Саратон ҳамиша хавфли бўлмайди

Ёки рак хасталигининг қандай олдини олиш мумкин?

Эл орасида хавфли ўсма касаллигига учраган бемор ҳақида эшитган одам уни бедаво дардга чалинибди, энди тузалмайди, деб янглиш фикрлайди. Аслини олганда бундай эмас. Келинг, масаланинг моҳиятига чуқурроқ ёндашамиз.

Онкологик хасталиклар бошқа дардлардан ўзининг белгиларсиз – яъни, яширин кечиши, хавфлилиги, тез ривожланиши ва эрта метастаз бериши (бошқа аъзоларга тарқаб кетиши) билан ажралиб туради.

Ўсмалар хавфли, хавфсиз, ҳамда хавфсиздан хавфлига айланувчи гуруҳларга бўлинади. Хавфсиз ўсмалар – секин-аста узоқ вақт давомида ўсади, ён-атрофдаги тўқималарни ичига ўсиб кирмайди, ҳамда уларни парчаламайди. Кўпинча оғриқсиз бўлади, бошқа аъзо ва тўқималарга тарқаб кетмайди. Тўғри, бу ўсмалар операция қилиб олиб ташланса, қайталанмайди. Аммо хавфли ўсмалар эса аксинча тез – агрессив равишда ривожланади, ён-атрофидаги аъзо ва тўқималар ичига ўсиб киради. Уларни парчалайди ва атрофини қоплаб олади. Қон ва лимфа суюқликлари орқали организмга тарқаб кетади, инсон ҳаётига хавф солади. Ўсмаларнинг учинчи тури эса ҳали табиати яхши ўрганилмаган, аниқланмаган туркумга киради. Аввалига улар хавфсиз табиатга эга бўлади. Ўз вақтида тўғри даволанмаса, хавфли ва оғриқсиз ўсмага айланиб кетиши мумкин. Ҳақиқатдан ҳам хавфли ўсмалар барча касалликлар ичида энг жиддийси ҳисобланади.

Ҳар бир хасталикни келиб чиқишига сабаб бўладиган омиллар мавжуд. Масалан, ҳар қандай юқумли инфекцион касалликни келтириб чиқарувчи бир омил, яъни, маълум бир микроб тури бўлади. Онкологик касалликларни келтириб чиқарадиган омиллар эса кўпдир.

Хавфли ўсма ҳужайралари одам организмига ташқаридан келиб тушмайди. Улар канцероген (“канцер” – ўсма, “оген” – омил) омилларнинг таъсири туфайли соғлом ҳужайрани рак ҳужайрасига айланишига олиб келади. Бу касалликларни келиб чиқишига 80-85 фоиз ҳолатда атроф-муҳитдан организмга салбий таъсир этувчи (экзоген), 15–20 фоиз эса (эндоген) ички муҳитдан келиб чиқадиган омиллар сабаб бўлади.

Улар физикавий, кимёвий, биологик ва эндоген омиллардан иборат. Яъни, саратон полиэтиологик касаллик ҳисобланиб, юқоридаги барча омиллар биргаликда мужассам бўлгандагина пайдо бўлади.

Физикавий омилларга – ионловчи радиация, тўқималарнинг термик ва механик жароҳатлари, қуёшнинг ультрабинафша нурлари киради.

Кимёвий омиллар – алкаголь, тамаки, нос, автомобиллардан ажраб чиқадиган газлар, саноат корхоналари, иссиқлик энергетика станцияларидан чиқадиган чангли чиқиндилар, пестицидлар, гербицидлар, ҳар хил бўёқлар, турли хил минерал ва органик ўғитлар, шунингдек, хавфли радиция нурлари ва ҳакозолар ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Дори нархлари назорати учун “Ишонч телефонлари” ишга туширилади

Биологик омиллар – асосан ўсма чақирувчи вируслардир.

Эндоген омиллар – хавфли ўсма касалликларини ҳосил қилувчи генни ва саратонга мойилликни оширувчи геннинг наслдан наслга ўтиши яъни, ирсий мойиллик, модда алмашинуви бузилиши оқибатида организмнинг ўз ичида канцероген моддалар пайдо бўлишидир.

Ҳар қандай касалликни енгиш учун, биринчидан унинг олдини олиш, иккинчидан хасталикнинг жуда эрта босқичларида аниқлаш ва учинчидан комплекс равишда самарали даволаш муаммоси туради. Саратон ҳам бундан мустасно эмас.

Демак, касалликнинг олдини олиш учун инсон ўз соғлигига бефарқ бўлиши керак эмас. Инсон ўз организми фаолиятини назорат қилиши лозим. Соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш зарур. Ўз вақтида тўғри овқатланиш, дам олиш, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш, бадан – тарбия ва спорт билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, гигиена қоидаларига амал қилиш, сигарет, нос чекмаслик, спиртли ичимликлар ичмаслик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик барча касалликларнинг олдини олади.

Бирор аъзо иш фаолиятида ҳар қандай кичик бир ўзгариш сезсангиз ўз-ўзингизни даволашдан тийилинг, лоқайд бўлманг. Дарров шифокорга мурожаат қилинг.

Энг қийини хавфли ўсма касаллигини эрта босқичида аниқлашдир. Хасталик бошланганда яширин, белгисизларсиз пайдо бўлади. Бу бутун дунё онколог олимлари олдида турган муҳим ва қийин муаммодир.

Ҳозирги замон тиббиёти жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Янги-янги тиббий текширув усуллари ихтиро қилинмоқда. Ташхис қўйишда асосан рентген, ультратовуш, магнит резонансли томография, компьютер томографияси, эндоскопия, генетик, морфологик ва лабаратор текширувлардан фойдаланилади.

Улуғбек ИСЛОМОВ,

Республика Онкология илмий маркази Таянч-ҳаракат тизими ўсмалари жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди

Давоми бу ерда.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: