Баҳор тимсоли – Аёл,Аёл – мисоли баҳор!

8-март – Халқаро хотин-қизлар куни мамлакатимизда катта байрам сифатида нишонланади ва дам олиш куни деб эълон қилинган. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон хотин-қизларига ҳар йили байрам муносабати билан табрик йўллайди. Ана шундай байрам табрикларидан бирида шундай дейилади: “Она, рафиқа, қиз – бу сўзлар бизнинг халқимиз учун азал-азалдан Ватан, оила, меҳрибонлик, садоқат каби муқаддасдир”. Аёл кишини Ватан тимсолида, садоқат тимсолида, меҳр-муҳаббат тимсолида кўрмоқлик бу улуғлик ва улуғворликдир. Бу миллат истиқболи оналар қўлида деган ғоянинг тасдиғидир.

Она, рафиқа, қиз сўзлари ўзбек аёлларининг фазилатларини ифода этади. Ватанимиз келажаги бўлмиш фарзандларни тарбиялаётган оналар, турмуш ўртоғини оқ ювиб, оқ тараб хизматга жўнатаётган рафиқа, онасининг энг яқин ёрдамчиси, ота-онанинг меҳрибони ва Ватан келажагини тарбиялашга тайёргарлик кўраётган қиз! Ушбу юмуш ва фазилатлар қаторига мутахассис ва сиёсатчи вазифаларини ҳам қўшинг. Энди аёллар бажараётган ишни бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а. Фозиллик ва сиёсатчилик аёлдан нақадар катта куч, сабот, қатъият, тадбиркорлик хусусиятларини талаб этишини англаш қийин эмас.

Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Айша Охунова бўлади.

– Мамлакатимизда оналик ва болаликнинг ижтимоий муҳофазаси мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишида, барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилди. Зеро, гендер тенгликка эришиш адолатли ва барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан биридир. Бу масалани ҳал этиш бозор иқтисодиётига босқичма босқич ўтиш йўлини танлаган ёш мустақил давлатлар учун муҳим саналади.

– Фикрингизга қўшиламан. Жуда кўп мамлакатларда бўлгани каби мамлакатимиз аҳолисининг 51,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиши жамиятнинг ҳуқуқий давлат сари барқарор ривожланишининг муҳим омилларидан биридир. Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз Президенти шундай деб таъкидлаган эди: “Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Айниқса, аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз биз учун ибратли меросдир”.

Яна ўқинг:  ҚАТЪИЯТ, ИНТИЛИШ БЕИЗ КЕТМАЙДИ

Президентимизнинг бу сўзлари амалиётда ўз тасдиғини топди. Аёлларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлар ҳақида мутахассис сифатида шундай дейиш мумкин: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида фуқароларнинг жинси-ирқи, миллати, диний эътиқодидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканлиги, 46-моддасида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги, 117-моддасида эса сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари кафолатланган. Шунингдек, Меҳнат ва Оила кодексларида аёлларга имтиёзлар берилиб, ҳуқуқий ҳимояга олинган. 1999 йил 14 апрелда эса “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.

Яна далилларга келадиган бўлсак, Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 1998 йилнинг “Оила йили”, 1999 йилнинг “Аёллар йили” деб эълон қилиниши, 1999 йил 17 мартдаги «Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўта зарарли ва ўта оғир меҳнат шароитларда ишлаётган аёлларнинг даромадларига имтиёзли солиқ солиш тўғрисида”ги қарори, 2000 йилнинг “Соғлом авлод йили”, 2001 йилнинг “Оналар ва болалар йили” деб эълон қилиниши, 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2004 йил 30 июндаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори фикримизнинг далилидир.

Яна шуни таъкидлаш керак-ки, юртимизда аёлларнинг муаммолари билан боғлиқ сиёсатни амалга оширувчи тизим ишлаб турибди. Республика Хотин-қизлар қўмитасининг раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ҳисобланади. Вилоят ва туман хотин-қизлар қўмиталарининг раислари ҳоким ўринбосари мақомида фаолият юритишади. Улар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаб салоҳиятини рўёбга чиқаришда самарали таъсир ўтказмоқдалар.

Бугунги кунда оила, оналик ва болалик ижтимоий муҳофазасини ҳамда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи Ўзбекистон Республикасининг 80га яқин қонуни ва қонун ости ҳужжатлари мавжуд.

– Сиёсатчи аёлларни юзага чиқарадиган ҳуқуқий омиллардан яна бири парламент сайловларида аёлларга квота белгиланганлигидир…

– Дарҳақиқат, сиёсий партиялардан парламентга номзод кўрсатилаётганда аёлларга 30 фоизлик квота белгиланди. Сайлов қонунчилигимизни бу тариқа такомиллаштиришимиз миллий хусусиятларимиздан келиб чиқди. Натижада аёлларнинг Миллий қонунчиликдаги фаол иштироки таъминланди. Ушбу квота белгиланганлиги туфайли парламент аъзолари бўлган аёллар сони аввалги парламент сайловига кўра икки бараварга кўпайди. Янги жорий этилган квота тизимига кўра сиёсий партиялар ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва вакиллик органларига номзодлар умумий сонидан камида 30 фоиз аёлларнинг номзоди кўрсатилиши лозим. 2004 йилги сайлов натижасидан кейин Олий Мажлис Конунчилик палатасида 21 аёл депутат (18% ) ва 15 нафар аёл (15%) Сенатда фаолият юритди. Ҳозирги пайтда Олий Мажлис Конунчилик палатасида 34 аёл депутат (22% ) ва 15 нафар аёл (15%) Сенатда фаолият юритяпти.

Яна ўқинг:  ҲАР ҚАТИДА ГЎЗАЛЛИК МУЖАССАМ

Жаҳонга юз тутган Ўзбекистонимизда парламент ислоҳотларини амалга ошириш ҳақиқий фуқаролик жамияти барпо этишнинг чинакам калитидир.

– Ўзбекистон Республикаси ушбу йўналишдаги халқаро ҳуқуқий нормаларга ҳам қўшилган. Бу борада ҳам самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтса арзийди. Шундай эмасми?

– Жуда тўғри. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган ва 1981 йили кучга кирган “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциясини Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, 1995 йили ратификация қилган. Мазкур конвенция 30 моддадан иборат бўлиб, унда хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, тенг ҳуқуқлилиги белгиланган.

Амалга оширилган ишлардан кўриб турибмизки, ушбу йўналишдаги вазифаларни бажариш ҳам бошқа мамлакатларга қараганда анчагина яхши йўлга қўйилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Нью Йорк­да бўлиб ўтган йиғилишида (2008й) буни тан олди. Мамлакатимиз олдига Пекин(1995 йилги) конференциясидан кейин қўйилган 50 та вазифадан деярли ҳар бири бажарилганлигини таъкидлаб ўтилди.

– Газетамиз муштарийларига тилакларингиз…

– Аввало, газета жамоасидаги аёлларни, қолаверса бутун юртимиз аёлларини байрам билан самимий қутлайман. Олий Мажлис қошидаги жамғарма орқали олинган “Инновацион технологияларнинг ёш соҳиблари” лойиҳаси якунланганида газетангиз жамоаси билан яқиндан танишдим. Лойиҳани якунлаб, ундан ижтимоий натижалар чиқарилгани менга жуда маъқул келди. Шунингдек, жамоанинг аксарияти ёшлар эканлиги янада қувонарлидир. Бу албатта келажакни ўзида ифодалайди. Таҳририят фаолиятининг янада юксалишида ижодий парвозлар, ютуқлар тилаб қоламан.

Суҳбатдош

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: