ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ АСОСИ

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Бош Қомусимиз ҳуқуқий ва демократик давлат барпо этиш вазифаларини ҳаётга тадбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Конституциянинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлимида мамлакатимизда инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг амалий ифодаси ўз аксини топган. Жумладан, 18-моддада белгилаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Ресупбликасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Конституцияда имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт, деб келтирилган. Шунинг билан бирга, унда Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар.

“Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”, (19-модда) – деб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган. Бу ўз навбатида барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенглигини, ҳеч кимнинг жинси, ирқи, дини, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи жиҳатидан камситилиши мумкин эмаслигини, фуқаролар билан давлат ўртасида ўзаро бир-бирларига нисбатан ҳуқуқ ҳамда бурчлари мавжудлигини, фуқароларнинг Конституция ва давлатнинг бошқа қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, уларни суд қарорисиз ҳеч кимнинг чеклашга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Конституциямизнинг 24-моддасида “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир”, дейилган. Бунинг маъноси шундан иборатки, яшаш ҳуқуқи инсоннинг табиий ҳуқуқи ҳисобланади. Инсоннинг табиий ҳуқуқи (яшаш ҳуқуқи) ва уни ўз навбатида ҳимоясини таъминлаш давлат ҳамда барча жамоат тузилмалари фаол ҳаракатларининг кенг доирасини, ҳар бир мавжуд инсон турмушининг хавфсиз ижтимоий ва табиий муҳитини, турмуш шароитини ўзида мужассамлайди.

Инсоннинг яшаш ҳуқуқи, у ҳаётда ким бўлишидан қатъи назар, қонун томонидан таъминланади. Мазкур ҳуқуқий норма 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган ва ўзининг тарихий 60 йиллиги кенг миқёсда нишонланаётган инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясига ҳам тўлиқ мос келади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 3-моддасида ҳар бир инсон яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Яна ўқинг:  Одам савдоси – аср муаммоси

Асосий Қонунинг “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби фуқароларнинг меҳнат қилиш, мулкдор бўлиш, меросхўр бўлиш, билим олиш, илмий-техникавий ижод эркинлиги, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқларини кафолатлайди. Хусусан, 37-моддада, “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир”.

“Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”, деб белгиланган. Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистонда қонун тартибида ва кундалик ҳаётда ҳар бир инсонга тўлиқ эркин иқтисодий фаолият, ўз меҳнатини сарфлайдиган соҳани ва шаклини эркин танлаш таъминланади. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар.

Ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган конституциявий меъёрларни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун аниқ механизмни яратиш мақсадида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат кодекслари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бизнинг олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири бу албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини барча фуқароларимиз, уларни ёшидан қатъи назар чуқур ўрганишларидир. Чунки, ҳар бир шахс кундалик ҳаётида Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита мурожаат қилади. Қомусимиз ўзининг мазмун-моҳияти билан инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаб берувчи олий юридик ҳужжатдир.

Давлат ДАВЛАТОВ,

ТДЮИ магистранти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: