Наманганда инсулин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Жорий йилнинг 19-23 март кунлари Наманган вилоятидан тиббиёт соҳаси, фармацевтик ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлар вакилларидан иборат делегация Ҳиндистоннинг MJ Group компанияси раҳбари Жавшантал Шоҳ таклифи билан Ҳиндистон давлатида бўлиб қайтди.
Ташриф давомида саноат, фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ҳиндистоннинг бизнес вакиллари билан бевосита учрашувлар ўтказилиб, қатор меморандумлар имзоланди.
Жумладан, мутахассисларимиз Пуна шаҳрида инсулин ишлаб чиқарувчи MJ Biotech PVT. Ltd, Таложа шаҳридаги MJ компаниясига қарашли MJ Biopharm Pvt. Ltd дори ишлаб чиқариш фармацевтика заводларига ташриф буюриб, улар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Музокаралар якунида MJ компаниясидан жаноб Жашвантлал Шоҳ ва Намангандаги “Камол мед фарм” корхонасидан Абдуманноп Холмирзаевлар йил охирига қадар инбал усулида инсулин ва айрим препаратларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан келишув имзолади.