ОППОҚ ҚОРЛАР ЁҚҚАН КЕЧА

Азиз синглим, Гулираъно! Сизга мактуб ёзишга киришдиму хаёлларим яна ўша бизга қадрдон қишлоқ кўчалари томон йўл олди. Йўлнинг икки тарафида бир чизиқ қилиб экилган оқ теракларнинг кўк сари бўй чўзиб, самога нималарнидир сўзламоқчи бўлгандай маҳтал туриши кўз ўнгимда гавдаланди.

Дарвоқе, қиш бўлсада ҳарбий хизматда чиниқаётганимиз туфайли фасл инжиқликлари бизга унчалик билинмаяпти. Бир-биридан қизиқарли ўтаётган ҳарбий машқлар сабаб кўп нарсани билиб олаяпмиз. Тартиб-интизом қаттиқ бўлсада, бу ерда ўтаётган ҳар бир кунимиз мароқли. Оддийгина тиш чўткасини қай тартибда ғилофига жойлаштиришдан тортиб, гимнастёрка ёқасига тугма қадашгача тартиб-интизом талаб этилади. Ўзингиз биласиз-ку бетартиб жойда иш унуми бўлмайди. Баъзан ўйлаб қоламан, мактабга қадам қўйган чоғимиз биринчи ўқитувчимиз бизга ўқиш-ёзишни қандай масъулият билан ўргатган бўлса ҳарбий хизматда ҳам унинг сир-асрорларини худди шундай ўрганиб бораяпмиз. Ахир она Ватан деган буюк сарҳадни кўз қорачиғидек асраш энг аввало ҳарбийларга юклатилган. Ана шундай мард, жасур ўғлонлар сафида бўлиш мен учун қанчалик шараф эканлигини билсангиз эди?! Мактубимда шу сўзларни ёзаяпману ҳаяжондан нафақат қўлларим, балки юрагим ҳам “гуп-гуп” уриб кетаяпти.

Куни кеча менга йўллаган мактубингизни олдим. Унда ота-онамнинг, яқинларимнинг соғ-саломат эканлиги ҳақида ҳам ёзибсиз. Раҳмат. Қиш келса-да қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат янада ошганини, ойижонимнинг сизларникига чиқиб акангизнинг тўйига аталган кўрпа-кўрпачаларни қавишганини мактубингиздан билиб олдим. Бирам хурсанд бўлдимки, асти қўяверасиз. Сўзларимни ҳеч ким эшитмасин-у янги уйимизнинг кўрпа-кўрпачаларини ҳам улар бирга қавишади деган ўйдаман. Сиз-чи?

Чексиз ҳурмат билан Нарзулла акангиз.

Оддий аскар Нарзулла Ҳамидов мактубини конвертга жойлаштириб устига манзилини ёзар экан бир зум дераза оша ташқарига нигоҳ қадади. Аёз бобонинг дераза ойналарига ажиб гул чизиб кетганини кўриб бир қувонса, Гулираънонинг мактубини олганидан сўнг ёноқлари алвон ранг тус олиб, уни шивирлаб ўқишидан завқланиб кетди. Қор эса ҳали-вери тинмайдиган кўринади. Майли, элу юртга қут-барака келтирувчи, эртанги ҳосилнинг мўл-кўл бўлишига замин яратувчи оппоқ қорлар чексиз самодан Она ер бағрига тўкилаверсин.

Бобосининг кенг елкаларига чопон ташлаб қўй-қўзиларининг ҳолидан хабар олганича, қўра эшигини яна тамбалаб қўйишини кўз олдига келтирган йигит ўзича ғурурланиб қўйди. Бу ширин ўйлар уни энтиктириб, кўнглида ажиб ҳислар уйғотди. Нарзулла хаёлан Гулираънонинг келин либосида ҳаё билан ҳовли супураётганини бир зум тасаввур этди. Чунки, тўй яқин эди.

Яна ўқинг:  БОЛА НУТҚИ РАВОН БЎЛСА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: