Сил бедаво дард эмас

агар касалликка ўз вақтида эътибор берилса, ундан бутунлай халос бўлиш мумкин

 

Ҳозирги пайтда сил касаллиги дунёнинг барча мамлакатларида кузатилиб, ногиронлик ва ўлимга олиб келувчи хасталиклар орасида етакчи ўринни эгаллаб турибди. Эпидемиологик таҳдид солаётган бу касаллик ер куррасида долзарб муаммога айланиб, унга қарши курашда якдилликни тақозо этмоқда. Мамлакатимизда, хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам сил касаллигини олдини олиш, уни эрта аниқлаш, ўз вақтида даволаш ишлари олиб борилмоқда.

 

Тўлқин АШУРОВ,

Вилоят сил касалликлари диспансери бош шифокори:

Сил ижтимоий касаллик бўлиб, унинг келиб чиқиш сабаблари турмуш тарзи, теварак-атроф ва бошқа ташқи омилларга боғлиқ. Ҳукуматимиз аҳолини бундай хавфли касалликлардан муҳофаза қилиш ва тиббий хизматни яхшилашга қаратилган вазифаларнинг ташаббускори бўлиб келмоқда. Жумладан, “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида ҳам тиббий хизмат сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техника базасини, жумладан, хайрия ташкилотлари ва ҳомийларнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига янада мустаҳкамлаш ва ундан самарали фойдаланиш устивор вазифалар қаторида белгиланган. Шу ўринда силга қарши курашда ДОТС дастури қўлланилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Бу дастурнинг асосий йўналиши ўпка силининг юқумли шакли билан касалланган беморларни лаборатория усули билан аниқлаш, уларни дори-дармонлари ўз вақтида олинишини кузатиш, даволаш ишларининг бориши ва натижаларини таҳлил қилишдан иборат.

Ҳудудимизда фаолият юритаётган Вилоят сил касалликлари шифохонаси, Қарши шаҳри ва барча туманлардаги сил касалликлари диспансерлари, Китоб туманидаги Ибн Сино номли катталар ва Вилоят болалар сил касалликлари сиҳатгоҳларида шифокорлар касалликни эрта аниқлаш, даволаш, олдини олишда самарали тиббий усуллардан фойдаланмоқда. Уларнинг барчаси жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган асбоб-ускуналар жиҳозланган. Масалан, 2014–2015 йилларда 400 ўринли Вилоят сил касалликлари шифохонаси 6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан капитал реконструкция қилинди. Вилоят сил касалликлар диспансерида 3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 85 ўринга мўлжалланган янги икки қаватли бино қурилди ва 85 ўринли бино капитал реконструкция қилинди. Шунингдек, жорий йилда 5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан диспансерда янги уч қаватли жарроҳлик мажмуаси қурилиши бошлаб юборилган бўлса, 30 ўринли болалар бўлими, лаборатория, ошхона ва кир ювиш хонаси капитал реконструкция қилинди.

Яна ўқинг:  Ёзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...

 

Рустам ДЎСТМУРОДОВ,

Ибн Сино номли сиҳатгоҳ бош шифокори:

Абу Али ибн Сино бундан минг йиллар олдин нафас аьзолари, ўпка силининг келиб чиқиш сабаблари, даво чоралари ҳақида маълумотлар берган. Аллома “Тиб қонунлари” асарида дарддан фориғ бўлишда дори-дармонлар билан бирга бадантарбия машқлари, вақтида овқатланиш ва дам олиш муҳим омил эканлигини кўрсатиб ўтган. Касалликнинг фаол жараёнида диспансерда ётиб даволанаётган кишилар йўлланма билан сиҳатгоҳимизга келгач, замонавий тиббиёт асослари ва қўшимча даволаш муолажаларини қабул қилади. Тоғ ёнбағрида жойлашган сиҳатгоҳимизда зарур микроиқлим мавжуд. Ҳудудда 2 минг дан зиёд дов-дарахт мавжуд. 5 минг тупдан зиёд атиргул ва бошқа гуллар атрофга ўзига хос чирой бахш этиб турибди. Демоқчиманки, куз ва баҳор ойларида қўзғайдиган сил касаллиги билан оғриганларга табиий иқлим шароитида кислородга бой ҳаводан нафас олиш имконияти бор. 200 ўринга мўлжалланган сиҳатгоҳимизда ҳозир 135 нафар бемор даволанмоқда. Айни пайтда уларнинг таомномасини дармондориларга бой озуқалар ва турли хил гиёҳлардан тайёрланган дамламалар билан бойитишга эътибор қаратаяпмиз. Физиотерапия хоналарида 12 турдаги тиббий ускуна бўлиб, беморлар навбати билан улардан фойдаланадилар. Даволаш машқлари хонаси ҳам зарур спорт жиҳозлари билан таминланган. Айниқса, шифобахш доривор ўсимликлар, мусаффо табиат, кўнгилли дам беморларнинг тезроқ соғайиб, оиласи бағрига қайтишида муҳим омил бўлаётир.

 

Шоҳиста СУЛТОНОВА,

диспансернинг болалар бўлими мудири:

Мамлакатимизда аҳолини силдан ҳимоя қилишнинг энг мақбул ва муҳим чораси бўлган эмлашга катта эътибор берилаётир. Бу ишга айниқса, чақалоқ дунёга келган дастлабки кунлариданоқ киришилиши катта аҳамият касб этади. 3-4 кунлик чақалоқ БЦЖ вакцинаси билан эмланиб, унинг организмида ушбу касалликка қарши ўзига хос иммунитет ҳосил қилинади.

Қайта эмлаш бола 7-15 ёшга кирганда амалга оширилади. Бундан ташқари касалликни эрта аниқлаш учун ҳар йили 14 ёшгача бўлган болаларга туберкулин синамаси қўйилади. Хасталикка чалинган ёки унга мойиллиги бор болалар лаборатория текширувидан ўтказилиб, даволаш муассасаларига ётқизилади сўнг сиҳатгоҳларга йўлланади. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда силнинг олдини олиш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ғамхўрликнинг аниқ ва мақсадли намунасидир.

 

Сайфулла БЕКТОШЕВ,

диспансер қошидаги ДОТС маркази раҳбари:

Мазкур долзарб муаммо олдида бугун нафақат мутахассислар, балки аҳоли ҳам кенг тушунча ва тиббий саводхонликка эга. Айниқса, ДОТС дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши даволанаётган беморларни ҳар томонлама қулай ва сифатли тиббий хизмат туридан фойдаланишга ундаган бўлса, иккинчидан, уларнинг ўз соғлиқларига нисбатан масъулиятлироқ бўлишга даъват этди.

Яна ўқинг:  Кўз ёшлар ғалаба олиб келмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу дастурнинг вилоятда татбиқ қилиниши шу ердан бошлаб бошқарилади. Жумладан, врачлар ва ҳамшираларни ўқитиш, тренинглар ўтказиш ўз вақтида ташкиллаштирилмоқда Касалликни аниқлаш, даволаш жараёнларининг бориши, лабораториялар фаолияти кузатиб борилмоқда. Кузатиш, жамлаш ва бошқа юмушлар компьютер орқали бошқарилади. Айтиш керакки, вилоятдаги мавжуд шифохона, туманлардаги диспансерлар Бельгиянинг “Damein fond” ва Германиянинг “KFW bank” ташкилотлари томонидан бепул тиббий асбоб-анжомлар, лаборатория жиҳозлари, дори-дармонлар билан таьминланган. Воҳанинг энг олис бурчагидаги ҚВП ва бошқа тиббиёт муассасаларидан шифокорлар ДОТС дастури асосида ўқитилган. Дастур йўл-йўриқлари билан қуролланган тиббиёт ходимлари касалликни эрта аниқлаш ва даволаш ишларининг самарадорлиги учун ўз ишларига билим ва малака билан ёндашмоқдалар.

 

Нигора ХОЛИҚОВА, Вилоят болалар сил касалликлари санаторийси бош шифокори:

Нафас аъзолари, ўпка сили ва силнинг бошқа тури билан оғриганларни табиатнинг ўзи даволайди, деган ҳикматли сўз бежиз эмас. Санаториямизга вилоятимизнинг турли бурчакларидан болалар келиб соғлиқларини тиклайдилар. Бу ерда болалар аввало қайта текширувдан ўтказилади. Сўнгра улар қўйилган ташхис бўйича даво муолажаларини оладилар. Шу билан бирга ўқувчилар сиҳатгоҳимиздаги мактабда таълим-тарбия оладилар. Тўгаракларда қатнашиб, ўзлари қизиққан касб-ҳунарлар билан машғул бўладилар. Табиат қўйнига саёҳат эса танага куч-қувват бағишлайди. Чунки, табиат мўъжизаларидан завқланиб, хуш таассуротларга эга бўлиш, болаларга кўтаринки кайфият бағишлайди. Бу ҳам касалликни бир қадар чекинишига олиб келади. Спорт майдончалари, ўйингоҳ, дам олиш хоналари, клубда ўтказиладиган тадбирлар болаларга руҳий озуқ бағишлаб, малҳам бўлувчи дориларнинг қувватини, самарасини янада оширади.

Жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган сил касаллиги дунё тажрибаси, тадқиқотлар натижаларидан маълумки, давосиз эмас. Аввало, инсоннинг ўзи соғлигига эътибор қилиши зарур. Тиббиёт фани эришган ютуқлар эса хасталикни бартараф этишга қодир. Ўзини, яқинлари, атрофдагиларни ўйлаган хаста киши албатта, касалликдан фориғ бўлиш учун ўзида куч топа олади.

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига кўра, ҳар йили ер юзида 8-10 миллион киши силга чалинади. Айни пайтда дунё бўйича 1, 7 миллиард киши ана шу касалликдан азият чекаётир. Ҳар йили улардан 3 миллион нафари, шу жумладан, 300 минг нафар бола ҳаётдан кўз юмади.

Яна ўқинг:  Ёруғлик кучи безгак эпидемиясини тўхтатади

 

Шоҳиста БОЗОРОВА,

Қашқадарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: