Улуғ касб эгалари шарафланди
“Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
“Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”.
Улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг ушбу сатрларида инсон камолоти йўлида ранж чекувчи устозлар олдида ҳар биримиз доимо қарздор эканимиз таъкидланган. Ҳа, ўз билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини маърифат йўлига бахшида этган инсонлар ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга муносиб.
Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга ҳисса қўшаётган фидойи устозлар давлатимизнинг доимий эътиборида, халқимиз ардоғида. Ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинаётгани устоз-мураббийларга кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Таълим соҳаси раҳбарлари, фаол ўқитувчи ва жонкуяр мураббийлар 30 сентябрь куни мамлакатимизнинг бош майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз, эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган замонавий иншоотлар, таълим, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш муассасалари фаолияти билан танишди.
“Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг илғор ўқитувчилари, фидойи мураббийлар, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилди. “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга кенг жорий этилиши мамлакатимизни тараққий эттириш, турмушимизни фаровонлаштириш, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни вояга етказиш учун мустаҳкам замин яратди.
Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси реконструкция қилинди, тубдан таъмирланди, юзлаб янги мактаблар бунёд этилди. Мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, “Баркамол авлод” болалар марказлари, болалар ва ўсмирлар спорт, мусиқа ва санъат мактаблари, лицейу коллежлар, олий таълим даргоҳларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини давр руҳига мос тарзда йўлга қўйиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир” деган фикри халқимиз орасида эзгу даъватга айланди. Шарафли касб эгаларининг меҳнатини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни янада кучайтирди. Ўтган йиллар мобайнида таълим соҳасидаги юзлаб устоз-мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари борлиги янада қувонарлидир.
– Меҳнатимиз истиқлол йилларида қадр топди, – дейди пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Раҳматулла Каримов. – Президентимизнинг маърифат аҳлига кўрсатаётган юксак эътибори барча педагогларни мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга даъват этмоқда, фарзандларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашдек эзгу ишларни янада кучайтиришда қанот бўлмоқда.
Бугунги интеграциялашув жараёни кучайган, ахборотлашган замон ўқитувчини илғор педагогик технологиялар ва интерфаол усуллардан унумли фойдаланадиган ижодкор устоз даражасига кўтаришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танлови ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бу йил ҳам ушбу танловда ўз фани бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратган, ҳар бир дарсни янги услубда, қизиқарли ва ҳаётий мисоллар, турли кўргазмали воситалар билан ўтаётган илғор педагоглар сараланди. Тантанали йиғилишда ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
– Бугунги ўқувчига янги маълумот, янги фикр, мавзуга янгича ёндашув керак, – дейди танлов ғолиби, Олмалиқ шаҳридаги 20-умумтаълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Марғуба Мирпўлатова. – Ушбу кўрик-танлов ўзаро фикр ва тажриба алмашишимизга, ўқувчиларни фаолликка ундовчи янги услуб ва шакллар билан танишишимизга имкон яратаётгани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 25 ноябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўқитувчилар кўнглини тоғдек кўтарди, уларни янада кўпроқ изланишга, ўқув-тарбия жараёнини янада бойитишга ундади.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодга чет тилларини ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратмоқда.
Чет тили ўқитувчилари Давлат тест маркази томонидан доимий равишда синовдан ўтказилиб, уларнинг маошига қишлоқ жойларда 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз миқдорида қўшимчалар бериб борилмоқда. Бу масъулиятли ва шарафли касб соҳибларини ўз устида тинимсиз ишлашга, баркамол авлод тарбиясида янада фаол бўлишга ундамоқда.
Таълим-тарбия жараёни устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида барча умумтаълим мактабларида “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашининг фаолияти йўлга қўйилган. Бу маънавий-маърифий ишлар сифатини доимий таҳлил этиб бориш, ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтириш, 9-синфни тамомлаган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртбошимиз раҳнамолигида барпо этилган 1500 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ёшларга ўзи танлаган йўналиш ва соҳа сирлари ўргатилмоқда.
Мамлакатимизда олий таълим тизими бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли стандартга ўтказилди.
Маросимда Пискент туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Марҳабо Қурбонова, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар таълим-тарбия, илм-фан, маънавият ва маърифат тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар келажагимиз эгаларини Ватанимизга, буюк аждодларимизга муносиб фарзанд этиб тарбиялашдек эзгу мақсадга йўналтирилганини таъкидлади. Ушбу эзгу мақсадга бутун борлиғини бахш этаётган касб соҳибларига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида катта концерт намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев, Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.
Дилшод КАРИМОВ,
ЎзА мухбири,
Темур МАМАДАМИНОВ,
(ЎзА) олган суратлар