Рангин туйғулар намойиши
Тошкент Фотосуратлар уйида “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Халқ таълими вазирлиги, Бадиий академия, “Сен ёлғиз эмассан” республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу танлов ўсиб келаётган ёш авлодни маънан баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Танловда мамлакатимиздаги “Меҳрибонлик” уйларининг бир минг беш юз нафар тарбияланувчиси иштирок этди. Кўргазмага қўйилган ижодий ишларда ифодаланган самимий, беғубор туйғулар тасвири, манзаралар томошабинларда ёрқин таассурот уйғотди.
– Танловда “Қушларда ҳам меҳр бор” номли ижодий ишим билан қатнашяпман, – дейди Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси, 9 ёшли Мария Ошувалова. – Бу ишларимни рангли қоғоз, мато, қамиш каби материаллардан аппликация усулида тайёрладим. Юртимизда тинчлик ҳукм сураётганини ўз асаримда ифодаладим. Зеро, қушлар осойишта жойларда қўним топадилар.
Танлов якунида 4-10,11-16 ёшлилар ўртасида тасвирий ҳамда амалий санъат йўналишларида 12 нафар ғолиб аниқланди. Уларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Н. НОРБОБОЕВ