Нохуш одат – одобсизлик остонаси
Сўнгги пайтларда болангизда негадир ўзга болаларнинг буюмини олиб қўйиш одати пайдо бўлди.
Куни кеча ўқитувчиси ёки тарбиячиси фарзандингиз ўртоғининг ўйинчоғини олиб қўйгани ҳақида айтиб қолди. Бунга эътибор бермасликка уринасиз-у, аммо бу ҳол тез-тез такрорланиб турса бу борада жиддий мушоҳада қилишга тўғри келади.
Ўз-ўзидан савол туғилади “Фарзандимда бундай ёқимсиз одат қаердан пайдо бўлди”, баъзи оналар ўзи “яхши биламан” деб ўйлайдиган дилбандидаги бу каби руҳий ўзгаришларнинг асл сабабини тушуниб етавермайди.
Психологларнинг таъкидлашича, тартибсиз одатларнинг келиб чиқишидаги бош омил боланинг тақлидга кучли мойиллиги ҳисобланади. Шунинг учун бола қаршисида ота-она ҳамиша сергак бўлмоғи лозим. Аммо шундай бўлсада бундай пайтда болани ҳеч қачон жазоламанг. Уни ёмон одатлардан халос этиш учун биргаликда курашинг. “Иккимиз енгамиз”, дея болага бу борада кўмакдош бўлинг. Мисол учун болангизга “Агар сен менда тирноқ тишлаш, ёки ўзгаларнинг буюмини олиб қўйиш каби хунук одатларни кўрсанг мени огоҳлантир. Мен эса сени”, дея унга уқтиринг. Бола боғчадаги дўстларидан ҳам турли одатларни “кўчириб” олиши мумкин. Бундай пайтда унга “Даданг, мен, аканг бундай хунук одатларни уйга олиб келмаймиз-ку”, “Сен севган қаҳрамоннинг ҳам бундай одатлари йўқ, шундай эмасми?!” дея таъкидлаб ўтинг.
Бордию, болангиз шунда ҳам ўз одатларини тарк этмаса унга бақириш ва уриш йўлини танламанг. Зеро, дўқ уриш уни янада қайсар бўлишига олиб келади.
Айрим болаларда бегонанинг мулки, бировнинг буюми деган тушунча бўлмаслиги мумкин. Ўғирлаш ёки олиб қўйиш болада катталарнинг унга эътибори тушиши истаги кучлилигидан ёки кўзига чиройли кўринган буюмнинг унда ҳам бўлишини хоҳлашидандир. У тажовузкорлик ва ўғрилик одатини билиб туриб содир қилса, бу унинг руҳиятида жиддий ўзгариш юзага келаётганидан далолатдир. Бундай ҳолларда болани ошкора жазоламанг ва буни имкон борича ўзгаларга намойиш этманг. Бу вазиятни фақатгина чигаллаштиради ва болада сизга нисбатан ишончсизлик ҳисси шаклланади. Болага буюмини олдириб ёки ўғирлатиб қўйган ўзга инсоннинг аҳволини босиқлик билан тушунтиринг. Фарзандингизни уни ўрнига ўзини қўйиб кўришини ўргатинг ва бунда у ўзини қандай ҳис этаётганини сўранг. Бола чиндан ҳам ўғирлаб олган ёки олиб қўйган буюмга эҳтиёжи бўлса ҳам бу муаммонинг ечим эмаслигини тушунтиринг. Она сифатида унга буни олиб беришга сўз беринг ва буни уддасидан албатта чиқинг. Аммо зинҳор ўзгаларнинг буюмига тегмаслик лозимлигини айтинг. Болангизнинг содир этган қусурини ҳадеб унга уқтираверманг. Унга вақт ажратиш ҳақида эмас, у билан кунни қандай ўтказиш ҳақида ўйланг. Бу она ва боланинг бир-бирини тушунишдаги энг мақбул ва самарали йўл.
Психолог Матлуба ТАГАЕВА тавсияси асосида Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади