Ўзбекистонда 1994 йилдан буён 55 тоннадан ортиқ наркотик модда йўқ қилинди

Мамлакатимизда гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича давлат тизими шаклланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бу тизимнинг муҳим бўғини бўлиб, ушбу йўналишда самарали фаолият юритмоқда.

Мазкур марказ ташкил этилганига 20 йил тўлди. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 7 ноябрдаги қарори билан Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссиясининг ижрочи органи сифатида ташкил этилган. Шу муносабат билан ташкил этилган матбуот анжуманида марказ директори А. Мансуров ва бошқалар мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам шу мақсадга хизмат қилаётир.

Миллий қонунчиликда гиёҳвандликка оид жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган. Ўзбекистон 1995 йилда БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган ва унда белгиланган вазифаларни тўла бажариб келмоқда.

Марказ бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари устидан назорат соҳасида давлат стратегиясининг асосий йўналишларини белгилаш ва амалга оширишда бевосита иштирок этмоқда. Ўтган даврда наркотик моддаларнинг тарқалиши ва ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича учта узоқ муддатли чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, амалга оширилди. Ҳозирги кунда мутасадди вазирлик ва идоралар, шунингдек, жамоат ташкилотлари иштирокида 2016–2020 йилларга мўлжалланган дастур ижроси изчил таъминланмоқда.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик профилактикаси соҳасида ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Гиёҳвандлик билан бирламчи касалланиш кўрсаткичи кескин камайган.

Марказ томонидан идоралараро маълумотлар базаси яратилди ва жорий этилди. Бу база энг илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ўзаро маълумотлар алмашинувида муҳим ўрин тутмоқда.

Халқаро мажбуриятларни ижро этиш доирасида ҳар йили 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш кунида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мусодара этилган наркотик моддалар анъанавий равишда ёқиб юборилмоқда. 1994 йилдан буён 55 тоннадан зиёд наркотик модда йўқ қилинди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: