ОТМдаги СОВЧИЛАР

Халқимизда “Маслаҳатли иш тарқамас” деган нақл бежиз айтилмаган. Ўғил уйлантиришни ният қилган қавму-қариндош бир жойга жамланиб, қайси хонадон остонасини “супириш”ни маслаҳат қилишади. Бу ҳам қадриятларимизнинг кичик бир кўринишидир. Азалдан келин танлашда шунчаки муносибини топиш эмас, келажакни яратаётганларини ҳам инобатга олишган. Келин ота-онанинг хизматини қилибгина қолмай, фарзанд тарбиялайди ва шу орқали оила келажагини таъминлайди. Бунда асосий вазифа совчиларнинг зиммасига юкланади. Совчилик мақомига тайинланганлар оила тутумига мос қизни топиш учун етти ўлчаб бир кесишган. Хўш, айни замонда ҳам совчилик одоби рисоладагидекми? Агар шундай бўлса, олий ўқув юртларининг атрофида “қиз овловчилар”нинг зимдан кузатишини қандай изоҳлаш мумкин?

Институтда таҳсил олаётган синглимдан “фалончи дугонамни йўқлаб келишибди” ёки “башанг кийинган аёллар қиз танлагани келибди” каби сўзларни эшитиб қоламан. Ажабо! Олий ўқув юртларига бораётган “совчи”лар қизни қай меъёрларга кўра танлашар экан? Бир кўришда одамга баҳо бериш қийин, унинг ички дунёсини билиш, яқиндан ўрганиш унданда мушкул. Шу боис совчилар аввало ўзлари таниган, билган инсонлар тавсия қилган қизни келин қилгани маъқул эмасми?

Совчиликка келган аёллар ўқувчи қизларга ҳар томонлама таъсир қилади. Энди улар куни бўйи совчилар кимни суриштириб келгани-ю, куёв бўлмишнинг қандай бола бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги хаёллар ва ўзаро шивир-шивирлар билан банд бўлади. Бу эса ўз навбатида дарсларни ўзлаштириш сифатига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бир қаторда тўғридан-тўғри дарс жараёнларининг боришига ҳам халақит беради. Сўнгги пайтларда бу каби “ташриф”ларнинг кўпайиб қолганини инобатга олсак, бу ҳолат жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрамиз.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодира Тошпўлатова:

– Ростдан ҳам ўқув масканларига қизларни суриштириб келувчилар талайгина. Буни тушунамиз. Зеро, олий маълумотли қиз ҳар тарафлама уддабурон, маърифатли, оила тутумини англаб етган бўлади. Илм олишни истаган инсоннинг қалби ҳам, ҳаёти ҳам зиёга тўлади. Унверситетимизда таҳсил олаётган қизларнинг одоб-ахлоқини суриштириб келганларга, қизларимизнинг барчаси келинлик мақомига муносиб эканлигини айтамиз. Аммо дарс жараёнига халал бериб, қизларни суҳбатга тортишига рухсат бермаймиз. Совчиларнинг синфхона эшигини тақиллатиши ўқувчиларни чалғитади, қизлар тарбиясига ҳам таъсир қилади. Уларнинг хаёлида турли хил ўйлар пайдо бўлади. Бирор қизни йўқлаб келганлар бошқа қизларнинг ҳам эътиборини тортади. Уларнинг ўзини тутиши, ҳаракати ўзгаради.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР НАШРЛАРИ ФАОЛИЯТИ – ДАВР КЎЗГУСИДА

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” факультети кафедра мудираси Муқаддас Аҳмаджонова:

– Ҳурматли оналардан бир нарсани тушунишларини илтимос қилар эдим, бу ер олий ўқув юрти, унда талабалар билим олади. Ҳамма ҳаракатлар, қўшимча дарслар ёшларнинг билим савиясини янада оширишга қаратилган. “Совчилик агентлиги” эмас бу даргоҳ. Доно халқимиз “онасини кўриб қизини ол” дейишган. Совчилар маҳаллага боришсин, у ердаги фаоллардан, маслаҳатчилардан сўрашсин. Қайси оилада ўқимишли, одоб-ахлоқли қизлар тарбияланаётганини айтишади. Ўзларига маъқулини топгач, ана ундан сўнг институтга келиб биздан қизнинг хулқи ҳақида сўрашса ўринли бўлар эди. Тўғридан-тўғри келиб, “сара қизларингизни кўрсатинг” дейиш совчилик мақомига хос эмас. Боғга олма тергани келгандек гап эмасми бу? Бундай қарашлар менталитетимизга, урф-одатларимизга мос келмайди.

Албатта, менталитет ҳақида сўз борар экан масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратсак. Тўйдан олдин қайнона билан ёки хонадоннинг бошқа аъзолари билан келиннинг юзма-юз суҳбатлашиши менталитетимизга хосми? Ўртадаги ҳаё, одоб-андиша каби тушунчалар четга чиқиб қолмаяптими?

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Нилуфар Таджибаева:

– Биласизми, айрим ёшларимиз мода кетидан қувиб, оиласининг қадриятига тўғри келадими, йўқми, замон талабига мос келадиган кийимларни кийишга интилади. Оиласида бошқа характерда, кўча-куйда ўзини бошқа тутаётганлар ҳам йўқ эмас. Шу сабаб оналарни институтларга бориб, қизларнинг юриш-туришини кузатишларини тўғри тушунаман. Қиз бола олий маълумотли бўлиш билан бир қаторда, фаҳм-фаросатли, оиласини қадрлайдиган бўлиши керак. Аммо келган совчиларнинг қизлар билан юзма-юз гаплашишини ёқламайман.

Азалдан оналаримиз қизини турмушга узатаётганда “ҳатто қайнонангнинг юзига тик қараб гапирма” деб уқтиришган. Сабаби қиз боланинг хаёли экани унинг яхши тарбия топганидан далолат беради. Андишали келин оиласидан иззат топади. Қайноналарнинг тўйдан олдин келин билан очиқ суҳбат қуриши, ўртадаги андиша пардасини кўтаради. Қайнона билан бемалол мулоқот қилган қиз кейинчалик уни ҳурмат қилмаслиги ҳам мумкин. Ҳар қанча суриштиришлар сирли бўлгани маъқул. Қиз ҳам билмасин атрофидагилар ҳам. Ана шунда оқ қанддек хонадонига олиб келган келини барчани бирдек ҳурмат қилади.

Мухтасар айтганда, совчиларнинг олий ўқув юртлари бўйлаб келин излашлари ҳеч бир одатимизга тўғри келмайдиган ҳолдир. Олий маълумотли, одоб-ахлоқли, эпли келинни ҳамма истайди аммо шундай келин қидириш асносида қадриятларимизни, анъаналаримизни четлаб ўтиш яхши оқибатга олиб келмайди, назаримда. Илм масканларидан дарсларга халал бериб, ўқувчилар диққатини чалғитиш одобдан эмас. Айтайлик, олий ўқув юртидан кўнгилдагидек қиз учратиб тўй-томоша билан олиб кетишди. Бу яхши албатта, лекин юқорида дугонамнинг вазиятига тушиб қолган қизларнинг тақдирини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Зеро, совчиликка бел боғлаганларнинг ҳаракати бошқалар кўнглини хуфтон қилмаслиги, дўсту дугоналари орасида қиз болани мулзам қилиб қўйиши ҳақида ўйласалар ёмон бўлмас эди. Энг муҳими, совчилар қадриятларимиз ва менталитетимизга мос равишда иш кўришса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Яна ўқинг:  Роликли коньки билан қушдай парвоз қилинг

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: