Ҳунар наф келтирар – ИЛМ ШАРАФ-ШОН

Юртимизда маънан ва жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш устувор масалалардан бири ҳисобланади. Республикамизда бу борада амалга оширилган бир қанча амалий ишлар бунга яққол мисолдир. Хусусан ўқувчи ёшларнинг мактабдан ташқари таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, уларга мактабдан ташқари таълимга қўйилган Давлат талаблари асосида билим, кўникма ва малакалар бериш мақсадида республикамизда “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият олиб боради. Мамлакатимизда бу каби марказлар сони 211 тани ташкил этади.

Шулардан бири Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган “Баркамол авлод” болалар марказидир. Мазкур марказ ўз иш фаолиятини жорий йилнинг февраль ойидан бошлаган. Марказда ўз ишининг моҳир усталари, янгиликка интилувчан педагоглар ўқувчиларга сабоқ бериб келишмоқда. Шу қисқа муддат ичида марказ ўқувчилари бир неча танловларда қатнашиб, устозлар ишончини оқлаб муваффақиятли ўринларни қўлга киритишди. Хусусан, “2015-йилнинг энг яхши ихтирочиси” Республика болалар фестивалида Феруза Қурбониёзова, Шахриёр Давлатбоев вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритдилар.

– Фестивалда”Техник ижодкорлик йўналиши” бўйича 1-ўринни қўлга киритдим. Бу натижага эришишимда устозларим ва мени доимо қўллаб-қувватлаб турган ота-онамнинг хизматлари катта. Бизнинг “Баркамол авлод” марказида яратилган имкониятлар, устозларим меҳнати келажакда катта-катта ихтиролар қилишимга замин яратади, – дейди Шахриёр Давлатбоев.

Марказ фаолиятининг асосий мақсади – ҳар бир боланинг билим даражасини, ижодий имкониятларини аниқлаш ва тўлақонли ривожлантириш орқали ўқув дастурларини ўзлаштиришга эришиш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишдан иборат. Шу мақсадда марказда техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналиши бўйича ўқувчиларга таълим берилади. Мазкур йўналишлар бўйича “Радиотехника”, “Электроника ва алоқа”, “Компьютер дизайни ва графика”, “Ёш дастурчи”, “Кулолчилик”, “Дурадгорлик”, “Фотодизайн”, “Ёш архитектор”, “Қўғирчоқ театри”, “Ёш ўлкашунос”, “Ёш эколог”, “Ёш зоолог”, “Ёш журналист ва нотиқ” каби бир қанча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.

Ушбу масканда 12 та тўгарак фаолият кўрсатади, кун давомида 120 нафар бола ўз қизиқишлари доирасида машғулотларда иштирок этмоқда. Бундан ташқари битирувчиларга қўшимча таълим олганлиги тўғрисида гувоҳнома тақдим қилинади. – Марказимиз тўгаракларига 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар жалб этилди. Юртимиз эгалари бўлмиш баркамол авлодни тарбиялаш масаласига марказимизда алоҳида эътибор берилади. Шу мақсадда ҳар бир тўгарак ўқитувчилари доимо изланишда, – дейди билим даргоҳи директори, халқ таълими аълочиси Абдулло Жумаев.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМДА ЗАМОНАВИЙ УСЛУБ: болалар салоҳиятини юксалтиради

“Баркамол авлод” болалар маркази фаолияти билан танишар эканман, бир-биридан шинам, замон талабларига жавоб бера оладиган хоналардаги фаол ижодий жараёнларга гувоҳ бўлдим. Малакали, ўз касбининг фидойи ўқитувчилари ўқувчилар билан тинимсиз ижодий изланишлар олиб бормоқда. Болаларнинг бажараётган машғулотлардан мамнунлик ифодаси уларнинг юзларида акс этиб турибди.

– Жорий йилда марказ биноси капитал таъмирдан чиқарилди ва энг қувонарлиси бадиий гимнастика гуруҳи ташкил этилди. Ҳозирда мазкур гуруҳ 30 нафар бадиий гимнастикани севувчи жажжи қизалоқларни ўз бағрига жамлаган. Қизларнинг қувончини кўриб дилим яйрайди, – дейди мазкур гуруҳ раҳбари Раъно Янгиева. Рости эндигина ташкил қилинган бўлсада, қизларнинг бадиий гимнастикага қизиқиши, мураккаб машқларни осонлик билан бажаришини кўриб ҳайратда қолдим.

“Баркамол авлод” марказида ўқувчиларни бой Ватанимиз тарихи, археологик ва маданий мероснинг ўрганилиши, мамлакатимизнинг табиий бойликлари билан таништириш ҳамда экологик ва атроф-муҳит тозалиги соҳасида асосий билимларни эгаллаш учун барча имкониятлар яратилган.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: