ЭРТАК АЙТИБ БЕРАЙМИ?

Эртаклар бола руҳиятида муҳим роль ўйнайди. Афсонавий қаҳрамонлар кичкинтойлар феъл-атвори, ички дунёси ва дунёқарашига таъсир этмай иложи йўқ. Шунинг учун ҳам халқимиз қадимдан бир-биридан қизиқарли эртаклар айтиб бериб, ўз фарзандларининг тарбияси билан шуғулланишган. Аммо болажонларга ҳамиша ҳам сиз танлаган эртак ёқавермаслиги мумкин. Бунинг учун нима қилиш керак? Фарзандингиз маънан соғлом бўлиб улғайиши учун уларни тўғри йўналтира оляпсизми, эртакларни тўғри танлай оляпсизми?

Эртак китоб танлаганда шунчаки бола руҳиятига йўл топа олиш керак, ички дунёсини тушуниш. Шунда ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Дастлаб, эртакларнинг энг соддасидан бошлаган маъқул. Айниқса, ақлини энди таний бошлаган болажонларга бу жуда қизиқарли бўлсин. Масалан, “Бўғирсоқ”, “Тулки ва қарға”, “Олтин балиқ”; ёшининг улғайишига қараб эса бу эртакларни бироз бойитиб боринг.

Эртак мавзусини фарзандингиз билан биргаликда танланг. Фарзандингизга эртак ўқиб беришдан илгари унинг мавзулари нима ҳақда бўлишини у билан келишиб олинг. Масалан, “Бугун нима ҳақида эртак айтиб берай?” – деб сўранг. Агар узоқ ўйланиб жавоб беришга қийналса, унда ўзингиз бир қанча эртак мавзуларини айтиб ўтинг. У албатта ўзига ёққан сарлавҳани танлайди. Шунда болангиз нималарни хоҳлашини, дунёқараши қандай ривожланаётганини ҳам кузатиб борасиз. Ҳеч қачон болажонларга қўрқинчли, улар ёқтирмайдиган, зерикарли эртакларни айтманг. Бу уларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин ва халқ оғзаки ижодидан, эртаклардан кўнглини совитиб қўясиз. “Уч оғайни ботирлар” ҳақидаги эртак фарзандингизда ўзаро аҳиллик, мардлик ва қаҳрамонлик, тўғрилик каби хислатларнинг шаклланишига ёрдам беради. Шу боис қадимдан бу эртак барча болажонларга айтиб келинган ва ҳозирга қадар кичкинтойлар “Уч оғайни ботирлар”ни жуда яхши кўриб тинглашади.

– Болангизда китобга ҳавас уйғотинг. Техника тараққий этган ҳозирги даврда болажонларни китобга қизиқтириш қийин деб ўйлашга бироз шошилманг, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Чунки телевизор ёки компьютердан чиқадиган зарарли нурлар ҳар қанча ҳимояланмасин, фарзандингиз соғлиғи учун яхши эмас. Уларни бу қулайликлардан чалғитганингиз ва китобларга нисбатан ҳавас уйғотганингиз фойдалироқдир. Аввало, кадрларда тез кўриниб ўтаётган суратлар болалар хотирасида яхши сақланмайди ва у кадрларни фарзандингиз ўз тасаввурича нотўғри тушуниб бориши мумкин. Расмли китоблар орқали ўзингиз эртаклар маъносини, унинг қаҳрамонларига хос бўлган ижобий хислатларни тушунтириб борсангиз, бу уларга яхши таъсир қилади ва тушуниб етган нарсаларини тезда унутиб юбормайдилар. Бунинг устига, фарзандингиз онгида тўғри фикрлай олиш, таҳлил қилиш қобилиятини ҳам шакллантириб борасиз.

Яна ўқинг:  700-СОНГА 70 СЎЗ

Шуни алоҳида эътибор бериш жоизки, танланган китобларнинг суратларида миллийлик, яхши фазилат, қаҳрамонлар кўзларида ифода этган шарқона руҳ бўлсагина уларни харид қилган маъқул. Иложи борича, фарзандингизга “Ўзбек халқ эртаклари” китобини олиб беринг. Бошланғич синфга борганида ҳам унга бундай китобларни ҳадя қилиб туринг. Шунда фарзандингиз китобга меҳр қўя бошлайди.

Муаллифи сизга номаълум бўлган эртак китобларини танламанг. Чунки, унда қандай ғоя илгари сурилганини билмайсиз. Барчага маълум ва машҳур бўлган эртакларни танланг. Масалан, “Қизил қалпоқча”, “Сусамбил”, “Ур, тўқмоқ”, “Олтин балиқ”.

“Эртаклар – яхшиликка етаклар” – дея бежиз айтмаган доно халқимиз. Шундай экан, фарзандингизга ҳамиша яхши эртаклар айтиб беришдан, уларнинг қалби ва ички дунёсини англашдек масъулиятли вазифадан асло ўзингизни четга олманг.

Нафиса НОРИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: