Yil quvonchlari

Муҳтарам АЛИЕВА,

Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони

– Мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида ҳукуматимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бунинг самараси ўлароқ юртимиз байроғини халқаро ареналарда юқори кўтараётган ёшлар сони кун сайин ортиб бораётир. Мен ҳам саккиз карра жаҳон чемпиони бўлганман. Айниқса, бу йил менга жуда омадли келди. Франциянинг Лион шаҳрида “Узун циклли” шарт бўйича 16 килоли тош кўтариш мусобақасида олтин медални қўлга киритдим. Америка қўшма штатларининг Сандиего шаҳрида “Силтаб кўтариш” шарти бўйича олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чепиони бўлдим.

Яна бир қувонарли воқеалардан бири 2013 йилда “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилганим сабабли Англия штаб квартирасидан шахсий табрикнома келди. Бундан мен жудаям хурсанд бўлдим ва кўнглим фахрга тўлди. Келаётган Янги йилдаги ниятларим 2015 йилдаги жаҳон чепионатида муносиб қатнашиб 10 карра жаҳон чепиони бўлиб, рекордимни янгиламоқчиман. Мен бу муваффақиятларга устозларим Бозорбой Жуманов, Фатхиддин Нажмиддинов, Воҳиддин Нажмиддинов ўгитлари билан эришдим. Бунинг учун устозларимдан миннатдорман.

 

Жамшид САИДКАРИМОВ,

“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби

– 2014 йил мен учун омадли келди. Сербияда бўлиб ўтган Халқаро мусиқа танловида иштирок этдим. Унда “Internet energia music” дуэт ва виолончель йўналишлари бўйича ҳам менга 1-ўрин насиб этди. Шунингдек, Саратов шаҳрида С.Кнушевицкий номли Халқаро танловда санъат соҳасидаги малакали мутахассислар менинг ижроимни 1-ўринга муносиб кўриб, олтин медаль билан мукофотлашди. Mамлакатимизнинг мустақиллик байрами арафасида Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.

Илк муваффақиятларим “Санъат ғунчалари” республика кўрик танловида ғолибликни қўлга киритиш билан бошланган. Шундан кейин қатор халқаро ёш мусиқачилар фестивалларида муваффақиятларга эришдим. 2007 йилда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган А.Глазунов номидаги халқаро ёш мусиқачилар танловида ҳамда 2008 йилда Украина давлатининг Симферополь шаҳрида бўлиб ўтган “Синяя птица” халқаро мусиқачилар танловида 1-ўрин соҳиби бўлдим. Россиянинг Самара шаҳрида 2011 йилда “Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ёшлар мусиқа академияси”да иштирок этиб, Россия халқ артисти Юрий Башмет ва Катта қироллик консерваторияси профессори Александр Бузловнинг “Устоз-шогирд” дарсида иштирок этиб, диплом билан тақдирландим. Россиянинг Краснодар шаҳрида ўтказилган (2012 йилда) “Где рождается искусство” халқаро мусиқачилар танловида иштирок этиб гран-при совринини қўлга киритдим.

Яна ўқинг:  Кўзга нур, кўнгилга ҳаловат бағишлаб...

Кириб келаётган Янги 2015 йилда Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг торли чолғулар йўналишида ўқиш, қолаверса, турли халқаро танловларда иштирок этиб, юртимиз байроғини янада юқорига кўтариш ниятим бор. Шунингдек, барча тенгдошларимга Янги йилда омад ёр бўлишини ҳамда барчага яхши мусиқа ҳамроҳ бўлишини истаб қоламан.

 

 

Жасурбек ИМОМОВ,

Халқаро фан олимпиадаси ғолиби

– Бу йил хушхабарларга тўла бўлди. Набирам Жасурбек Имомов 2014 йил 21-27 июль кунлари Корея Республикасининг Тетикон шаҳрида ўқувчилар орасида бўлиб ўтган халқаро математика йўналиши бўйича қатнашиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритди. У телефон орқали 15 та масаладан 11 тасини тўғри ишлаганини айтганида жуда севиндик. Жамоавий мусобақада ҳам 2-ўринни қўлга киритиб кумуш медалга эга бўлди. Дунёнинг 31 мамлакатидан 586 нафар ўқувчи иштирок этган фан олимпиадасида эндигина 15 ёшни қаршилаган набирамнинг муваффақият қозонгани, Ватанимиз довруғини янада кўтаришга ҳисса қўшганидан бахтиёрман, – дейди Жасурбекнинг бувиси Ҳалима Имомова. – Жасурбек менинг биринчи набирам, – дея суҳбатни давом эттиради у. Болалигидан менинг тарбиям, ўгитларим билан камол топди. Уни катта одамлардек фикрлаши, берадиган саволлари ҳаммани лол қолдирарди. Ҳозирда у Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 8-синфида физика-математика йўналишида ўқийди. Мактабда баҳолари аъло. Жасурбекнинг математикага бўлган қизиқишини сезган устозлари унинг билимини янада ошириши учун бор имкониятларини ишга солишди. Бунинг учун улардан жуда ҳам миннатдорман. Набирамнинг бу ютуғи ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланди. У илмий салоҳиятини яна ҳам ошириши учун зарурий моддий-техник база билан таъминланди. Қолаверса, унга Бувайда тумани ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар берилди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: