БИЛИМ ВА БАХТ ЁНМА-ЁН

Шарқ алломаси Абу Наср Форобийнинг шундай гўзал фалсафий таъкиди мавжуд: “Яхши фазилатлар икки турли яъни, хулқий ва фикрий бўлади. Фикрий фазилат кишига ақлий қувват бахшида этади. Ақллилик, донолик, фаҳм-фаросатлилик, зеҳнлиликни вужудга келтиради. Хулқий фазилат эса интилувчи қувватга эга бўлиб, иффат, шижоат, сахийлик ва адолатлилик хусусиятларини тарбиялайди”.

Кексаларни эъзозлаш йилида 80 ёшга етган педагогика фанлари доктори Валентина Андриянова айнан ана шундай фазилатлар соҳибидир.

Умрини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган олима, шогирдларига эътиборли ва айни пайтда талабчанлиги билан ажралиб турадиган устоз педагогдир. Олима асли Россиянинг Рязань вилоятида таваллуд топган бўлиб, тўрт ёшлигида Чирчиқ шаҳрига ота-онасининг хизмат тақозоси билан кўчиб келади. Шу-шу у ўзини Ўзбекистондан айро тасаввур қила олмайди. Зеро, шу ерда тарбия топди, камолга етди.

Устози Римма Емелина тавсияси билан Ўрта Осиё давлат университети (бугунги Ўзбекистон Миллий университети)га ўқишга кирган иқтидорли қиз ўзбек ва рус мактабларида рус тили ва адабиётини ўқитиш бўйича етук мутахассис бўлиб етишди. Олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлаган ёш мутахассис ўз педагоглик фаолиятини Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 24-умумтаълим мактабида бошлади. У муаллимлик билан бирга ўқитувчи ёшлар ташкилотининг котиби, метод бирлашма раҳбари каби жамоатчилик ишларини ҳам бажариб, элнинг эътибори ва ишончини қозонди. Шу билан бирга миллий мактабларда рус тилини ўқитиш масалалари ва муаммолари йўналишида илмий тадқиқотлар ҳам олиб борди.

Мактабда тажриба тўплаб амалиётни ўрганган ёш мутахассис педагог Евгения Стэнманнинг тавсияси билан 1960 йилда Т.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институтининг рус тили ва адабиётини ўқитиш методикаси бўлимига ишга қабул қилинди. Мана қирқ беш йилдирки, у шу даргоҳда фаолият олиб бормоқда.

Устоз 1969 йилда муваффақиятли ҳимоя қилган номзодлик диссертациясини миллий мактабларнинг бешинчи ва олтинчи синф ўқувчиларининг рус тили дарсларини ўзлаштиришига бағишлади. Олима “Ўзбек ўқувчиларининг рус тилидаги оғзаки нутқини ўстиришнинг назарияси ва амалиёти” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳам муваффақиятли ёқлади.

Ўтган даврда 500 дан зиёд илмий-педагогик ишлари чоп этилди. Ўз ишининг мутахассиси сифатида монографиялар, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларда рус тили ва адабиётини ўқитишга доир концепция, давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар, ўқувчиларнинг билим ҳамда кўникмаларини аниқлаш мезонлари, мактаб ўқувчилари учун луғатлар, умумтаълим мактабларининг 5-11-синф ўқитувчиларига мўлжалланган методик қўлланмалар, мақолалар ва тезислар, “Биз русча гаплашамиз” номли грампластинкаларга ёзилган ўқув дастурлари яратди. Шунингдек, қатор йиллар давомида Полша, Венгрия, Арманистон, Қозоғистон каби дунёнинг турли мамлакатлари ва Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Термиз ва бошқа шаҳарларида ўтказиладиган халқаро конгресслар, симпозиум, конференция ва семинарларда ўзбек ўқувчиларининг русча нутқини ўстириш жараёнини такомиллаштиришга бағишланган маърузалари билан фаол иштирок этиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Ҳар кун, ҳар дам шукрона...

Валентина Андриянова Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар қўмитаси томонидан тасдиқланган илмий-амалий лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги таълим-тарбиянинг методикаси ва назарияси ихтисослиги бўйича илмий кенгаш ўринбосари сифатида фаолияти мобайнида ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эксперт комиссияси аъзоси сифатида ҳам ёш мутахассислар тайёрлашдек масъулиятли ишга муносиб ҳиссасини қўшди. Олима раҳбарлигида 16 нафар ёш олим илмий ишларини ҳимоя қилди.

Кўп йиллик илмий педагогик фаолиятидаги ютуқлари, меҳнати ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун В.Андриянова Беруний номли фахрий медаль, “Меҳнат фахрийси”, “Халқ таълими фидойиси”, “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси”, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ташкилотларнинг қатор кўкрак нишонлари билан мукофотланди.

Дилноз РЎЗИЕВА,

педагогика фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: