ОНА ВА БОЛА ҳамиша эътиборда, эъзозда

Ҳар бир мамлакатнинг эртаси унинг нафақат турли соҳадаги салоҳияти билан белгиланади, балки соғлом, баркамол ва интеллуктуал жиҳатдан етук кадрлари ҳамда жисмонан ва маънан камол топган ёшларига ҳам боғлиқ. Юртимизда азалдан аждодларимиз она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратган. Айниқса, бу масалага истиқлол йилларида давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалар қаторида эътибор қаратилиб, бу соҳадаги муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Қуйида биз Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Саидмурод Исмоиловга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

– Ҳурматли Саидмурод Ибрагимович, мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада амалга оширилган туб ислоҳотлар, эришилган натижа ва ютуқларимиз талайгина. Бугун тиббиёт соҳасининг ушбу йўналишида олдимизда турган асосий вазифалар нималардан иборат?

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида тубдан ўзгаришлар бошланди. Аҳоли, жумладан аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, ҳукуматимизнинг диққат-эътиборидаги масалага айланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998-йилдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида”ги фармони соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга асос бўлди. Соғлиқни сақлаш тизимининг миллий модели яратилди. Бу эса ўз навбатида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши ва халқимиз ҳаёт даражасининг тубдан кўтарилишига олиб келди.

Шунингдек, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, айниқса, қишлоқ жойларда оналар ва болалар саломатлиги патронаж тизимини такомиллаштириш, педиатрия ва туғруққа тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.

Бугун тиббиёт соҳасининг ушбу йўналишида олдимизда турган асосий вазифалар аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичларида оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва аҳолининг барча қатлами учун бир хил фойдаланишни таъминлашдан иборат. Шунингдек, ривожланиши суст бўлган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш сифатини ошириш, ногирон болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида, айниқса, бирламчи бўғин муасасаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан ҳисобланади. Оналар, болалар ва ўсмирларга малакали, махсус ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш борасида замонавий инфратузилмани янада ривожлантириш, соғлиқни сақлашнинг ахборот тизимини такомиллаштириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда идоралараро ҳамкорлик ва фаолиятни мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва баҳолашга ҳам катта эътибор қаратамиз. Ихтисослаштирилган марказлар, клиникалар ва шифохоналарда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларини замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиш, энг илғор тиббий технологиялардан малакали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида хорижий институтларнинг кўмагида болаларни даволаш бўйича клиник қўлланма ва протоколлар ишлаб чиқиш ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган замонавий перинатал технологиялар бўйича мутахассисларни ўқитиш тадбирлари ташкил этиш ва ўтказиш ҳам ҳамиша диққат марказимизда туради.

Яна ўқинг:  ҲАРАКАТ – САЛОМАТЛИК ТАЯНЧИ

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистон халқаро экспертлар томонидан болалар саломатлигига эътибор қаратаётган энг илғор ва нуфузи баланд ривожланган давлатлар рейтингидан муносиб жой олганлиги эътироф этилди. Бу эътирофга муносиб равишда мутахассис-шифокорларнинг малакасини ошириш ва уларнинг чет элдаги кўзга кўринган клиникаларда тажриба орттириб қайтишлари учун қандай халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда?

Ҳукумат томонидан оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ўтказилаётган чора-тадбирлар халқаро ташкилотлар ЖССТ, ЮНФПА, ЮНИСЕФ ва бошқа ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг етакчи тиббиёт марказлари ва клиникаларида 500 нафар мутахассис, шу жумладан 230 га яқин педиатр, акушер-гинекологлар ва тиббиёт ҳамшираларининг ўқитилиши режалаштирилди. Жорий йилдаги ҳисобот даврида қабул қилувчи томон ва ҳомийлар ҳисобидан жами 50 нафар мутахассис малака оширишга юборилди.

Ҳозирги кунда мутахассис-шифокорларнинг малакаcини ошириш ва уларнинг чет элдаги кўзга кўринган клиникаларда тажриба орттириб қайтишлари учун Туркия, Япония, Корея, Германия, АҚШ каби давлатларнинг халқаро ҳамкорлик агентликлари лойиҳалари амалга оширилмоқда.

– Жорий йилнинг шу давригача “Соғлом бола йили” давлат дастури режасига киритилган вазифаларнинг неча фоизи амалга оширилди?

Дастурнинг соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бандларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жами 538,6 млрд. сўм, 40,3 млн. АҚШ долл. ва 10,2 млн.евро миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, жорий йилнинг 7 ойида 318,5 млрд. сўм, 1 млн. 779 минг евро ва 15 млн. 228 минг АҚШ долл. маблағ ўзлаштирилди.

– Маълумки, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилиш учун энг аввало бўлажак ота-оналар, яъни ўсмир йигит-қизлар саломатлигига катта эътибор қаратиш зарур. Бу борада республика бўйича “Ўсмирлар марказлари” фаолиятига доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Ўсмир йигит ва қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 14 та диспансерда, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида жойлашган 386 та ўсмирлар хонаси ва 11 та ўсмирлар бўлимида жами 615 нафардан зиёд мутахассислар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Соҳада фаолият кўрсатаётган 615 нафар шифокорнинг 66,1 фоизи турли тоифадаги малакага эга.

Яна ўқинг:  БИЛИМ бахт олиб келади

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича 1 млн. 847 минг 601 нафар ўсмирдан 1 млн. 750 минг 426 нафари ёки 94,7 фоиз ўсмирлар тиббий– профилактик кўрикдан ўтказилди.

Шунингдек, 923 минг 887 нафар 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмир қизларнинг 94,8 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 9,3 фоизида гинекологик касалликлар аниқланди. Касаллик аниқланган ўсмирлар соғломлаштирилди.

– Халқимиз генофондини яхшилашда ирсий касалликлар профилактикаси ва яқин қариндош-уруғлар орасидаги никоҳ ҳамда вояга етмаган ёшларнинг эрта оила қуришининг олдини олиш катта аҳамиятга эга. Бу борада Республика Скрининг Маркази ва унинг ҳудудлардаги марказлари қандай фаолият олиб бормоқда?

– Республикада болаларнинг наслий ва туғма касалликларини олдини олиш мақсадида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Республика Скрининг маркази ва унинг ҳудудлардаги марказларининг кенг қамровли фаолияти натижасида 2000 йилдан 2012 йилга қадар туғма касалликлар билан дунёга келувчи болалар сони 40 фоизга камайди. 2012 йилда 3,5 минг нафарга яқин туғма нуқсонли болалар туғилишининг олди олинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилда 365-сонли қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан ҳар йили 200 мингтага яқин никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар аниқланган ҳолда, тегишли диспансерларга йўлланмалар берилиб, стационар ҳамда амбулатор шароитларида соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Никоҳланувчи шахслар ўртасида қариндошлар ўртасидаги никоҳни ва ирсий касалликлар, туғма нуқсонли болалар туғилиши ва эрта турмуш қуришнинг олдини олиш борасида тиббиёт ходимлари томонидан жорий йилнинг шу давригача жуда кўплаб маъруза, давра суҳбати, суҳбат ва семинарлар ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари орқали телевидение, радио ва газеталарда мавзуга доир мақолалар чоп этилди.

– Ўзбекистонда Миллий эмлаш дастури жадвалига асосан нечта бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш ишлари олиб борилади?

– Жуда кўпгина хориж давлатларида бачадон бўйни ракининг олдини олиш мақсадида балоғат ёшидаги қизлар (бўлғуси оналар) одам папиллома вирусига қарши эмланар экан. Келажакда мамлакатимизда ҳам ана шундай эмлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилганми?

Юқумли касалликларга қарши эмлаш болалар ўлими хавфини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда эмлаш жараёни Миллий эмлаш дастури ва иммунизация жадвалига биноан 10 та бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши олиб борилади. Эмлаш жадвалига асосан эмлаш ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг тавсияларига тўлиқ амал қилинган ҳолда олиб борилади. Ҳукуматимиз томонидан вакциналар бепул ва сифатли тарзда аҳолини ўз вақтида эмлаш учун етказиб берилмоқда. ЖССТ, ГАВИ билан хамкорликда мамлакатимизда балоғат ёшидаги қизлар (бўлғуси оналар)ни одам папиллома вирусига қарши эмлаш учун вакциналарни амалиётга тадбиқ этилиши 2015 йилдан режалаштирилган.

Яна ўқинг:  Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми)

Гулчеҳра ШИРИНОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: