Қароғида бахт инган аёл

Эрта билан ишга отланган Раъно Зокировани енгил автомашина зумда манзилга элтиб қўйди.

Уяна ўша қадрдон даргоҳ – “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Қашқадарё вилоят тиббий ижтимоий патронаж маркази биносига кириб бораркан, меҳрибон ҳамкасблари билан юз кўришишни ўйлаб, қалби қувончга тўлди.

…Бугун доимгидек ҳамкасблари навбатдаги хизмат сафарига ҳозирлик кўришмоқда. Педиатр, гинеколог, УТТ, ЭКГ мутахассислари, ҳамшира ҳамда ижтимоий ходимлардан ташкил топган гуруҳ Шаҳрисабз шаҳридаги “Наврўз” МФЙга жўнаш арафасида. Зарурий тиббий анжомлар, хайрия юки ортилган машина сафарга тайёр. Бригада раҳбари Лола опа Хўжамбердиева жамоаси билан тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар рўйхатини яна бир бор кўздан кечираркан, сафдошларига вазмин ҳолда бошини ирғаб, йўлга чиқиш мумкинлигини тасдиқлайди. Жамоа манзилни кўзлаб йўлга тушди.

Раънохон ойна ортидан атрофга разм соларкан, манзилни яқин ва енгил қилаётган йўлларнинг равон ва кенглигидан қувонади. Шу тобда беихтиёр, бундан йигирма йил муқаддам илк иш бошлаган кезларни кўз олдига келтирди. Тиббий ижтимоий патронаж бригадаси ташкил этилган йиллар эди, у пайтлар. Бундай қулай шарт-шароит қаёқда дейсиз!? Мутахассислар озчиликни ташкил қилар, зарурий тиббий асбоб-ускуналар етишмас, бори ҳам анчагина эскириб қолган эди. Аммо шунга қарамай, Жумақул Қурбонов, Аброр Қўлдошев каби устозларнинг заҳматкаш ва фидокорлиги туфайли мавжуд шароитда ҳам тунни кунга улаб, аҳоли саломатлигига камарбаста бўлишган. Инсонларнинг тиббий маданиятини оширишда ўз меҳнатини аямаган. Йўлларнинг ноқулайлиги-ю, об-ҳавонинг инжиқликларига парво қилмай, вилоятнинг чекка-чекка туманларига бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишган.

 

Қашқадарё вилоятида олиб борилган “Саломатлик” ҳафталиги давомида 26 та МФЙ, 29 та ҚФЙ ҳамда ҳарбийлар шаҳарчаларида истиқомат қилаётган 2 минг 158 нафар фертиль ёшидаги аёллар ва болалар кенг қамровли тиббий-ижтимоий кўрикдан ўтказилди.

 

Эндиликда барчаси буткул ўзгача. Сўнгги йилларда аҳолининг тиббий маданияти янада ошди. Раънохон кўрик пайтида ҳам бунга кўп бора амин бўлди. Авваллари кам таъминланган, тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни тиббий кўрикка жалб этиш кўп вақтни талаб этган бўлса, эндиликда аҳоли ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳолда бундай тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Албатта бунда вилоятнинг мутассадди ташкилотлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда олиб борилган ижтимоий ҳамкорлик яхши самара бераётир. Аммо Раъно Зокированинг вазифаси биргина бу эмас. Унинг зиммасига моддий ёрдамни ўз эгаларига манзилли етказиб бериш ҳам юклатилган. У ҳамкасблари билан дори-дармон, кийим-кечак, санитария-гигиеник воситалардан иборат хайрия ёрдамларини ўз эгаларига етказиб беради. Халқ тинчлиги, юрт фаровонлиги, савобли ишларга қут-барака тилаб қилинган элнинг дуосидан Қашқадарё тиббий ижтимоий патронаж бригадаси ходимларининг кўнгли тоғдек кўтарилади. Шаҳрисабз шаҳридаги “Наврўз” МФЙда ўтказилган тиббий кўрик давомида бундан бир неча йил муқаддам Германияда даволаниб келган Оғабек исмли болакайнинг онаси жамоага миннатдорлик билдириб кетгани ҳам тиббиёт ходимларига ўзгача кўтаринкилик бағишлади. Бундай самимий изҳорлар Раънохоннинг ҳаётида жуда кўп бўлган.

Яна ўқинг:  Эндокринология: соҳа ривожига бағишланган халқаро анжуман

Жамоа навбатдаги топшириқни адо этиб, ортга қайтаркан, руҳиятда енгиллик ҳис этишади. Шунда Раънохон дадаси Суннат аканинг “Дарахт бир жойда кўкаради, қизим! Умрнинг баракаси ва мазмуни кишининг тўғри танлаган касби корига боғлиқ”, дея айтган сўзларини ёдга олади.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: