Гул диёрнинг бахтёр болалари

Ватанимизнинг мустақилликка эришиши ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан янгиланиш ва миллий тикланишга кенг йўл очди.

Шу кунларда бутун мамлакатимизда қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонлаш учун қизғин тайёргарлик давом этмоқда. Президентимизнинг шу йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори энг улуғ, энг азиз айём бўлган ушбу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш борасидаги дастурий ҳужжат сифатида барчамизни чексиз қувонтирди.

Чорак асрлик бу муддатда амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар асрларга татигулик. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ ҳаётимизда катта ижобий ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва дунё миқёсида миллий тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилаётган бозор иқтисодиётига ўтиш йўлининг асосий тамойилларидан бири – кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати этиб белгилангани бежиз эмас. Шу асосда мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб кучли ижтимоий ҳимояга асосланган давлат қуриш ғоясини ҳаётга татбиқ этишга киришилди.

Албатта, бундай оқилона сиёсат одамлар кўнглида умид, орзу-ҳавас уйғотди, юртдошларимизда эртанги кунга нисбатан ишонч пайдо бўлди. Негаки, “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, ислоҳот – инсон учун” деган ғоя мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларимизнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган туб янгиланишларнинг муносиб самаралари тимсолида изчиллик билан ўз тасдиғини топа бошлади.

Бугунги кунда жамиятнинг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари учун етарлича шароит яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борадаги эзгу ишлар ўтган даврда юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган катта эътиборда, жумладан, ёш авлодимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва иқтидорини юзага чиқариш учун зарур қонунчилик базаси шакллантирилгани мисолида ўз аксини топди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга доир давлат сиёсатини амалга ошириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунга ёрқин мисол бўла олади.

Маълумки, 1991 йилдаёқ “Ўзбекистон Республикасида ёшларга доир давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Ушбу қонун билан изма-из юртимизда йигирмадан ортиқ қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, шунингдек, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида” каби қонунлар қабул қилинди. Табиийки, давлатимиз раҳбари томонидан йилларга “Соғлом авлод йили”, “Ёшлар йили”, “Соғлом бола йили”, “Соғлом она ва бола йили” каби ном берилиши замирида ҳам инсон манфаатлари, шу жумладан, навқирон авлодимизга нисбатан юксак ғамхўрлик мужассамдир.

Яна ўқинг:  Қадрига етган қувватга тўлар

Айни мавзуда сўз юритганда, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юзага келгани ва ҳаётга чуқур татбиқ этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳозирги кунда жаҳон жамоатчилиги ушбу дастурнинг афзалликларини эътироф этиб, Ўзбекистонимизнинг бу соҳадаги тажрибасини ўрганаётгани ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлайди.

Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ёшларимизга билим бериш мезонларини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, реал иқтисодиётнинг барча тармоқлари учун юксак салоҳиятли, мустақил фикр юритадиган, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, таълим сифати ва мазмунини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Натижада, 1997 йилдан 12 йиллик таълим тизимига ўтилгач, юртимизда 1 минг 700 га яқин касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар – Истиқлол даврининг замонавий таълим масканлари бунёд этилди.

Бугунги кунда замон талаблари даражасида қайта қурилган, реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган мактаблар сони ўн мингдан ортди. Янгидан-янги олий ўқув юртлари ташкил этилмоқда. Бу таълим даргоҳларининг барчаси энг замонавий дарсликлар, ўқув қуроллари ва бошқа барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Агар кейинги 25 йил ичида уруш ўчоғига айланган баъзи давлатларда мактаб, болалар боғчаси учун ҳатто бир дона ҳам ғишт қўймаганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу факт ва рақамларнинг залвори нечоғлик улкан экани ўз-ўзидан ойдинлашади.

Бугун мамлакатимиз аҳолиси 31 миллион нафардан ошди. Бу, албатта, аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ортиб, нарх-навонинг ўсишига олиб келадиган омил ҳисобланади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари ушбу йўналишда ҳам узоқни кўзлаб, оқилона сиёсат олиб борганини таъкидлаш жоиз.

Яъни, Президентимиз томонидан 2009 йил 3 августда “Қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши натижасида намунали лойиҳалар асосида ҳар йили ўн минглаб уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Халқимиз сифатли ва арзон истеъмол маҳсулотлари билан мунтазам равишда ҳамда етарли даражада таъминланмоқда.

Ҳа, Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги ютуқларини дунё эътироф этаяпти. Бу сўзларни айтиш осон, айни чоғда, ана шу ютуқларимизнинг замирида қанча меҳнат, машаққат, билим, узоқни кўра билишдек доно сиёсат, катта обрў ва эътибор мужассам эканини ҳам унутмаслигимиз даркор. Истиқлолгача бўлган даврда оналар ва болалар ўлими юқорилиги бўйича собиқ Иттифоқнинг ўн беш та республикаси ичида биринчи ўринда турган Ўзбекистон бугун болалар саломатлиги бўйича энг кўп ғамхўрлик қилаётган 10 та мамлакатнинг бири сифатида дунёга намуна бўлаётганидан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.

Яна ўқинг:  Соғлом руҳ танни даволайди

Мамлакатимиз бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг баҳолашича, дунёдаги 125 та давлат орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида ҳам етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Масалан, сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1, 8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик, яъни хотин-қизларда камқонлик даражаси 2, 5 марта пасайди.

Шу билан бирга, мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 7, 5 йилга – 66 ёшдан 73, 5 ёшга, хотин-қизларнинг ўртача умр кўриши эса 75 ёшга узайгани ғоятда аҳамиятли натижалардир.

Бугун дунё аҳли Ўзбекистон ёшларининг ҳар томонлама юксак салоҳиятига қойил қолиб, турли фан олимпиадалари ғолиблари, жаҳон санъати ва спорти саҳнаси қиролига айланган болаларимизнинг истеъдодига ҳавас қилмоқда. Хусусан, Бектемир Мелиқўзиев, Диёра Келдиёрова, Беҳзод Абдураҳимов, Исломбек ва Жавоҳир Синдоров каби минглаб фарзандларимиз ноёб истеъдоди билан дунёга танилди.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки мустақиллигимизнинг биринчи куниданоқ ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камолоти учун қайғурилди, маблағ аялмади. Ҳар йили давлат бюджети тасдиқланганида ижтимоий соҳага катта эътибор берилганини кўрамиз.

Шу жумладан, спортни ривожлантиришга эътибор, бу – соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш дегани. Шу мақсадда мамлакатимизда жуда катта ишлар қилинди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаби, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншооти бунёд этилгани бунинг ёрқин исботидир.

Натижада сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан – 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан – 47 фоизга етди. Табиийки, бу соҳадаги ишлар янада изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Яхши эслаймиз, бундан 25 йил олдин давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг истиқбол йўлини белгилаб бериш асносида: “Ишонинглар, Ўзбекистоннинг келажаги албатта буюк бўлади!” деган даъваткор сўзларни айтган эди. Ана шу эзгу ғоя истиқлол йилларида ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз ижобатини топаётганини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди.

Дилафрўз ЗАЙНИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: