Мамлакатимиз тараққиётида янги босқич: асосий мақсад – инсон манфаатларини таъминлаш
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тараққиётимизнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ, ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Бу мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек буюк мақсадларга хизмат қилади.
ЎзА мухбири ушбу фармон ва Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида турли соҳа вакиллари билан суҳбатлашди.
Дилором Файзиева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
– Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишда аҳолининг кенг қатлами, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислари фаол иштирок этди. Жонли мулоқот, суҳбат ва муҳокамаларда амалдаги қонун ҳужжатлари, миллий ва халқаро ташкилотларнинг ахборот-таҳлилий материаллари, маърузалари, тавсиялари ва шарҳлари ўрганилди, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди. Буларнинг бари мазкур Ҳаракатлар стратегияси – халқимизнинг эзгу орзу-мақсадларини ўзида мужассам этган қомусий ҳужжат, дейиш учун асос бўлади.
Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришни назарда тутади. Шу мақсадда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ.
Жорий йилда “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу билан мамлакатимизда парламент назоратининг янги шакли жорий этилади. Энди парламент аъзоларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича тегишли чоралар кўриш ваколатини бериш назарда тутилмоқда. Ёки жорий йилда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Бу билан партия гуруҳлари маҳаллий Кенгаш сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақидаги таклифларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Туман (шаҳар) ҳокими номзодини вилоят ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этиш механизми йўлга қўйилади. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосалар тақдим этиш ҳуқуқи берилади.
Буларнинг барчаси сиёсий партияларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларни самарали ечиши, ҳудудларни ривожлантиришда фаол иштирок этишига мустаҳкам замин яратади, мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши тизимини тубдан такомиллаштиришда янги босқични бошлаб беради.
Рустам Комилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлат чегараларининг дахлсизлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлидаги шахдам ҳаракатларига янги куч бағишлади.
Бунда мамлакатимиз парламентининг иш услублари давр талаби, халқимиз хоҳиш-иродаси асосида, келажакдаги юксак марраларни кўзлаб замонавий андозалар асосида йўлга қўйилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, бу йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ижрочи котиби лавозими таъсис этилиши ҳар бир партия ўз сиёсатини парламент қуйи палатасида ҳимоя қилишини кучайтиради. Натижада кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан фракциянинг ягона позициясини ишлаб чиқиш, фракция аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш янада самарали ташкил қилинади.
Жорий йилда Олий Мажлис палаталарида ахборот-таҳлил ва тадқиқот фаолиятини кучайтиришга қаратилган таркибий бўлинмаларнинг тузилиши қонунларни қабул қилиш ва назорат фаолияти сифатини оширишга, қонунларни чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатнинг бешинчи устувор йўналиши мамлакатимизда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни таъминлашга қаратилган. Бунда Ўзбекистоннинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги таҳдидларга қарши ўз вақтида, муносиб ҳаракатларни ташкил этиш, фуқаролик, миллатлар ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни янада мустаҳкамлаш, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш, экологик муаммолар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида холис ахборот етказиш каби қатор устувор йўналишлар белгиланган.
Энг муҳим масалалардан бири – бугунги мураккаб глобаллашув ва “ахборот уруши” асрида мамлакатимизда киберхавфсизликни таъминлаш. Чунки ҳозирги кунда бутун дунёда киберхуружлар тобора глобаллашиб бормоқда. Ҳаракатлар стратегиясига кўра, мамлакатимизда бундай киберхуружларнинг олдини олиш, бу йўналишда етарлича хавфсизликни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда тинчлик-тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашга асос бўлиши ва хизмат қилиши билан жуда катта аҳамиятга эга.
Дилшод Абдуазизов, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи:
– Бугун жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб вазият давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиб, амалга оширишни тақозо этаётир. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва либераллаштиришда энг долзарб масалалар ечими юзасидан аниқ вазифаларнинг белгилаб берилгани бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бунда асосий мақсад – мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини оширишга эришишдан иборат. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги янада юксалишига, бу тармоқдаги маҳсулотлар экспорти ошишига ижобий таъсир кўрсатади.
Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотлар изчил ва тизимли давом эттирилади. Вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар аниқ механизмлар билан қатъий амалга оширилади.
Бугун давлатимиз ва халқимизни ўйлантираётган энг муҳим масалалардан бири – миллий валютамиз ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш. Бу борада, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, энди ҳар чоракда Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Марказий банкнинг макроиқтисодий кўрсаткичлар, айниқса, валюта бозори ҳолати устидан тизимли мониторингни амалга ошириш, зарурият туғилганда, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини ошириш, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга йўналтирилган таҳлилий маълумотлари тайёрлаб борилади.
Инфляция даражасини аниқлашда товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари (тарифлари) ўзгаришини кузатиш методикасини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилмоқда. Нақд пулсиз кўринишда товар ва хизматлар сотишда сунъий юқори нархлар ўрнатганлик учун жавобгарликнинг оширилиши ички бозорда нарх шаклланиш тартибини бошқаришда бозор механизмларини жорий қилиш имконини беради. Бунда маҳсулотлар, ишлар ва хизматларга нархларни декларация қилиш тартибини босқичма-босқич қисқартириш, кейинчалик 2020 йилда уни бекор қилиш режалаштирилган.
Есемурат Каньязов, Тошкент давлат юридик университети ректори:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрда мамлакатимиз илм-фан намояндалари билан учрашувда мамлакатимиз олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлади. Мамлакатимизни келгуси беш йилда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида олий таълим соҳасини тараққий эттириш борасида ҳам комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Аслида ислоҳотлар ҳаётда тўла самара бериши, аввало, замонавий билим, кучли интеллект ва юксак маънавиятга эга кадрларга боғлиқ.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Дастурининг ишлаб чиқилиши мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига эришишда жуда катта аҳамиятга эга. Бунда академик соҳада, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ўқув жараёнини ташкил этиш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Натижада босқичма-босқич уларнинг мустақиллиги таъминланади. Яна бир масала – олий маълумотли кадрларимизнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш. Бугун дунёнинг ривожланган давлатлари кадрлар танлашда 1999 йил 19 июндаги Болонья декларациясига таянмоқда. Шу боис мамлакатимизнинг мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу билан миллий олий таълим тизими жаҳон амалиёти билан уйғун ривожланади, кадрлар тайёрлаш сифати кескин ошади.
Ҳаракатлар стратегиясида юридик кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Бунда университетимизнинг ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ваколатларини кенгайтириш, университетнинг жамоатчилик бошқарув органи – Ҳомийлик кенгашини тузиш режалаштирилмоқда. Халқаро суд ва арбитражларда иштирок эта оладиган, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган юридик кадрлар тайёрлаш, бу соҳада етакчи халқаро ташкилотлар, халқаро таълим муассасалари, илмий-тадқиқот муассасалари, маслаҳат марказлари, олим ва мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Ҳаракатлар стратегияси билан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада барқарор таъминлаш йўлидаги энг долзарб масалалар ечими, уларга эришиш йўллари ва усуллари белгилаб олинди. Халқимиз шу ягона мақсад йўлида янада қатъий ишонч ва катта ғайрат-шижоат билан меҳнат қилади.
ЎзА мухбири
Умид ЁҚУБОВ
ёзиб олди.