Ўқувчининг диққатини жалб этиш

дарсни яхши ўзлаштириш омилидир

Дарс соати бошланганлигини билдириб қўнғироқ чалинди. Болалар шошганча синфхонага югуришади. Узоқ йиллардан буён бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бераман. Ҳар куни ўқитувчи келгунча болалар ўз ўринларига ўтирмай шовқин-сурон қилади. Уларнинг диққатини ўзимга жалб этиш учун ҳар куни турли машқлар билан дарсни бошлайман. Сабаби, диққатни жамламай туриб уларга дарс ўтиш фойдасиз. Бола эътиборини бир нуқтага қаратмай китоб варақлагани билан ундаги сўзларни англаб ололмайди. Шундай экан фикрни жамлай олиш қобилиятини шакллантириш билим ўрганишнинг дастлабки омилидир.

Бу учун бола билан турли машқлар олиб бориш зарур. Масалан, мен ҳар куни болалар билан “Йўлда келаётганингизда нечта симёғоч ёнидан ўтдингиз? Дарахтлар сони нечта? Уларнинг тури қандай?” ва шу каби сўровномалар ўтказаман. Улар мактабга йўл олган пайтда атроф-муҳитга эътиборли бўлишга ўрганади, бу эса ўз навбатида хотирани мустаҳкамлайди ва бола диққатини жамлашга ёрдам беради.

Диққатини жамлай олмаслик боланинг билим олиш доирасини заифлаштиради, ўз тенгдошларидан сезиларли даражада ортда қолишига сабаб бўлади. Фикри тарқоқ ўқувчилар ўқиш жараёнида арзимаган нарсаларга хаёли чалғийди ва уларда эринчоқлик одати пайдо бўлади. Бунинг оқибатида уларни яхши ўзлаштиролмайдилар. Диққат-эътиборли ўқувчилар эса қийин вазифаларни дарсликлар, қўшимча адабиётлар ёрдамида тушуна оладилар. Дарсда қунт билан ўқитувчини тинглаб ўтирган бола уй вазифаларини қийналмасдан мустақил бажара олади.

Боланинг фикрини бир жойга жамлаш машқларини уйда ота-оналар ҳам олиб бориши лозим. Алоҳида айтиш лозимки, бола руҳиятида тўхтаб қолиш ёки аразлаш хусусиятлари кўп учрайди. Бундай ҳолатларда болаларга қаттиқ гапирмасдан, уни бошқалар орасида уялтирмасдан, қилган иши яхши эмаслигини батафсил, меҳрбонлик билан тушунтириш даркор. Катталар фарзандига қанчалик эътиборли бўлса, олдиндан керакли хулосалар чиқариб, зарурий тадбирларни қўллашади.

Ота-оналар боласининг ўқитувчиси билан доимий равишда ҳамкорлик олиб бориши керак. Боланинг уйда сезлимаган камчиликлари дарс жараёнида кўриниши мумкин ёки аксинча. Шунинг учун икки томонлама олиб борилган меҳнат боладаги камчиликларни бартараф этишда ёрдам беради. Унинг қизиқишларини рағбатлантириш, бола билан иложи борича кўпроқ мулоқот қилиш, сўзларини жон қулоғи билан тинглаш ҳам боладаги зийракликни оширади.

Айниқса, болага унинг ёшига хос билим бериш лозим. У қанча кўп билса, шунчалик қизиқарли ҳамсуҳбатга айланишини болага тушунтириш лозим. Берилган топшириқни уддаласа, “Баракалла, биргина сен уддаладинг”, “Сен жуда ҳушёрсан”, “Ҳеч ким аҳамият бермади, биргина сен эътибор бердинг”, дея уни мақтаб туриш лозим. Турли-туман мавзулардаги суҳбатлар боланинг мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга, билим ўрганишга бўлган иштиёқини оширишга кўмаклашади.

Яна ўқинг:  Педагогик маҳорат ва тажриба – таълимда муҳим омил

Мухтасар айтганда, диққати суст ўқувчилар аҳамиятсизлик билан ёзган ёки ўқиган матнларида хатоликлар келиб чиқади ва ўз-ўзидан вазифа нотўғри бажарилади. Хатоларни топиб бартараф қилишга вақт кетади. Фикри тарқоқ бола эса вазифани аъло бажариб, ортиқча вақтларини дам олишга, китоб ўқишга, мусиқа тинглашга ва бошқа мазмунли ишларга сарф этадилар. Диққатни жамлаш машқларини ўқитувчилар ва ота-оналар бирдайин олиб борса боланинг келажаги учун анча фойдали бўлади.

Феруза ҚОДИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: