Мактабгача таълим тизими такомиллашмоқда
Бундан икки йил аввал янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган ва айни пайтда 200 нафардан ортиқ бола тарбияланаётган Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 10-мактабгача таълим муассасасида барча шароит яратилган.
Ушбу даргоҳда фаолият бошлаган қисқа муддатли гуруҳларда 40 нафардан ортиқ тарбияланувчи кунига 3-4 соатлик машғулотларда иштирок этмоқда.
Бундай гуруҳларда атроф-муҳит билан танишиш, расм чизиш, жисмоний чиниқиш, турли ўйинчоқлар ясаш, нутқ ўстириш, математика билан шуғулланиш каби машғулотлар қатъий жадвал асосида олиб борилаётир. Тўгаракларда яқинда нашр этилган шеър, ҳикоя ва эртаклардан иборат 50 номдаги китоблардан самарали фойдаланилмоқда.
Мазкур муассасада Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга ошириладиган ишларга бағишланган медиа-тур ўтказилди.
Қарорга мувофиқ, бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида қисқа муддатда тизимда мактабгача таълимнинг янги муқобил шакли яратилди. Унга кўра мактабгача таълим муассасалари таркибида таълимнинг ушбу босқичига қамраб олинмаган 5-6 ёшдаги болалар учун қисқа муддатли – кунига 3-4 соатлик машғулотлар ўтиладиган мактабга тайёрлаш гуруҳлари ўз фаолиятини бошлади.
Ҳозир мамлакатимиз бўйича 2 минг 300 дан ортиқ ана шундай гуруҳлар ташкил этилиб, уларда 49 минг 243 нафар бола таълим-тарбия олмоқда.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида 2017–2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра тизимда мавжуд “Болажон”, “Билимдон” дастурларини янада такомиллаштириш, шунга мос ўқув-методик адабиётлар яратиш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш учун муқобил дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилади. Кўрилаётган чора-тадбирларнинг дастлабки натижалари сифатида тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болалар учун ташкил этилган қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти билан таништирилди.
Наврўз НОРБОБОЕВ