ЁЛҒИЗЛИК АЁЛГА ХОС ЭМАС

Юртимизда она ва боланинг жисмоний, маънавий соғлиғи учун зарур бўлган барча омиллар мавжуд. Шунингдек, бу борада янада кўпроқ муваффақиятларга эришиш учун янги воситалар излаймиз. Ана шу изланишлар аро бугун хаёлимда: “Ёлғиз она”, деган бир тушунча айланиб қолди.

Хизмат тақозоси билан маҳаллаларни айланамиз, хонадонларга кирамиз. Тақдир-да, суҳбатдошларимиз орасида унча-мунча ёлғиз оналар ҳам бўлади.

Биз уларнинг ҳаммасини битта қолипга солиб:

– Барчасининг ёлғизлиги ўзи, оиласи, фарзандлари учун муаммо туғдиряпти, деган фикрдан йироқмиз. Чунки, турмуш ўртоғи вафот этиб ёки бирор бир арзирли сабаб билан эридан ажралиб ёлғиз яшаётган аёлларнинг баъзилари ота-оналари, ака-укалари паноҳида бир меъёрда ҳаёт кечиришади. “Бир кўз” билан фарзанд тарбиялаётгани, эҳтимол, қайсидир лаҳзаларда ўзига оғирлик қилар, лекин бу қийинчиликни сездирмайди. Ирода, матонат билан яшайди ва меҳнат қилади. Лекин барча ёлғиз аёллар ҳақида бундай деб бўлмайди. Мен бу фикрни ўз ҳаётий тажрибаларимга таяниб гапиряпман, албатта.

С. исмли аёлнинг эри ичкиликка ўрганган, бирор жойда турғун ишламас эди. С. фарзанди бор бўлгани учун уни инсофга келтиришга кўп уринди. Лекин фойдаси бўлмагач, “болам отасидан ёмон ибрат олмасин”, деб ажрашди.

– Бир муаммодан қутилиб, бошқасига тутилдим, шекилли. Айниқса, болам ўсмир ёшга киргач, муаммоларимиз кўпайиб кетяпти. Иш юзасидан тез-тез хизмат сафарларига чиқишимга тўғри келади. Отаси ўғлимизга (у ҳар замонда отаси билан учрашиб туради) мен ҳақимда ножўя гап гапириб қўйган, шекилли, ўғлим менга сапчийдиган, гап қайтарадиган, қайсар бўлиб қолди. У кўпинча аллақаерларга йўқолиб кетади, қаттиқ уришгани мендан баттар совуб кетмасин, деб чўчийман…

Унинг бу гапларини эшитиб, қандай маслаҳат беришни ўйлаб қоласан киши.

– Яқинларим эрим билан энди ажрашган пайтимда: “Ҳали ёшсан, турмуш қурсанг бўларди. Ўғлинг ҳозир кичкина, билмайсан. Сал каттароқ бўлса, унга қаттиққўл ота тарбияси эҳтиёж сезасан”, дейишганида, мен: “Бир эр бўлса кўрдим, боламни ўзим бир амаллаб боқиб оламан”, дегандим. Улар тўғри айтишган экан, дейди С. пушаймонлик билан. Энди у ўзига кучига ишонмай қўйиши мумкин, оилада бошлиқ сифатида қудратини ҳис қилмаслиги мумкин. Бу кайфият уни баттар довдиратади, натижада ўсмир боланинг жилови қўлдан чиқиб кетиш эҳтимоли кучаяди.

Ёлғиз боши билан фарзанд вояга етказишнинг бошқа муаммоли жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Ёлғиз аёл кўпроқ меҳрини боласига беради. Эрнинг хизмати, эркак киши билан боғлиқ бурчлари бўлмагач, бор қувватини фарзандига сарфлайди. Натижада аксарият бундай ҳаддан зиёд эркалатилган ўғил-қизлар худбин, эрка бўлиб ўсади. Худбинлик эса болани соғлом муҳитдан узоқлаштиради.

Жуда кўп жиҳатлардан олиб қараганда ҳам ёлғиз яшаш аёлга наф келтирмайди. Инсон, айниқса, аёл киши барибир табиатан гулдек нозик жон. У ўзини чинакам аёл деб ҳис қилиши учун ёнидаги кучли бир жинс вакилига – эрига суяниши керак. Шунда дағаллашиб кетмайди. Азалий табиатидан узоқлашмайди. Ёлғиз аёллар эса доимий равишда ҳаёт аравасини ўзи тортгани учун аксарият ҳолларда аслиятидан узоқлаша боришади. Қўполлашади. Бу ҳам аёлнинг – онанинг табиий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

Ёлғиз аёл ҳақидаги фикримизни давом эттираверсак, аёл киши кўпинча жуфти ҳалолининг кўнглига йўл топиш учун ўзига қарайди, орзу-ҳавас билан кийинади, ширин таомлар пиширади. Ёлғиз аёлда эса ана шундай иштиёқ, ҳавас бўлмаслиги мумкин. Турмуш ўртоғининг олдида мажбуриятининг йўқлиги аёлни ҳам руҳан, ҳам жисмонан дангаса қилиб қўяди. Бир сўз билан айтганда, ёлғизлик аёлнинг ўзи ва оилавий ҳаётига ижобий таъсир қилади, деб бўлмайди. Такрор таъкидлаш лозимки, тақдир тақазоси билан ўлимми ё олис сафар боисми, тақдирига бу муҳр босилган аёлга бир нарса дейишдан ожизмиз. Лекин: “Ўзимни ўзим эплайман. Менга бировнинг хизматини қилиш зарур келибдими?

– Ўзим эр, ўзим хотинман…” каби сабаблар боис ёлғиз яшаётган аёлларга жуфтликнинг машаққатига яраша хосияти ҳам борлигини эслатишни жоиз билдик.

Насиба ТОШХЎЖАЕВА,

Яна ўқинг:  КИЙИНИШ ОДОБИ БОЛАЖОНЛАР СИЙРАТИДА

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман отинойиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: