Оқибат

Эрта тонг. Бугун Дилшодбек ҳар кунгиданда барвақтроқ отланиб йўлга тушиши керак. Сабаби, бугун у қўл остидаги ходимлари билан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишни режалаштирган. Шунинг учун шошилмаса бўлмайди. Ҳали рафиқаси Зебохонни ишга, фарзандлари Азизбек ва Зулфияларни мактаб, боғчасига ҳам элтиб қўйиш лозим.

Зебо, тайёрмисан. Азизбек, Зулфия тезроқ бўлинг. Ишга кеч қоламан.

– Бунча, шошмасангиз. Борасизда, ўша ишингизга, – ичкаридан аёли Зебо кинояли оҳангда зарда қилди. – Биринчи навбатда биз, кейин ўзингиз, ишингиз.

Дилшодбек рафиқасининг сўзларини эшитиб беихтиёр сергак тортди. Кўнгли ўша олис манзил – болалиги ўтган, йўлакларидаги тупроқлари билқиллаган қишлоқ кўчаларига чопиб кетди. “Дилшоджон! Болам! Нон ёпдим. Кел…” деган сеҳрли овоз қулоғига беихтиёр чалинди. Негадир кўнгли алланечук энтикиб, юрагини тушуниб бўлмас маҳзунлик эгаллади. Ҳатто, ишга шошилаётгани ҳам ёдидан кўтарилди.

– Сўзларим таъсир қилибди-да, – дея ўзича ўйлаган Зебо кибр билан машинанинг олди ўриндиғига ўтирди-да эшикни зарда билан ёпди.

Мажлис ҳам якунланди. “Афтидан режадаги ишларнинг ҳаммасига ҳам тўхталиб ўтолмадим, эрта тонгдаги англаб бўлмас хотиралар бунга сабаб бўлдимикин?…” хаёлидан ўтказди у.

Дилшодбек ёлғиз фарзанд. Онасининг ёдгори. Волидаси қийинчилик заҳматини чексада, бир ўзи ҳам ота, ҳам она бўлиб ёлғиз ўғлини ўқимишли, олий маълумотли қилиш орзуси билан ёнди. Бунинг учун бир ишдан қониқмай, қишлоқдан яна қўшимча ишларни бажараверди. Орадан йиллар ўтиб Дилшодбек онаси орзу қилгандек олий таълим даргоҳига ўқишга кирди. Энди илм марраларини забт этиш лозим эди. Шундай ҳам бўлди. Университетни юқори баҳолар билан тамомлаган Дилшодни пойтахтга ишга таклиф этишди. Ойлар-йиллар ўтиб унинг мавқеи тобора ошиб борар, атрофидаги обрўли кишилар у билан яқин бўлишга интилишарди. Ҳар ҳафта қишлоққа қатнайдиган Дилшодбек зўр-базўр бир ойда, бора-бора йилда бир қиш­лоққа борадиган бўлди. Сўнгги пайтлар онасини кўргани қачон боргани ҳам ёдида эмас.

– Яхшиямки, онамдан қўшнимиз Наргиза опа бохабар бўлиб турибди, – деб ўйларди ўзича. – Ҳа-да, ҳар борганимизда дунё-дунё бозор қилиб берсам. Яна нима керак? Онам ҳеч нимадан зориқмаяпти.

Ёдида, Дилшоджон университетга отланаётган бир маҳал кўзига онасининг қиёфаси сўлғин, бироз толиққандек кўринди у.

– Тобингиз йўқми, ойи? Шифохонага олиб борайми? – деб сўраганди у.

– Мени қўй. Ўйлама. Аҳволим яхши. Бироз чарчадим, шунгадир эҳтимол. Аввало ўқишингни ўйла. Ўқишга кечикиб бориш яхшимас.

Дилшодбекнинг устидан сув қуйгандек бирдан азои бадани музлаб кетди.

“Мени ўйлама, аввало ўқишинг муҳим… ўқишинг муҳим… муҳим…” “биринчи навбатда биз, кейин ўзингиз, ишингиз… ишингиз… ишингиз…” миясида чарх уриб айланаётган бу сўзларни эсларкан чап кўкрагида қандайдир оғриқ симиллаганини сезди. Шунда анчадан буён қошида ҳозир бўлолмаётган муштипар онасининг хузурида зумда пайдо бўлгиси, унинг тандир иси келадиган иссиққина қўлларини кўзига суртгиси келди.

– Шу дам олиш кунлари албатта онамни кўргани бораман. Онам яхши кўрган Тошкент ширмой нонидан олиб бораман, – дея ният қилди. Ўзи қилган қароридан бироз таскин топгандек бўлди чамамда.

Кўнглига яхши сўзлар билан таскин берар экан, бехосдан қўл телефонининг жиринглаши хаёлини бузиб юборди.

– Дилшоджон, бу мен ҳамқишлоғинг Наргиза опанг. Укам бардам бўл. Онанг сени кута-кута омонатини топширди. Тез етиб кел…

У Наргиза опасининг сўзларини эшитар-эшитмас, кўк­рагидаги оғриқ яна зўр бериб Дилшодга азоб бера бошларди. Аммо, бу оғриқ унинг виждонида пайдо бўлган азоб олдида ҳеч нарса эмасди. Шунда яна болалигидаги ажиб сўзлар ёдига тушди.

– Дилшоджон кел болам. Иссиқ нон ёпдим. Еб ол…

Ораста ТОЖИЕВА,

Яна ўқинг:  Жавоҳирлар сандиғи

Қарши компьютер технологиялари ва сервис хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: