Ҳаётнинг АЗИЗ НЕЪМАТИ

Тонг отишга улгурмасиданоқ маҳаллани ажиб ҳаётбахш бўй – нон иси тутиб кетади. Тошкент шаҳри Чиғатой дарвозаси “Муҳокама” маҳаллаcида истиқомат қилаётган, тун ярмидан иш бошлаб юрт дастурхонига тандиридан иссиққина нонларни улашаётган ака-укалар – Баҳодир, Зиёдулла, Жавоҳирнинг бу гал ҳам тайёр бўлган ширмой патирларини маҳалла-кўй қўлма-қўл қилади. Қўни-қўшниларнинг нонуштаси бу хонадонда ёпилган патирсиз ўтмайди.

Ака-укалар эсини танибдики, ҳар тонгни шу зайлда бошлашади. Уларнинг новвойчиликни танлашида тасодиф эмас. Дадаси Равшан ака Зокиров бу ҳунарда суяги қотганлардан. Новвойлар сулоласининг учинчи авлоди ўз меҳнатидан барака топгани, ҳалолликни қадрлагани боис уч ўғлини ҳам шу йўлдан боришга ундаган. Уларни оқ ювиб, оқ таради. Вояга етказди.

– Улуғларимиздан бири касб хазинадир, уни топа билмоқ лозим, дея таъкидлаб ўтган, – дейди Равшан ака. – Бу сўзларнинг замирида улкан маъно мужассам. Инсон танлаган касби-кори ортидан бахтли, фаровон ҳаётни ярата олади. Оилада олти нафар фарзанд эдик. Дадам бошқа соҳада хизмат қилсада, нон ёпишни онасидан ўрганди. Тандирга ўт қалашни ҳеч канда қилмасди. Тонг саҳар бизни тандир бошига жам қилиб, тандир-тандир нон ёпиб, сўнг хизматга отланарди. Дадам билан бирга бу жараёнда иштирок этсамда, ҳали мустақил нон ёпиб кўрмаган эдим. Ёдимда, бир куни қўшнимиз нон ёпишишга кўмаклашишим учун мени қўшни қишлоққа – тўйга олиб кетган. У пайтлар 13-14 ёшда эдим. Ўшанда илк маротаба мустақил нон ёпганман. Уйга келиб қаттиқ чарчоқдан сўнг ухлаб қолдим. Уйғонгач, дадам мени кўриб “Нонни бир ўзинг ёпдингми? ” – дея сўрадию, бошқа сўз айтмади. Унинг нигоҳидан фахрланиш, ички мамнуният ва ишонч ҳиссини англадим. Ҳар сафар иш бошлашида дадамнинг ана шу нигоҳи кўз олдимдан ўтади ва бошлаган ишим унумли бўлади.

Уста новвой Равшан аканинг айтишича, бу касбининг баракаси бошқача. 26 ёшларида янги рўзғор тутган Равшан ака ҳовлининг бир чеккасига тандир солиб, илк ишини икки тандир нон ёпишдан бошлади. Турмуш ўртоғи ёпган ширмой нонларни аёли Дилфуза опа дарҳол сотиб келарди. Шу-шу эр-хотин қутлуғ касб ортидан оила тебрата бошлади. Ҳатто, у кишининг ширмой нонлари, кулчалари, патиру лочиралари маҳалла-кўйда, бозор расталарида “Равшан аканинг нонлари” номи билан машҳур бўлди. Бора-бора уста новвой бир кунда 8-9 қоп унни қориб, нон ёпа бошлади.

Яна ўқинг:  ТУРОННИНГ АЛП ҚИЗЛАРИ

Халқимизда наинки нонни, балки унинг увоғини ҳам қадрлашган. Уволидан қўрқишган. Тўкилган нон ушоғини супириш гуноҳи азим саналган. Уни қўл билан сидириб, териб олиб киши қадами етмайдиган ерга тўкишган. Ана шу табаррук неъматни тайёрловчи новвойликнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор. Тун ярмидан хамир қориб уни тайёр нон ҳолига келтиргунга қадар 8-9 соат вақт ўтади. Шу жараён оралиғида новвойдан тажриба ва ўта синчковлик талаб этилади. Зеро, хамирни тобига келтириш, унга шакл бериш, тандирни меъёрида қиздириб нон ёпиш бир қарашда осон ишга ўхшайди. Аммо новвойликни бошлаб уни уддасидан чиқолмай тез фурсатда якунига етказиб қўйган айрим кишиларни кўриб бу касбни тутиб уни йиллар давомида ортидан бориш ҳам ҳамма учун эмас, бу шу касбга пири кетганлар учунгина экан, деб қоласан.

– Айримлар новвойликни киши саломатлигига салбий таъсири бор касблар сирасидан деб ўйлайди, – дейди Равшан ака. – Бу, аввало, кишининг ўзига боғлиқ. Биринчидан, новвойчиликда инсон ўзини мажбурлаб ишга солмаслик керак. Бунда кўтаринки кайфият ва мароқ билан ишлаш муҳим. Эринчоқлик, ишга мажбурий ёндашиш кайфияти унинг тайёрлаган нонларининг кўринишига ва ўша кишининг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, тандир ёнида соатлаб ишлаган новвойнинг тери қотмагунича бир неча соат совуқ сув ичмаслиги, шунингдек, ташқарига мутлақо чиқмаслиги лозим.

Равшан ака ўғиллари билан бир кунда ўртача саккиз юз, мингтагача баъзан ундан ҳам кўп нон ёпишига тўғри келади. Тахминан 100 даража иссқликдаги тандирга 800-900 баъзан минг маротаба кириб чиқишни бир тасаввур қилиб кўринг. Ёзнинг чилла кунинику айтмасангиз ҳам бўлади.

Осуда ҳаётимизнинг азиз неъмати саналмиш нонларимиз дастурхон тўридан жой олган экан уни санъат даражасига етказган, кўп йилдан бери тандирини совутмаган Равшан акадек уста новвойларнинг ҳам умри нондек азиз бўлиши шубҳасиз.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“So‘lom avlod” мухбири.

Муаллиф олган сурат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: