев иштирок этди.

  

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: