Нафосат маликалари

Бундан бир неча йил аввал гимнастика машғулотларини ёритиш учун юртимиздаги спорт секцияларидан бирига боргандим. Эсимда, ўшанда кеч куз маҳали эди.

Ташқари совуқ бўлгани учун, йўл юриб спорт залида исинишни ният қилдим. Манзилга етиб боргач, барча умидларим пучга чиққанини англадим. Боиси, бу жой совуқдан анчагина зах босган, қолаверса, этни жунжиктирадиган даражада файзсиз эди. Спорт залида машғулот ўтаётган қизлар устки кийимда, қўлқопларда машқ қилишлари мени таажжубга солди. Энг ҳайратланарлиси, бадиий гимнастиканинг ниҳоятда мураккаб элементларини қизлар шундоққина тахтанинг устида, бирон бир тўшамаларсиз бажарардилар.

Бу воқеадан кўп вақт ўтмай, она Ватанимиз истиқлолга эришди. Натижада мамлакатимизда нафақат бадиий гимнастика, балки спорт гимнастикаси, батутда сакраш, акробатика спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Жумладан, юртимизда Гимнастика федерацияси ташкил этилиб, дунёда тенгсиз, энг замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган муҳташам спорт иншооти барпо этилди. Ана шундай эътибор самарасида терма жамоамиз натижалари ҳам халқаро миқёсда йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Бундай замонавий шароитлар нафақат пойтахтимизда, балки вилоят ва туманларимизда, чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам яратилган. Эътиборлиси, ота-оналар қизларининг жисмонан соғлом, қадди-қомати расо бўлишини ният қилиб, уларни гимнастика секцияларига олиб боришаётганини айтишмоқда.

Болалигида вилоятнинг чекка туманида спорт билан шуғулланиб, мустақиллик шарофати ила Олимпия ўйинларида иштирок этган қизлар ҳақида эшитганмисиз? Ҳа, бу йил бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор Олимпия ўйинларининг жамоавий баҳсларида қатнашди. Эътиборлиси, термамиз таркибида пойтахтлик қизлар қаторида Қашқадарё ҳамда Навоий вилояти вакилалари ҳам катта спорт байрами ҳавосидан нафас олиб қайтишди. Буларнинг бари юртимизда гимнастика спорт турларининг тобора оммалашиб бораётганидан далолат беради.

– Истиқлолдан кейин бадиий гимнастика спорт тури ривожи янги босқичга кўтарилди. Ҳозирга келиб, республика бўйича ўттиз мингдан зиёд қизлар мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактаблари секцияларида, коллеж-лицей ҳамда спорт мактабларида ушбу спорт тури билан шуғулланишмоқда, – дейди Ўзбекистон Гимнастика федерацияси бош котиби Гўзал Филиппова. – Ҳар йили энг сўнгги русумдаги анжомларни ҳарид қилмоқдамиз. Фарзандларимиз энг яхши жиҳозлардан фойдаланиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини ҳис қилишларини хоҳлаймиз. Бугунги кунга келиб, яратилган шароитлар, кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли спортчиларимиз халқаро ареналарда юқори натижаларга эришмоқда.

Яна ўқинг:  Президентимизнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз

Қобилиятли қизларимиз турли халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганда, кўзлари қувонч ёшларига тўлади. Шу муқаддас Ватанда туғилиб вояга етаётганлигидан, Ўзбекистон деган диёрнинг фарзанди эканлигидан фахрланади. Дунё кўрган, жаҳон ареналарини забт этган Жамила Раҳматова, Анастасия Сердюкова каби ёшларимиз барчамизнинг ҳавасимизни келтиради.

Ҳа айтганча, ҳикоям бошида айтган гимнастика секцияси тарбияланувчилари ҳозирда мураббийлик фаолиятини олиб боришмоқда. Ёш мураббиялар шогирдларини мусобақа пайтида гиламга кузатишар экан, уларнинг кўзларидан эртанги кунга ишончни пайқаш мумкин.

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: