Соғлом миллат буюк ишларга қодир

Xалқимиз бугуни ва эртасини фарзанди камолида кўради. Мамлакатимизда соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш масаласига мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб алоҳида аҳамият қаратиб келинади. Юртимизда олиб борилаётган барча эзгу ишлар замирида айнан баркамол авлод орзуси мустаҳкам ўрин эгаллагани бежиз эмас.

Ўтган йиллар мобайнида “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилиши натижасида – Скрининг ва Перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади. Барча скрининг марказлари мутахассислари Ўзбекистонда шу пайтгача эрта муддатларда ташхис қўйилмаган ва даволанмаган турли касалликларга ташхис қўйиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича янги усулларни ўзлаштирмоқда.

Бундан ташқари айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология, Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳамда ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда. Авваллари ҳомиладор аёллар ўз саломатлигини тўла-тўкис текширувдан ўтказиш учун пойтахтга келган бўлса, эндиликда республикамизнинг барча вилоятларида скрининг марказлари мавжуд бўлиб, у ерда кўплаб аёллар ҳомиладорликнинг 12 ва 14-20 ҳафтасида текширувлардан ўтишмоқда. Перинатал марказларида эса ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланмоқда. Айни чоғда бир килограмдан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар буткул соғломлаштирилаётгани, бахтиёр оилалар сафини кенгайтирмоқда. Ваҳоланки, бундан 20-25 йил олдин тиббиётимиздаги шароитлар талаб даражасида бўлмагани туфайли ҳатто 1,5 килограмм атрофида туғилган болаларнинг ҳам яшаб кетишига ишончсизлик билан қараларди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда болаларни ўн учта хавфли касалликка қарши режали эмлаш янада изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида юртимизда оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 7,5 йилга узайди. Албатта, ушбу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели қанчалик тўғри ва самарадорлилигини яққол тасдиқлаб турибди.

Болалар орасида туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги деган касаллик бўлиб, мурғак қалб эгалари ушбу нуқсон туфайли бу дунёнинг бебаҳо неъматларидан бири – эшитиш қобилиятидан маҳрум бўлиб қоладилар. Бундай хасталиклар бугунги кунда саноқли давлатлардагина даволанади. 2014 йилдан бошлаб, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш заифлиги бўлган болаларда кохлеар имплантация операцияси йўлга қўйилди.

Яна ўқинг:  Asalning ham ozi yaxshi

“Соғлом она ва бола йили”да тиббиёт муассасалари, хусусан, Перинатал ва Скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бу борада 280 ўринли ва йилда 1 минг 500 операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 4-даражали болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ўз навбатида, оналар ва болаларга юқори технологияли малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш, чақалоқлик давридан 18 ёшга тўлгунига қадар болаларга кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология, нефрология, онкология ва бошқа ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, болалар ўлими ва ногиронлигини камайтириш имконини беради.

 

Жорий йил 38 та туман тиббиёт бирлашмасининг бўлимлари ва туғруқ мажмуаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 11 та оилавий поликлиника ҳамда 244 та қишлоқ врачлик пунктини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади.

 

Бундан ташқари Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказининг 100 ўринга мўлжалланган даволаш-ташхис қўйиш корпусини қуриш ва жиҳозлаш, Хоразм вилоятидаги болалар силга қарши санаториясини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида 10 та ихтисослаштирилган республика тиббий маркази ташкил этилди. Улар хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, тиббий реаблитация, дерматология ҳамда венерология, фтизиатрия ва пульмонология ҳамда эндокринология каби йўналишларда фаолият олиб бормоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Республикамизда амалга оширилаётган оналар ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишнинг самарали стратегияларидан бири сифатида дунёда ўз эътирофини топаётганлиги ҳам бежиз эмас. Кейинги беш йил мобайнида нонормал ривожланган болалар туғилиши 1,3 баробар камайди. 6-15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш 9,7 фоиз, пневмония (зотилжам) билан 49,1фоиз, бронхит билан 32,8 фоиз, сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди.

Яна ўқинг:  Сурхонда бодом гуллади

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами янада йил сайин кенгайиб бораверади. Зотан, бу инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш мамлакатимизда доимий эътибор марказидаги асосий масалалардан бўлиб қолади, деганидир. Зеро, соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА,

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: