Санъат ғунчалари – ёш истеъдодлар парвози
Юртимизда ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом, юксак интеллектуал салоҳият эгалари этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ва рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Санъат ғунчалари” республика ёш мусиқачилар кўрик-танлови ҳам ёшларнинг мусиқий маҳоратини синовдан ўтказиш, уларни янги парвозлар сари руҳлантиришга хизмат қилмоқда.
“Санъат ғунчалари” XIX республика танловининг тантанали очилиш маросими 27 апрель куни эрта тонгдан Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтди.
Анжуманда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан миллий мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, ёшлар тафаккури, дунёқараши ва дидини юксалтириш, уларни мусиқа санъати дурдоналари ва жаҳон классик мусиқаси намуналаридан кенг баҳраманд этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Танловда республикамиздаги мусиқа ва санъат мактабларида таълим олувчи ва ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган жами 150 нафардан ортиқ иштирокчи ўз истеъдодини намойиш этди. Шуни таъкидлаш жоизки, танловнинг ҳудудий саралаш босқичлари жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари юртимизнинг барча ҳудудларида юқори савияда ўтказилиб, унда жами 360 нафар ёш иқтидор соҳиблари қатнашди.
Иштирокчилар икки кун давомида Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида танлов шартларини бажаришди. Ижодкорлар ёшга кўра кичик (11-13 ёш) ва катта (14-15 ёш) гуруҳларга бўлиниб, флейта, габой, кларнет, саксафон (альт, тенор), тронбон, фагот, труба, валторна, тенор-баритон, туба, зарбли чолғулар каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
– Ушбу танлов устозлардан ўрганган билимларимизни яна бир бор синовдан ўтказди, – дейди танлов ғолиби Абдурашид Обидов. – Кўтаринки руҳда ташкил этилган учрашувлар, мулоқотлар кейинги изланишларимизга туртки бўлади, деган умиддаман.
Таъкидлаш жоизки, мазкур санъат фестивали республикамизда 1998 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, ушбу танловда 2011–2016 йилларда 9-13 ёшдаги кичик ҳамда 14-16 ёшдаги катта гуруҳ ўқувчиларидан жами 855 нафари иштирок этиб, улардан 382 нафари ғолибликни қўлга киритишди.
Қувонарлиси, уларнинг аксарияти Италия, Франция, Польша, Озарбайжон, Россия, Сербия, Белорусь, Қозоғистон каби давлатларда ўтказилган халқаро танловларда муваффақиятга эришишди.
“Санъат ғунчалари” XIX республика кўрик танловининг тантанали ёпилиш тадбирида концерт дастури, болалар расмлари кўргазмаси, пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар ҳамда маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Якунда ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Хуршида ҲУСЕНОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири