Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада
Дам олиш куни қишлоққа бордим. Ҳамиша гавжум бўладиган чойхона олдида шу ерда ишлайдиган бир-икки дўкондор ва сартарошдан бўлак ҳеч ким кўринмади. Кўча ё ариқ бўйида офтобда тобланиб ўтирадиган кексаларга ҳам кўзим тушмади. Ҳайрон бўлдим.
Қишлоқ марказидаги қассобхонадан чиқиб келаётган қўшнимиз Раҳмат акани кўриб, машинани тўхтатдим.
– Бирор тўй-маърака борми, негадир кўчада ҳеч ким кўринмайди, – дедим.
– Нима, хабаринг йўқми, ҳамма ўз иши билан банд-ку ҳозир, – деди Раҳмат ака. – Аслида шундай бўлиши керак-да. Президентимиз, раҳбарлар хонадонма-хонадон юриб, одамлар турмуш тарзи билан қизиқаяпти, кишиларни тадбиркор бўлишга, меҳнат қилиб, тўкин ҳаёт кечиришга даъват этаяпти. Бу ёқда банклар кредит бераман, деб уйма-уй юрибди. Бундай пайтда бекор ўтириш, қаердан бир сўм келаркан, деб кутиб ўтириш уят-ку. Тўғрими?
Раҳмат аканинг гапини тасдиқлаб, “банкдан кредит олаётганлар ҳам борми?”, деб сўрадим.
– Йил бошидан буён туман ҳокими ва бошқа раҳбарлар келиб қишлоғимиз одамлари билан гаплашди, банк ходимлари ҳар хил кредитлар ҳақида маълумот беряпти. Кредит олаётганлар ҳам бор. Лекин одамларнинг ўзи ҳаракатга тушиб қолди. Ҳеч бўлмаганда томорқасидан унумли фойдаланиб, рўзғорига барака киритишни ўйлаб ишламоқда. Бизникида ҳам бугун ҳашар. Ўғилларим ва бир-икки жиянни чақириб, ҳовли тўридаги теракларни кестираяпман. Томорқага қуёш тегадиган бўлади, кичикроқ бир иссиқхона қилиб, лимон экмоқчимиз. Бедапоянинг ўрнида чоғроққина мевали боғ қилсам, дегандим. Интенсив кўчатлар экмоқчиман, қаердан олсам бўлади?
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси бош агрономи Бобур Ҳайдаровга қўнғироқ қилдим.
– Бу йилги мавсум учун 400 минг тупдан ортиқ интенсив олма ва бошқа мевали дарахт кўчатларимиз экишга тайёр, – деди Бобур ака. – Отахон келсалар ҳаммасининг хусусияти, парваришлаш усуллари ҳақида маълумот берамиз. Ўзларига маъқулини олиб кетаверадилар. Агар улови бўлмаса, кўчма автодўконимизда ўзимиз етказиб берамиз. Туну кун шу ердамиз, келаверсинлар.
Раҳмат ака эртагаёқ кўчатга боришини айтиб, машинадан тушдию уйидаги ҳашарчилар томон ошиқди.
Шу куни яна бошқа қўни-қўшнилар, қишлоқдошларим билан гаплашиб, уларнинг нимадир янги иш бошлаш, тадбиркорлик қилиш истагида эканига гувоҳ бўлдим. Кўпчилик бу борадаги дастлабки ҳаракатларни ҳам бошлаган – бир неча киши наслдор чорва моли харид қилибди, эллик-юз бош товуқ боқиш билан паррандачиликни йўлга қўяётганлар қанча, кичик иссиқхонасида серҳосил лимон кўчати экиш ниятида бўлганлар ҳам кам эмас. Хуллас, бу йил қишлоқда баҳор, мавсум юмушлари ҳар қачонгидан эрта бошланибди. Одамлар бир кун олдин бўлса-да, ерга уруғ қадаш ҳаракатига тушган.
…Кечга яқин шаҳарга қайтар эканман, йўл устида академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясига кириб ўтдим.
Кеч бўлишига қарамай, станция кўчатхонаси гавжум. Енгил машинасида ўн-ўн беш туп кўчат олиб кетаётганлар ҳам, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан келган юк машиналарига ниҳол ортиб, йўлга чиқаётганлар ҳам кўп.
– Бир миллион тупдан ортиқ ток ва 520 мингга яқин мевали дарахт кўчати бор эди, мана, одамлар келиб олиб кетишяпти, – дейди Самарқанд илмий тажриба станцияси директори Жамшид Аҳмаджонов. – Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги фермер хўжаликлари, агрофирмалар билан тузилган шартнома асосида буюртма қилинган дарахт кўчатларини етказиб беряпмиз. Вилоятимиздаги деҳқон бозорлари, аҳоли гавжум масканларда ҳам савдо ярмаркалари ташкил этдик. Олис туманлар қишлоқларига кўчатни кўчма автодўконларимиз орқали олиб бораяпмиз. Аҳолига кўчат сотиш билан бирга, ҳар бир ниҳолнинг нав хусусияти, агротехникаси ҳақида ҳам тушунча бериб, уларга амалий ёрдам кўрсатяпмиз.
Директорнинг айтишича, кейинги йилларда, айниқса, ММ-102, М-9 навли ярим пакана ва пакана интенсив дарахт кўчатларига талаб катта бўлмоқда. Бу ниҳоллар табиий иқлим ва тупроқ шароитимизга мослиги, юқори ҳосилдорлиги ва хориждан келтириладиган кўчатларга нисбатан арзонлиги билан аҳолига манзур бўлмоқда. Илмий тажриба станциясида жорий йилдан бошлаб ёнғоқ ва унабининг хориждан келтирилган уруғлари асосида ушбу йўналишда кўчатчилик йўлга қўйилади. Бу яқин икки-уч йилда Самарқанд вилояти ва қўшни ҳудудларнинг мазкур дарахт кўчатларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш имкониятини беради.
Юртимизга баҳор келаётгани, юртдошларимизнинг кўклам юмушларига киришганига гувоҳ бўлиб, бугуннинг таассуроту ҳайратларини ўзимча хаёлдан ўтказиб уйга қайтар эканман, радиодан кўнгилга яқин сатрлар қулоғимга чалинди:
Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,
Бу ниҳол номини яхшилик ата.
Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,
У гулнинг исмини гўзаллик деб қўй.
Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,
Сув бер ва бу сувга меҳр деб қўй от.
Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири