УЙИМИЗДАГИ БАРОҚВОЙ

унинг хосияти ва парвариш қилиш хусусиятлари ҳақида

Бир куни ишдан қайтсам, қизалоғим йиғлаб ўтирибди. Сабабини сўрасам, кўзлари тўла ёш билан тутилиб-тутилиб гап бошлади:

– Аяжон, мушукчам ариқдан сув ичмоқчи эди, тушиб кетди-да, оқиб кетди. “Миёв, миёв”лаб ўтларга ёпишмоқчи бўлди, лекин барибир кичкина панжаси кучсизлик қилди. Ёрдам беролмадим, мени ҳам сув оқизиб кетади, деб қўрқдим. Аяжон, мушукчам энди келмайдими?!

Қизимнинг жон куйдириб йиғлаши кўнглимни ғашлади. Бечора жониворга ҳам ачиндим. Миттивой қизим билан роса ўйнарди, уйдаги зараркунандаларни овларди. Бошқа мушук олиб келаман деб уни юпатгандай бўлдим. Ўша куни кечки пайт қўшним дори сўраб чиқди. “Тинчликми?” десам, “Ўғлимни мушугимиз тишлаб олди, қўли қизариб кетяпти”, деб хавотирланди. Кўнглимга “ғул-ғула” оралади.

Бу жонзотнинг ҳам фойдали ҳам зарарли жиҳатлари бор экан. Қизимга мушук олиб берсамми ёки йўқми? Шу ҳақида ўйлаб, уй жониворлари парвариши тўғрисида маълумот тўплашга киришдим.

Уйимиздаги ёқимтой азалдан инсонларнинг ҳамроҳи бўлган. Тахминан тўрт минг йил аввал мушуклар қадимги Мисрда қўлга ўргатилган. Яна бир манбаада Кипрда эрамиздан аввалги еттинчи минг йилликка доир қабр топилган. Унда одам ёнига ушбу жонивор кўмилган. Бундан ташқари, мушукларнинг инсон саломатлигига фойдали жиҳатлари ҳақидаги гаплар қулоғимизга чалинади. Олимларнинг таъкидлашича, магнит резонансли томограф сканерлашни ўтишдан аввал, мушук билан 15 дақиқача “суҳбатлашса” беморларнинг ваҳимага тушиш даражаси пасаяди. 14 ёшдан – 83 ёшгача бўлган 1500 нафар америкаликни тадқиқ этиш натижалари шуни кўрсатдики, уй ҳайвонини боқиш стресс (руҳий зўриқиш) даражасини пасайтиради. Уй ҳайвони болада аллергия ва астманинг ривожланиш хавфини камайтиради.

Ички аъзоларнинг яллиғланишини даволашда мушуклар фойдали ҳисобланади. У инсоннинг оғриётган аъзоси устига ётиб олади. Ўзидан иссиқлик чиқариб, оғриқни қолдиради. Худди шу каби мушукнинг фойдали хусусиятлари талайгина.

Хонаки мушукларнинг элликдан ортиқ зоти мавжуд. Улар асосан жуни ва думининг узунлиги, кўзларининг ранги билан фарқланади. Форс мушуклари жуда яхши психотерапевт ҳисобланади. Оила аъзоларингиз ичида ҳайвон юнгига аллергия бўлса, унда абиссин мушугини олинг, чунки унинг умуман туки йўқ. Сиам мушуги жаҳлдор ва аразчи бўлади. Бундай жониворни болага олиб бермаган яхшироқ. Кичкинтой ҳайвоннинг думидан тортишни, қучоғига олиб эзғилашни яхши кўради, бундай пайтда жаҳлдор мушуклар тап тортмасдан ҳужумга ўтиб қолиши мумкин.

Яна ўқинг:  Гўзалликка интилган кўнгил

Мушуклар инсонларга нисбатан ёруғликда олти баробар камроқ қўришади. Уларнинг кўз тўрпардаси орқасида махсус акс эттирувчи қоплама мавжуд. Шу сабабли уларнинг кўзлари тунда ёниб туради.

Билган ва билмаганларимиз ҲаҚида

Ҳовлили уйларда уй ҳайвони парваришлаш қийин бўлмайди, аммо кўп қаватли хонадонларда бу бироз муаммо туғдиради. Шу боис санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш зарур. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли пунктларида ит ва мушукларни сақлаш, парваришлаш, ҳайвон эгалари ва давлат органи вакилларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

– Жониворларни парваришлашнинг ўз қоидалари бор, – дейди Шайхонтоҳур тумани Давлат санитария эпидемиология назорат маркази, эпидемиология бўлими мудири Матлуба Жумаева. – Хусусан, уй ҳайвонларини боқмоқчи бўлганлар, аввало, ветеринария хизматида рўйхатдан ўтиши, ит ва мушукларни парваришлаш тартиби, уларнинг ён-атрофга ва инсон саломатлигига таъсири тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлиши керак. Уй ҳайвонларини парваришлаётган шахсларга ветеринария гувоҳномаси берилади.

Ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликларнинг энг хавфлиси бу қутириш вирусидир. Келинг, бу ҳақда батафсил маълумот бераман.

Мушукларда қутуриш касаллиги тўсатдан қўзғалиш билан бошланади, мушук жуда тажовузкор ва ҳужумкор бўлиб қолади, одамларга, бошқа ҳайвонларга ташланиб тишлайди ва тирнайди, 2-4 кунда нобуд бўлади. Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвон, агар одамнинг юз қисмидан тишлаган бўлса, 90 фоиз, агар қўл панжаларини тишлаган бўлса 63 фоиз, оёқ қисмларидан тишлаган бўлса 23 фоиз ҳолларда вирус юқади ва асоратлари пайдо бўлади. Қутуриш касаллиги билан ҳайвон касалланадими, одам касалланадими, якуни аниқ…

Шунинг учун хонаки ит ва мушукларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиб туриш ва қутуриш касаллигига қарши эмлаш зарур. Уй ҳайвонларини тўғри парваришлаш, уларда учрайдиган юқумли касалликларнинг олдини олиш орқали маҳаллалардаги тозалик ва саришталикни сақлашга алоҳида эътибор қаратиш керак. Ҳар йили республикамиз бўйича ҳайвон тишлашидан жабрланганларни қутуришга қарши эмлаш учун (антирабик вакцина, антирабик иммуноглобулин) катта маблағ сарфланади.

Шифокорларнинг айтишича, токсоплазма инсон организмида кенг тарқаладиган юқумли касаллик тури ҳисобланади. Ушбу инфекциянинг асосий ташувчиси мушуклардир. Сурункали токсоплазма асаб тизимини ишдан чиқаради. Ушбу вирус ҳомилага ҳам ўтиши мумкин ва унинг ривожланиши учун катта хавф туғдиради. Қон орқали ҳомилага ўтиши ва асосан ҳомиладорликнинг 12 ҳафталиккача бўлган даврида инсон эмбриони ҳаётига таҳдид солади.

Яна ўқинг:  ОРТИҚЧА ВАЗН – МУАММОЛАР ГИРДОБИ

Мутахассисларнинг гапларини ўқиб, уй жониворларини боқиш зарарли экан-да, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо ўз вақтида эътиборли бўлсангиз, мушук ёки итингиз ҳақида етарлича маълумотингиз бўлса, кўнгилсизликларнинг олдини оласиз ва севимли жониворингиз билан ҳеч қандай муаммолар юзага келмайди.

Ҳадислардан Ҳикматлар

– Ҳайвонот олами инсон манфаати учун яратилганини улардан хоҳлаганча фойдаланиш мумкин деб тушунмаслик керак, – дейди Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Носирхон” жомъе масжиди имом хатиби Жасур Раупов. – Ислом дини бу борада ҳам адолатли ўлчовларни белгилаб қўйган. Яъни: ҳайвонот оламидан тўғри фойдаланиш; маҳсулотларидан эҳтиёжга кўра манфаат олиш; зарурат бўлганидагина ов қилиш ва ҳоказо.

Хонадонда мушук боқиш мумкин, боқилган ҳам. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мушуклар ҳақида “у сизларнинг атрофингизда айланиб юрадиган ҳайвонлардан” деб яхши гапларни айтганлар. Саҳобалардан Абдураҳмон ибн Саҳл мушукларни яхши кўриб, боқиб юрганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “Абу Ҳурайра” деган куняни олганлар, яъни “мушукчанинг отаси” деган маънода номланганлар. Ана шу маънода мушук уй ҳайвони сифатида боқилиши мумкин, бу маънода ҳеч қандай маън қилиш йўқ.

Хулоса Ўрнида

Юқоридаги фикрларимизга хулоса қиладиган бўлсак, аҳоли сиҳат-саломатлиги, айниқса, болаларнинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши, уларни турли хавфли ва юқумли касалликлардан асрашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ва санитария-эпидемиология назорати марказлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунга қарамай мушук ва бошқа уй ҳайвонлари сақловчиларнинг айримлари ушбу қоидаларга амал қилмаётгани кузатилмоқда. Натижада, бу нафақат инсонлар балки, жониворлар учун ҳам кўнгилсиз ҳолатларни юзага келтирмоқда.

Биз тирик табиатнинг барча турфа хиллигини сақлаб қолишга интилган ҳолда уларга жуда мулойимлик ва меҳр билан муносабатда бўлишимиз лозим.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: