Ўспиринлик: бу даврда фарзандингизга янада эътиборли бўлинг

Фарзандларимизнинг вояга етиш жараёнида жисмоний ва руҳий ўзгаришларни англаш, уларда ижобий муносабатларни шакллантириш ота-оналар ва биз катталарнинг олдимиздаги энг масъулиятли вазифадир.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ўсмирлик даврида организмда ички секреция безлари фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар рўй беради. Айниқса, қалқонсимон ва жинсий безлар ажратиб чиқарадиган гормонлар организмда модда алмашинувининг катализатори вазифасини бажаради. Эндокрин ва асаб тизими бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, бу ўсмирда қувватнинг кескин ортиши ва патоген таъсирларга ўта сезгирлик билан характерланади. Ўсмирларда ақлий ёки жисмоний ортиқча толиқиш, узоқ муддатли асабий зўриқиш, аффектлар, кучли салбий ҳиссиётлар (қўрқиш, ғазаб, хафагарчилик) эндокрин ва асаб тизими функциясининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўсмирлик даврининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири ҳиссиётга кўп берилишдир. Бу ҳолат бола дунёга келганидан бошланади. Яъни, у онаси ва атрофдагиларнинг меҳр-муҳаббатини намоён этишига, эркалашига эҳтиёж сезади. Шу боис, болаларнинг бошини силаб, ёқимли сўзлар билан уларга далда берилса, фарзанд хурсанд бўлади, меҳр кўрсатаётган шахсга талпинади. Кичкина ҳаётида дуч келган муаммоларини ҳал қилишда катталар ёрдамига муҳтожлик сезади ва уларга интилади.

Шунингдек, ўсмирлик даврида болалар ўз хонасида ёлғиз қолишга, айниқса, ота-онаси, оила аъзолари назаридан четроқда бўлиб, ўй-хаёллари билан машғул ҳолда вақт ўтказишни истайди. Кўпроқ тенгдош ва яқин ўртоқлари билан мулоқотда бўлишга интилади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Фарзандида кузатилаётган ўзгаришларнинг сабабини тушунмаган айрим ота-оналар бундай ҳолатдан хавотирга тушади. Натижада фарзанд ва ота-она ўртасида ўзаро келишмовчиликлар юзага келади.

Маълумки, ўсмирлик даврида боланинг “мен”и шаклланади. Шахс эгоцентризми (ўз-ўзини қадрлаш) бошқа даврдагиларга қараганда юқори даражага етади. У ўз шахсиятини бошқалардан устун қўядиган, ўзига бино қўядиган бўлиб қолади. Уларда шунчаки катталарга тақлид қилиш эмас, балки тор маънода ўзининг хатти-ҳаракатини назорат қилиш, юриш-туриш, кийиниш, ташқи кўринишга эътибор бериш, пардоз-андоз қилиш каби ҳолатлар кузатилади. Бу даврда жинсий безлар ишлаб чиқадиган гормонлар таъсирида ўсмир организмида ўзгаришлар рўй беради. Яъни, тана тузилиши бузилади (гавдасида бесўнақайлик сезилади), товуш ўзгариб, дўриллайди. Жинсий балоғатнинг бошланишида юзга сепкиллар тошади. Булар ўсмир учун кутилмаган, исталмаган ҳолатлар бўлиб, бу унинг таъсирчанлик ва жиззакилигининг ортишига сабаб бўлади. Ушбу даврда ўсмирнинг ташқи кўриниши, шахсиятига оид тегишли арзимаган ножўя гап жиддий салбий кечинмаларнинг юзага келишига асос бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Осуда уйқу учун шинам макон танлаймиз

Жинсий балоғатга етиш даврида ҳар бир ота-она ўз фарзандининг организми ва унинг руҳиятида рўй берадиган бундай табиий ўзгаришлардан хабардор бўлиши, ўсмирликдек оғир, мураккаб даврни жиддий, салбий асоратларсиз кечишини таъминлайди.

Шунинг учун ота-она ва ўқитувчилар ҳозирги кун ўсмир психологияси, психофизиологияси масалаларига оид энг замонавий илмий маълумотларни билиши ва ўзаро муносабатларда ундан ўринли фойдалана олиши лозим.

 

Лутфилла ТУРСУНОВ,

психология фанлари номзоди, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: