Никоҳ олди тиббий кўрикнинг аҳамияти

Нигора Фазлиддин деган йигитга унаштирилди. Тўйни “бир ойдан сўнг қиламиз” дея келишиб олган куёв томон негадир бир ҳафтадан сўнг уни тезлата бошлади.

Ахийри, ҳар икки қуда бир ҳафта ичида тўйни ўтказишга келишиб олишди. Куёв ҳатто тиббий кўрикдан ўтиш ҳам гаплашиб қўйилганини айтди. Чиндан ҳам 3-4 кун ўтгач, икки ёшнинг тиббий кўрикдан ўтгани ҳақидаги қоғозлар тайёр бўлди.

Тўйдан икки кун ўтиб, ёш келиннинг қувончи интиҳосига етди. Куёвбола уйга кираётганда тўсатдан ерга юзтубан йиқилиб, оғзидан кўпик сочиб, қалтирай бошлади. Нигора қўрқувдан унга қандай ёрдам кўрсатишни ҳам билмай саросимада қолди. Албатта, аввалдан бундан хабардор бўлган Фазлиддиннинг яқинлари унга ёрдамга шошилишди. Ана шу воқеадан кейин куёв бўлмишнинг аввалдан тутқаноқ касаллиги борлиги аён бўлди…

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси бўйича никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болаларнинг туғилишини олдини олишдан иборат.

Шу боис, мамлакатимизда никоҳланувчи шахсларни қандай фуқаролигидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча фуқаролар “Оила” кодексига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Никоҳланувчи шахслар руҳий касалликларни аниқлаш, гиёҳвандлик, таносил, сил ҳамда ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) ва ОИТС(одам иммун танқислиги синдроми) касалликларининг олдини олиш юзасидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар.

Бунинг учун никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ томонидан яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли тиббиёт муассасаларига юборилади ва берилган йўлланмага асосан текширувдан бепул ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахсларнинг тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб, икки ҳафтадан ошмаслиги керак.

 

Кўрикдан ўтаётган шахсларга белгиланган шаклдаги алоҳида тиббиёт картаси очилиб, унда текшириш натижалари тўлиқ акс эттирилади.

 

Айтиш лозимки, никоҳни қайд этишда ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий-кўрикдан ўтгани ва уларнинг текшириш натижаларидан никоҳ қайд этилгунга қадар икки томонни ҳам хабардор қилишлари шарт. Тиббий кўрикдан ўтилгандан сўнг никоҳ тузилишига тўсиқ мавжуд бўлмаган тақдирда буни амалга ошириш мумкин бўлади.

Агар тиббий текширув натижалари даволаш курсидан ўтишни талаб этса, касаллик аниқланган шахс белгиланган тартибда тегишли даволаш муассасасига йўналтирилади. Текширилаётган шахс яшаш жойидаги маслаҳат комиссияси хулосасига рози бўлмаган тақдирда такрорий тиббий кўрик вилоят ёки республика муассасаларида ўтказилади.

Яна ўқинг:  УМУРМИ, УМИРМИ ЁКИ УМР

Мамлакатимизда никоҳдан ўтувчи шахсларнинг никоҳолди тиббий кўрикдан ўтишлари нафақат оила саломатлиги, балки дунёга келадиган келажак авлоднинг саломатлиги учун ўта муҳим тадбирдир.

 

Севара ЖАЛИЛОВА,

пойтахтимиздаги 3-сон “Никоҳ уйи” иккинчи тоифали иш юритувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: