Фарзандлар камолоти – ойдин келажак кафолати
Ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни юксак ижодий парвозлар сари руҳлантириш борасида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар самарасида ўғил-қизларимиз нуфузли халқаро кўрик-танловлар ҳамда мусиқа ва санъат фестивалларида юксак натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 20 ноябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016–2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган матбуот анжуманида бу борадаги ишларнинг кўлами ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Матбуот анжуманида иштирокчилар 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти мисолида юртимизда сўнгги беш йил ичида мусиқа ва санъат таълими ривожи йўлида амалга оширилган ишлар ва уларнинг самарадорлиги, истиқболдаги режалар билан таништирилди.
Мазкур муассаса бугун санъат сирларини ўрганишга ошуфта ёшларнинг севимли масканига айланган. Ҳозир бу ерда 320 нафардан зиёд ўғил-қиз билим ва маҳоратини оширмоқда. Улар малакали ўқитувчи ва мураббийлардан миллий ва жаҳон мусиқа асбобларини чалиш, анъанавий хонандалик, тасвирий ва амалий санъат каби 14 йўналиш бўйича сабоқ олаётир.
– Ушбу ҳужжат ҳамда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг яқинда бўлиб ўтган Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ 2016–2020 йилларда 14 минг 700 ўринли 98 болалар мусиқа ва санъат мактабини барпо этиш белгиланган. Улар 72 номдаги ўқув қўлланма ва адабиётлар, ноталар тўплами ҳамда кўргазмали материаллар билан таъминланади. Жорий йилда 18 та шундай муассасада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади, – дейди Халқ таълими вазирлигининг мусиқа ва санъат таълими муассасалари бошқармаси бошлиғи Қосим Отамирзаев.
Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда санъат тарбияси, мусиқий тарбия ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Чунки, жисмоний тарбия ва спорт одамнинг иродасини тарбиялаб, соғлиғини мустаҳкамлашга ҳисса қўшса, мусиқа санъати унинг руҳига озиқ беради, қалбини, энг нозик туйғуларини камолга етказади.
Ш. ХЎЖАҚУЛОВ