ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИНГ НОЖЎЯ ТАЪСИРИ

Ўзбилармонлик билан даволаниш салбий оҚибатларга олиб келади

Куз ҳавосининг салқин, баъзан совуқ келиши иммунитети паст инсонларда грипп ва ЎРВИ(ўткир респираторли инфекциялар) халқ тилида “шамоллаш” дея аталувчи беҳоллик ва турли аъзоларда яллиғланиш билан кечадиган хасталикларни келтириб чиқаради. Ўзини нохуш сезган бемор биринчи навбатда дорихона томон ошиқади. Ҳозирги кунда дорихоналарда дори воситаларининг сони ва хилма-хиллиги кўзни қувонтиради. Аммо ҳамма ҳам бу дориларнинг фойдали жиҳатлари ва аксинча, ножўя таъсирлари тўғрисида деярли тўлиқ маълумотга эга эмас. Тўғри, дорихоначи сизни қизиқтирган саволларга қониқарли жавоб бериши мумкин. Шундай бўлсада ўзимиз учун баъзи маълумотларни билиб қўйиш зарар қилмайди деб ўйлайман. Истеъмолда тез-тез қўлланиладиган дори воситаларининг бир тоифаси антибиотиклардир.

Антибиотиклар баъзи микроорганизмлар, ҳайвонлар ва ўсимликларда ишлаб чиқариладиган ҳамда турли хил микроорганизмларнинг ўсиши, ривожланишини тўхтатиб қўядиган моддалардир. Антибиотик сўзи юнончадан олинган бўлиб, anti – қарши ва bios – ҳаёт сўзларидан ташкил топган.

XV-XVI асрдаёқ халқ табобатида йирингли яраларни даволашда яшил моғордан фойдаланилган. 1929 йилда инглиз микробиологи А.Флеминг микроорганизмларнинг айрим турлари орасидаги антагонизм (зиддият)ни кузатиб, яшил моғорнинг микробга қарши таъсир этиши, ундаги ташқи муҳитга ажратиладиган ягона модда – пенициллинга боғлиқ эканлигини айтди. Пенициллиннинг кашф этилиши янги-янги антибиотиклар ва улар олинадиган манбаларни қидириб топишга асос бўлди.

Турли хил замбуруғлар ва баъзи бактериялар антибиотикларнинг асосий манбаи бўлиб, улардан бир неча минг антибиотик моддалар ажратиб олинган. Лекин кўп ҳолларда улар фақат касаллик қўзғатувчилар учун эмас, балки одам организми учун ҳам заҳарлилиги аниқланди. Шунинг учун дори сифатида микробга қарши кучли таъсир этадиган, биологик муҳитга чидамли, организм учун кам заҳарли антибиотиклар ишлатилади.

Аҳоли ўртасида антибиотиклар универсал дори воситаси сифатида кенг қўлланилмоқда. Аммо бу дорилар фақат ўзига сезгир айрим микроорганизмларга таъсир этади. Масалан, пенициллин ўпка яллиғланганда, сепсис (қон заҳарланганда), терининг йирингли касалликлари, ангина (томоқдаги бодомча безларининг яллиғланиши) ва бошқа шу каби касалликларда қонга микроб тушиб заҳарланганда яхши таъсир этади. Сил ва дизентерия (ичак) таёқчаларига эса таъсир этмайди. Левомицетин ва тетрациклин ичак касалликларида яхши наф беради. Беҳуда вақт ва маблағ сарфлаб организмдаги микробларга таъсир қилмайдига антибиотик истеъмол қилмаслик учун шифокор тавсиясига асосан аввал шиллиқ юзадан бактериал экма олдириб антибиотикка сезувчанликни аниқлаш керак.

Яна ўқинг:  Зарраси зурриёдга зарба

Вирусли касалликлар (грипп, инфекцион гепатит)га келганда шуни айтиш керакки, барча турдаги антибиотиклар уларга мутлақо кор қилмайди.

Агар шундай бўлса, нима учун шифокорлар грипп бўлган беморга антибиотиклар буюришади деган савол туғилади? Гап шундаки, грипп вируси танада ўрнашиб кўпайишни бошлагандан сўнг иммун тизим ишга тушиб қаршилик кўрсатишни бошлайди. Лекин баъзи беморларнинг иммунитети сустлиги натижасида организмдаги шартли патоген бактериал микроорганизмлар жонланиб нафас йўли яллиғланиши касалликлари (бронхит, пневмония(зотилжам))ни келтириб чиқаради. Бу касалликларга энди вирусларга қарши препаратлар таъсир қилмайди. Уларни фақат антибиотиклар билангина даволаш мумкин. Антибиотиклар вирусли касалликларни эмас, балки уларнинг оғирлашган асоратларини даволашда қўлланилади.

Антибиотиклар яхши наф берадиган дори воситалари бўлиши билан бир қаторда бемор организмига салбий таъсир этиши ҳам мумкин. Масалан, стрептомицин, канамицин ва неомицин эшитиш қобилиятини пасайтиради. Қулоқдаги вестибуляр аъзо фаолиятини бузади. Левомицетин таъсирида айрим беморлар қонида салбий ўзгариш кузатилади. Тетрациклин таъсирида жигар фаолияти бузилади. Айрим беморларда пенициллиннинг озгина дозасида ҳам организмда бошқа дорилар ичилгандагига ўхшаш турли реакциялар – терининг қичиши, шиш, экзема(темиратки) ва шу каби ўзгаришлар кузатилади. Бу каби ҳолатлар дори воситаси ёқмаслигидан келиб чиққан аллергиядир. Бемор ўз билганича узоқ вақт пала-партиш дори ичиб даволаниб юриши натижасида дори ёқмаслигидан келиб чиқадиган аллергия сурункали турга айланиб кетиши мумкин. Баъзи ҳолларда пенициллин ёки бошқа антибиотикнинг озгина дозаси ҳам (айниқса, қайта даволанишда) организмда кучли ўзгаришларга, баъзан ҳаётни хавф остида қолдирадиган анафилактик шокка сабаб бўлади. Шуни унутмаслик керакки, кўпчилик антибиотикларни айрим ҳолатларда, масалан, левомицетинни ҳомиладорлик даврида, экзема(темиратки)да ва терининг замбуруғ касалликларида, мономицинни буйрак ва жигар касаллигида қўллаш мумкин эмас. Антибиотиклар жуда кичик дозада қабул қилинса ёки қабул қилиш тезда тўхтатилса, организмдаги микроблар шу дориларга мослашиб олади. Натижада касаллик сурункали турга ўтади ва тузалиши қийин бўлади. Антибиотиклар ўртача 5-7 кундан кам вақт қўлланилмаслиги керак. Уларни узоқ вақт қўлланиш янги касаллик-кандидамикозга олиб келади. Касалликнинг келиб чиқиш сабаби антибиотиклар ичакдаги организм учун фойдали бўлган микроорганизм(микрофлора)ларнинг ривожланишини тўхтатиб қўйиши натижасида замбуруғларнинг кўпайишига шароит яратиб беради. Шунинг учун кучли таъсир этувчи ёки узоқ муддат қўлланишга мўлжалланган антибиотиклар шифокор томонидан буюрилганда албатта замбуруғга қарши препаратлар (нистатин, фуцис, флуконазол) қўшиб ёзилади.

Яна ўқинг:  ДЮШЕНН ВА ЭРБ ФАЛАЖИ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?

Кўпчилик антибиотиклар (ампициллин, пенициллин,оксациллин, ампиокс, стрептомицин, гентамицин, тетрациклин ва ҳоказолар) кунлик дозани 3-4 маҳал 6-8 соат оралиғида қабул қилинади. Ҳозирги кунда истеъмоли қулай бўлган янги антибиотиклар-макролид антибиотиклар азалидлар(азимак, азимед, азитромицин) қўлланилмоқда. Ўртача бу дори воситалари уч кун ва кунда бир маҳалдан қўллашга тавсия этилади. Бу дори воситаларининг афзаллиги шундаки, яллиғланиш ўчоғидаги дорининг бактерицид (микробларни қирувчи) таъсири охирги доза ичилгандан сўнг 5-7 кун давомида ҳам сақланиб қолади. Бу антибиотиклар кенг кўламдаги зарарли микроорганизмларга қарши даво бўлиши билан бирга жигар ва буйрак фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин. Дозаси оширилиб юборилса беморда вақтинчалик эшитиш қобилиятининг йўқолиши ҳам кузатилади.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, антибиотикларни истеъмол қилишдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашиш, организмдаги ҳамма ўзгаришларни батафсил айтиб бориш ва буюрилган дозани оширмасдан қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади. Умуман олганда ҳар қандай дори воситасини албатта шифокор тавсияси билан қабул қилган маъқул. Бир томонлама фойда қиламан деб ўзбошимчалик билан нафақат ўз-ўзини, балки яқинларини ҳам даволаш фақат зарар келтиради.

Азиз, юртдошлар!

“Қош қўяман деб, кўз чиқарманг”. Сунъий дори воситаларига организмингиз реакция берса, шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, дорихоналардан табиий ва шифобахш гиёҳлардан сотиб олинг.

Ҳилола ПРИМУҲАМЕДОВА,

тиббиёт коллежи ўқитувчиси, Шайхонтоҳур тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: