Аҳлоқ ва тарбиянинг шоир шеъриятидаги янгича талқини

Замонамиз шиддат билан ривожланаётган бугунги бир даврда ахлоқий масалалар тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай пайтда маънавият эшигини очиб, ёш авлодни эзгуликнинг янги гўзалликларидан баҳраманд қилиш ҳар бир ижодкор зиммасига улкан масъулият юклайди.

Марҳум болалар шоири Абдураҳмон Акбар шеъриятида ахлоқ ва тарбия масаласининг янгича талқини ва етакчи ғоявий йўналиши ўзига хосдир. Севимли ижодкоримиз 54 йил умри давомида ёш авлод учун маънавият гулшанини яратиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

Бизга маълумки, шоирнинг бадиий иқтидори қай даражада эканлигини, у яратган образлар белгилаб беради. Сабаби образ осонлик билан юзага келмайди – шоирнинг ҳаётий кузатишлари, бадиий тўқимаси орқали умумлашган ҳолда шаклланади. Чунки адабиётнинг ўзи ҳам образли тафаккурдир.

Абдураҳмон Акбарнинг шеърларида яратилган образларда янгича мазмун ва янгича шаклнинг уйғунлигини кўришимиз мумкин. Яъни шоир халқ оғзаки ижодига таянган ҳолда янги эртаклар туркумини янгича талқинда яратган. Ижодкорнинг шеърий эртаклари ёш китобхонлар кўнглидан чуқурроқ жой олган. Унинг айниқса, “Илмнинг шарофати”, “Қора шақшақ”, “Она ҳурмати”, “Тадбиркор ўғил”, “Боғ” номли янги талқиндаги шеърий эртаклари болажонлар қалбини эзгулик нурларига тўлдирган.

Севимли шоиримизнинг “Боғ” номли шеърий эртаги мазмунан ҳикматга бой асар. Эртакда халқимизнинг бир қанча ижобий фазилатлари қаламга олинади. Асарда кекса боғбон чол, уч ўғлини дунёдаги энг қимматбаҳо дурни топиб келишга жўнатиб, айтилган дурни олиб келган фарзандига ўзи яратган муҳташам боғни мерос сифатида қолдиришни айтади. Мўйсафид айтган дунёдаги энг қимматбаҳо марваридни катта ва ўртанча ўғил келтиради, кенжа ўғил эса марварид ўрнига елкасида кўз ёшларини келади.

Моҳир шоиримиз ана шу кўз ёшлар орқали шеърий эртагининг асл ҳикматини баён қилади:

 

Кенжатойин атрофин.

Қариндошлар ўрабди.

– Ўғлим дуринг қани? – деб

Ота секин сўрабди.

Елкаларингда нелар

Порламоқда зардайин?

Ҳа, билдим, сен дурларнинг

Тақволгансан атайин.

Улар дурмас, отажон,

– Дебди кенжа чайқаб бош.

Қани эди дур бўлса,

Булар – бор-йўғи кўз ёш…

 

Кенжа ўғил сафари давомида отаси айтган дурни топа олмаганини, йўлда эса сигири ўлиб қолган етимларга дуч келганини ва уларга меҳрибонлик қилиб, ўз пулига бозордан сигир ҳамда егуликлар олиб берганини айтиб беради. Бу ишидан болакайлар ва уларнинг онаси жудаям ҳурсанд бўлиб, кенжа ўғилнинг елкаларига бошларини қўйиб, йиғлаганларини сўзлайди. Оқил фарзандидан бу гапларни эшитган доно чол боши кўкка етиб, ўғлининг юзи-кўзидан ўпиб, қучоқлаб, унга шундай деди:

Яна ўқинг:  Фотиҳ ва файласуф

 

Инсоний вазифангни

Ўғлим, этибсан адо.

Сен келтирган бу дурлар.

Жами бойликдан аъло.

Олийжаноблик қилиб,

Фарзандим, энг керак чоғ

Соғирларнинг қалбида

Яратиб қўйибсан боғ.

Етимнинг севинч ёши

Мингларча дурдан авзал.

Мен боғ эгасин топдим,

Масала шу топда ҳал:

Эй, севикли фарзандим

Яратганга минг раҳмат.

Боғга эга бўлишга.

Ўзинг ҳақлисан фақат.

 

Реал ҳаётга назар ташласак, кўз ёшлар ожизликнинг табиий белгисидир. Худди шу кўз ёшлар бадиий адабиётда армон, соғинч, севинч рамзи бўлса, шоирнинг ушбу “Боғ” номли шеърий эртагида чексиз миннатдорлик, шодлик тимсоли бўлиб, янгича мазмун касб этмоқда. Абдураҳмон Акбар ижоди тугалмас ҳикмат булоғига ўхшайди. Бу булоқнинг сувидан ичган китобхон яна ва яна ичкиси келаверади.

 

Ҳилола ХЎЖАМИЁРОВА,

Қумқўрғон “Қорсоқли” хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: