Виртуал қабулхона: муаммолар ўз ечимини топмоқда

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиб бориш, мухтасар айтганда, бу борада ахборот эркинлигини таъминлаш демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқлари ҳимояси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрда кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни билан мустаҳкамланди. Чунки, қонун асосида ушбу соҳадаги қонун бузилиши учун жавобгарлик белгиланиб, давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби янада аниқлаштирилди.

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонаси тест режимида ишлай бошлади. Виртуал қабулхона манзили – pm. gov.uz.

Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва шикоятларини қабул қилади.

Веб-сайт фойдаланувчилари юқоридаги манзилга кириб, махсус шаклини тўлдириш орқали ўз аризалари, шикоятлари ва таклифларини қолдиришлари мумкин.

Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

“Мен бу йил таълим кредити олиш учун “Микрокредитбанк”нинг Қумқўрғон туман филиалига мурожаат қилган эдим. Мурожаатимни қабул қилишди. Улар кафилларнинг мажбуриятномасини беришди. Кафилларимнинг ишлаш жойидаги масъул шахслар мажбуриятномага муҳр қўйиб беришдан бош тортишди. Эшитишни ҳам хоҳламади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Муаммоимни ўз вақтида ҳал қилиб бергани учун ота-онам ва оилам номидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ва Виртуал қабулхона ходимларига ўз миннатдорлигимни билдираман”, дея хат йўллаган Сурхондаё вилояти, Қумқўрғон тумани, “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммадали Жўраев.

Мен туман марказий поликлиникасида болалар жарроҳлик хонасида ҳамшира бўлиб ишлар эдим. Бир муддат ўнг чаноқ сон бўғими сили билан оғридим. Шу боис, бир йил касаллик варақаси олдим.

Ишга қайтсам, аризамни қабул қилишмади. Наманган вилоят силга қарши диспансеридан рухсатнома олиб келинг, деди. Рухсатномани олиб келсам ҳам ишга олишмади. Вақтинча жой йўқ, деб мени сарсон қилишди. Қарамоғимда уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ишламайди. Мен ҳам ишсиз қолдим.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаатимдан сўнг Наманган вилояти, Уйчи туман тиббиёт бирлашмасининг 2016 йил 15 октябрдаги 240-2 сонли буйруғи билан туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникасига катталар жарроҳлик хонаси ҳамшираси вазифасига 1,0 штат бирлигида ишга қабул қилиндим. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдираман, дея мактуб йўллаган Наманган вилояти, Уйчи туманида яшовчи Ҳабиба Қирғизова.

Шу ўринда яқинда қабул қилинган “Электрон ҳукумат тўғрисида” ги қонун бу борада яна бир муҳим қадам бўлгани ва мамлактимизнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётини таъминлашда муҳим омил бўлганини таъкидлаш жоиз. Бу фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб этиш, ахборотдан ҳамда замонавий давлат электрон хизматларидан фойдаланиш тизимларини ривожлантириш учун зарур ташкилий-техник шароитлар яратишга хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015/1)

Сўнгги йилларда жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақида ҳабардор қилишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик баъзаси яратилганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни бу борада амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси имкониятларидан тўлақонли ва мақсадли фойдаланиш учун тавсиялар:

  1. Бир мурожаатда мазмуни бўйича фақат битта масала кўтарилгани маъқул. Агар ечимини кутаётган муаммолар кўп бўлса, уларнинг ҳар бирини алоҳида мурожаат сифатида юбориш мақсадга мувофиқ. Шунда масаланинг тезкор ечимини назорат қилиш осонроқ бўлади.
  2. Мурожаат матнини қисқа, лўнда ва тушунарли қилиб ёзиш керак. Агар мурожаат билан боғлиқ қўшимча маълумот керак бўлса, мурожаатчидан бемалол сўраб олиниши мумкин.
  3. Агарда аввал қайсидир давлат органига мурожаат қилинган бўлса ва у ердаги мансабдор шахс томонидан масала жойида ҳал этилиши ўрнига пайсалга солинган ёқи кўпол муомала қилинган бўлса, албатта ушбу шахснинг исм-шарифи ва лавозимини кўрсатинг. Ана шунда мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
  4. Агарда тегишли давлат органига “ишонч телефони” ёки интернетдаги веб-сайти орқали аввал мурожаат қилган бўлсангиз ва у ёрдам бермаган бўлса, бундай далилни албатта кўрсатинг. Шунда ўша давлат органи ўзига тегишли хулоса чиқариши ҳамда жойлардаги ишонч телефонлари ва веб-сайтларини тўғри ишлаши чоралари кўрилади.
  5. Мурожаатингизда имкони борича нимани сўраётганингизни аниқ кўрсатинг.

 

  1. gov.uz портали манбалари асосида Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: