ТИББИЙ КЎРИК – насл саломатлигининг муҳим омили

…Нодира касалманд фарзанди билан ота уйига қайтиб келди. Турмуш ўртоғи гиёҳвандлигини яширган экан. Аммо ёш ва ғўрлиги боис дардини ичига ютди. Лекин боласининг носоғлом, нимжон бунинг устига ақли заиф туғилгани унинг сабр косасини тўлдирди. У бир томондан ҳали ўн саккизга тўлмай турмушга узатиб юборган ота-онасидан хафа бўлса, ўз тақдирига бефарқлиги учун ўзидан ҳам ранжиди.

Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларга эътибор кўрсатиш ҳамма жойда ҳам бирдек деб бўлмайди. Чунки, ҳаётда билиб-билмай нотўғри йўл танлаётган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолатлар асосан расмий никоҳдан ўтмасдан оила қураётганларда кузатилади.

Дарҳақиқат, оила қуриш арафасидаги ёшлар бўлғуси жуфти-ҳалолининг саломатлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши келгусида никоҳланувчилардан бирининг соғлиғи билан боғлиқ нохушликлар сабаб ажрашишлар, бефарзандлик, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонли фарзандлар туғилишининг олдини олади. Тиббий кўрик пайтида аниқланаётган хасталикларни никоҳдан аввал даволашга эришилаётгани эса оилаларнинг мустаҳкамлиги ва фарзандлар саломатлигига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида юртимизда 2004 йил 1 январдан эътиборан никоҳланувчи шахсларнинг руҳий, наркологик касалликлар, тери-таносил, сил касалликлари ва ОИВ/ОИТС хасталиги бўйича тиббий кўрикдан ўтиши йўлга қўйилган. Бу Оила кодексида ҳам ўз ифодасини топган: 17-моддада никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган. Шу асосда расмий никоҳдан ўтиш учун ариза бераётган ёшларга Тиббиёт бирлашмаларига йўлланма берилмоқда ва улар тўлиқ текширувдан ўтгач, никоҳи қайд этилмоқда.

Оила қураётган икки ёш жисмонан бақувват, шу билан бирга, руҳан соғлом, имон-эътиқодли, билимли, юксак маънавиятли бўлса, бундай оилада соғлом фарзандлар дунёга келади. ФҲДЁ ходимлари нафақат никоҳдан ўтиш учун ариза бераётган ёшлар, балки аҳолининг барча қатламлари орасида бахтли оила ва соғлом авлод бунёд этишда ёшларнинг масъулиятини оширишга бағишланган кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Таълим даргоҳларида “Ёш оила қурувчилар” мактаблари фаолияти ривожлантирилмоқда. Мазкур тизимда тиббий кўрик, оила мустаҳкамлигини таъминловчи омиллар, ота-она бурчи, фарзанд тарбияси каби масалалар бўйича ахборот-таълим дастурлари амалга оширилмоқда. Тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган бундай тарғибот ишлари натижасида ёшлар тиббий кўрикнинг аҳамияти ва моҳиятини теран англаб етаётир.

Яна ўқинг:  ОИЛА – ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ

Бу жиҳатлар юртимизнинг ҳар бир маҳалласида ҳукм сураётган барқарор муҳит, аҳолининг тинч, фаровон ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Маҳалла фаолларининг жонбозлиги туфайли хонадонлар атрофи, кўчалар саранжом-саришта. Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, пухта билим олиб, касб-ҳунар эгаллаши, ишга жойлашишига ёрдам бериш доимий эътиборда.

Маҳаллаларда ўтказилиб келинаётган “Эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари” мавзуларидаги давра суҳбатларида иштирок этамиз. Ўшанда мазкур мавзуда қандай ишлар қилинаётганини маҳалла фаоллари ва маслаҳатчилари билан ўзаро фикрлашамиз.

Маҳаллаларда бўлажак келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган маърифий тадбирлар билан бирга, уларнинг саломатлиги масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу оила қураётган ёшларнинг оила, жамият олдидаги бурч ва масъулиятини чуқурроқ англашига ёрдам бермоқда. Бунинг самарасида кейинги вақтда оилавий ажримлар кескин камайиб бораётир.

Маҳаллада ёшларнинг никоҳ тўйларини ўтказишда кўмаклашилаётгани уларга кўрсатилаётган яна бир ғамхўрликдир. Бу амалий чора-тадбирларни изчил йўлга қўйишда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қонунга кўра кам таъминланган оилаларнинг вояга етмаган фарзандларига қураётган ёшларнинг эҳтиёжига қараб моддий ёрдам кўрсатишга турли ташкилотлар ҳомийлик қилишмоқда.

Баркамол авлод орзуси – аждодларимиздан мерос. Халқимизга хос эзгу мақсад. Ота-боболаримиз оила қураётган ёшларнинг насл-насаби тозалигига эътибор қаратган. Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги энг катта мақсади бахтли оила қуриш, соғлом фарзандлар тарбиялаш ва уларнинг камолини кўришдир. Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар бугун ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Саида ИСМОИЛОВА,

Тошкент шаҳар 1-сонли “Никоҳ уйи” мудираси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: