Куз – ХАЁЛКАШ ДУГОНАМ

Чиройда тенгсиз, бағри турфа гуллар билан тўла дугонам бор эди. У юлдузлар билан сўзлашишни, қуёшнинг тафтида тобланишни хуш кўрарди. У ёш ва навқирон эди. Мен эса унга эътибор бермасдим.

Унинг хаёлпарастлиги ғашимни келтирарди. Бир куни у тўсатдан ғойиб бўлди. Дугонамни излаб бормаган жойим қолмади. Айрилиқ қалбимни оғир жароҳатлади. Энди мен ҳам хаёлпараст қизга айландим. Унинг бағридаги гуллар ифорини, юлдуз тўла осмонини қўмсайвердим. Кеча уни йўлакда кўриб қолдим. Ҳа, ҳа, айнан кеча мен дугонамни топдим. Бироқ…

Энди у маҳзун эди. Олдингидек қувнаб, қиқирламас, атрофида капалаклар парвона бўлмасди. Энди бошида камалак эмас, булутдан рўмол ўраган эди.

Уни қандай учратиб қолганим билан қизиқяпсизми? Унда айта қолай. Кеча дастлаб унинг мактубини кўриб қолдим. У япроқларга дил сўзларини ёзиб қўйишни яхши кўрарди. Баланд дарахтлар соя солиб турган йўлакдан борарканман, оёғим остига бир сариқ япроқ келиб тушди. У дугонамнинг мактуби. Хатда у мени, дўст-биродарларию, парвоналарини жуда соғинганини ёзибди. Ўқиб бўлишим билан иккинчи мактуб пойимда ястанди. У шамол оғушида тебраниб мендан узоқлаша бошлади. Ортидан одимимни тезлатдим. У эса мендан қоча бошлади. Япроқ билан овора бўлиб, қаерга бораётганим, нима мақсадда йўлга отланганимни ҳам унутибман. Бориб-бориб қалин дарахтзорлар олдидан чиқдим. Ўша ерда дугонам сочини тараб ўтирар эди. Юзлари сарғайган, йўқ-йўқ, офтобдан ранг олган. Атрофида шамоллар парвона. У аввалгидан ҳам файзли, серсавлат, донишманд қиёфа касб этган эдики, бир лаҳза ҳайратдан донг қотдим. Ўзимни унинг бағрига отдим. У эса секингина шивирлади: Дийдор ва меҳрга зор бўлдим, соғинч қалбимни тилка-пора қилди. Лекин мен ўзимни йўқотмадим, аксинча қалбимни кашф этдим.

Унинг гаплари рост эди. У анча улғайибди. Энди қаршимда ўша жажжи дугонам – Баҳор эмас, Куз турар эди. Мен кузни бағримга босдим. Қалбим таскин топди.

Муҳаббат ҚАЮМЖОНОВА,

Сергели туманидаги 266-умумтаълим мактаби ўқувчиси

Яна ўқинг:  KO‘NGILGA ORZULAR SOLDI SAMARQAND

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: