Умрбоқий тарона
Ҳар 1 октябрь арафасида устозларга бўлган изҳорларим қалбда туғён ура бошлайди. Барчасини жамлаб олиш қийин. Ахир, уларнинг шаънига дунёнинг бор эзгу сўзларини армуғон этса ҳам кам. Шундай пайтларда бир қўшиқ юрагимга оҳиста синга бошлайди. Бу тарона умрбоқийдир. Ҳар бир кишига мактаб даврларини, жонкуяр устозларни эслатади.
Меҳр нури ёғар доим
Кўзингиздан устозлар.
Юрсам дейман, бу табаррук
Изингиздан устозлар.
Ҳа, эл севган санъаткор Санобар Раҳмонованинг бошқа қўшиқлари қатори “Устозлар” қўшиғи ҳам, мана, қирқ йилдирки, кишилар қалбини жунбушга келтирмоқда. Ўз вақтида мухлислар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган бу ажойиб тарона ҳали-ҳануз одамлар тилида. Уни ҳамон тингловчилар завқ-шавқ билан эшитади. Айниқса, “Устоз ва мураббийлар” кунида жаранглаганида бутун таълим-тарбия соҳаси фидойиларининг қалби янада фахрга тўлади, касбларига бўлган садоқати, меҳр-муҳаббати янада ошади.
Чин инсонлик китобига
Бахт-у ҳикмат битибсиз.
Одоб ила билим олдим
Сўзингиздан устозлар.
Мазкур қўшиқ ижрочиси Санобар Раҳмонова 1972-73 йилларда санъат соҳасига кириб келди. Унинг илк овозини меҳрибон ота-онаси эшитиб, хурсанд бўлди ва унга оқ йўл тилади.
Бу орада ўн уч ёшли қиз Пўлат Мўмин шеъри, Ғуломжон Рўзибоев мусиқаси билан “Устозлар” қўшиғини куйлади. Қўшиқ 1974 йил телеэкранга узатилди. У халқимизнинг умрбоқий тароналаридан бирига айланди.
Ҳозирги кунда хонанданинг шогирдлари Гуласал Абдуллаева ва Хонзодабегим Дўстова бу қўшиқни маромига етказиб ижро этмоқда. Санобар Раҳмонованинг 6 ёшли набираси Ҳадябону ҳам қўшиқни бувиси билан куйлаб берганида қалбим яна завқ-шавққа тўлди:
Жой олдингиз бир умрга
Шогирд юрак тўридан.
Мўмин ҳаёт дарсин ўқир
Ўзингиздан устозлар.
Зебинисо БЎРИЕВА,
Сурхондарё вилояти