БОЛАЛАР ОЁҚ КИЙИМИ
гигиеник жиҳатдан қулай, ҳамёнбоп ҳамда сифатли бўлиши зарур
Бир маҳсулотни харид қилишга чоғланар экансиз, албатта, унинг сифати ва нархига эътибор қаратасиз. Айниқса, поябзалнинг қулай ва бежиримлиги ҳаракатни равонлаштиради, ҳамда соғлиқни мустаҳкамлайди. Хусусан, болалар оёқ кийими фарзандингизнинг дуркун улғайишини таъминлайди. Бу борада эса “Ўзбекчармпойабзали” уюшмасининг хизмати катта.
Уюшма Президентимизнинг 2000 йил 23 февралдаги фармонига асосан ташкил этилган. Унинг таркибида 250 нафардан зиёд корхона фаолият олиб бормоқда. Уларда 26 минг нафардан зиёд малакали ишчи-хизматчилар меҳнат қилаётир.
Ҳар бир маҳсулотнинг сифати аввало уни тайёрлаш учун ишлатилаётган хом ашёга боғлиқ. Бугун бозорларда сунъий ҳар хил газламалардан тайёрланган, арзон аммо хориждан келтирилган баъзи бир сифатсиз оёқ кийимлар ўрнини чармдан тайёрланган пойабзаллар эгаллаб бораётгани қувонарли ҳол.
– Айни пайтда чарм-пойабзал ва чарм-галантерия маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун замонавий тикув машиналаридан фойдаланяпмиз. Аксарият корхоналар энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган. Бу қулайликлар эса ишлаб чиқариш ҳажмини кундан-кунга ортишига замин яратмоқда. Айни вақтда уюшма таркибида фаолият олиб бораётган Марғилон шаҳридаги “Муҳаммадсалом Омина”, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Хўжаобод”, Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Ал-Азиз”, масъулияти чекланган жамиятлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларига талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Энг муҳими ушбу маҳсулотлар тоза чармдан тайёрланаётгани боис сифати юқори, – дейди “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бош мутахассиси Шуҳрат Алиев. – Уюшма таркибидаги корхоналар томонидан ҳар йили 18 миллион жуфт юқори сифатли пойабзал, 5 миллион долларлик чарм галантерия маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг экспорт кўлами ҳам кенгаймоқда.
Дарҳақиқат, ҳар бир соҳанинг ўзига хос нозик сир-асрорлари бор. Хусусан, нафақат катталар балки болажонлар учун тайёрланаётган оёқ кийимлар ҳам гигиеник жиҳатдан талаб даражасида бўлиши лозим. Кичкинтойнинг пойабзали нам тортиб қолмаслиги, ҳаво ўтказиб туриши ва кийганда оёқни терлатмаслиги керак. Чунки, мунтазам равишда сунъий чармли оёқ кийими оёқ терлаши грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) ҳамда замбуруғ касалликларининг юзага келишига сабаб бўлади. Шунингдек, айрим болаларда учраётган ясси оёқлик хасталигига чек қўйишда пойабзалнинг ҳам ўзига хос муҳим жиҳати бор. Таги бир текисда бўлган пойабзалдан кўра кичикроқ пошна қўйилган пойабзалда кичкинтойнинг оёғи яхши ривожланиб, ясси оёқликнинг олди олинади. Болалар оёқ кийимларининг нафақат сифатига балки гигиеник жиҳатдан талаб даражасида бўлишига эътибор бериб 20 га яқин турдаги пойабзал ишлаб чиқараётган Тошкентдаги “STYLE STEP” корхонаси масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистонда ўтказилаётган кўргазмаларда қатор йиллардан буён юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Германия, Италия каби чет мамлакатлардан келтирилган пойабзал тикув машиналарининг иш унуми юқори. – Ишлаб чиқаришда 80 фоизга яқин маҳаллий хом ашёдан фойдаланамиз. Тошкентдаги “Ҳамкор Нур”, Сирдарё вилоятидаги “PENG SHENG” Намангандаги “Нафис чарм” каби қўшма корхоналар билан ҳамкорлик қиламиз. Кичкинтойлар учун ишлаб чиқараётган туфли, спорт кроссовка, ботинка каби мавсумий пойабзалларни замонавий тикув машиналарида тайёрлаётганимиз боис тоза чармнинг ёғлилик даражаси ҳажми камаймайди, чарм қирилмайди ва тикиш жараёнида қирқилиб кетмайди. Пойабзалдаги астарлик намни тез олади ва тез қурийди. Сифатсиз пойабзалдаги намлик узоқ вақт қуримасдан турса бола кейинчалик ревматизм (бод) касаллигига учраши мумкин. Шу боис ҳам ушбу оёқ кийимлар кичкинтойнинг соғлиғини сақлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди корхона раҳбари Азимхўжа Иброҳимхўжаев.
Қарийб 80 йилдан буён косибликни ардоқлаб келаётган ушбу сулоланинг ишбилармонлигига ҳавас қилсанг арзийди. Мазкур МЧЖ да ишлаб чиқарилаётган болажонларнинг оёқ кийимларининг ўлчамидан қатъий назар нархларида деярли тафовут сезилмайди. Уларга қўйилган махсус патак-супинатор (қотирилган картон) сувни ўзига тортмайди. У пишиқ пухта тайёрланган. Айни вақтда болалар оёқ кийимининг таг чарми билан устки қисмини бирлаштириш борасида изланаётган жамоа яна янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Маълумки, ҳар қандай касб кишидан юксак маҳорат, билим ва тажриба талаб этади. Болажонлар учун тайёрланаётган пойабзалларнинг кўркамлиги, юқори сифати ҳамда ҳамёнбоп бўлиши албатта соҳа ходимларининг катта тажрибасига боғлиқ. Бу борада сон билан бирга сифатнинг талаб даражасида бўлиши эртамиз эгаларининг соғлом ва баркамол вояга етишида муҳим аҳамиятга эга.
Жамила ҲАЙДАРОВА