ЗАМБУРУFЛАР юқумли…ми?

улардан қутилишнинг самарали усуллари

Баъзан ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам очиқ пойабзал кийишни ўзига эп кўрмайдиган кишилар учрайди. Уларни оёқнинг замбуруғли касаллиги безовта қилгани учун тирноқлари хунук кўринишга эга бўлади. Бунинг устига тез-тез ювилишига қарамасдан оёқдан келаётган нохуш ҳид ҳам бу инсонларни ёпиқ оёқ кийим кийишга мажбур этади.

Статистик маълумотларга кўра сайёрамизда ҳар беш кишининг бири шу касалликка чалинган экан. Ҳар қандай инсон умрида бир марта бўлсин замбуруғ касаллигини беихтиёр юқтириб олиши мумкин. Оёқ ёки қўлнинг тирноқларини зарарловчи замбуруғ споралари шахсий гигиенага амал қилмай бировнинг оёқ кийимларини алмаштириб кийганда, сочиқлардан умумий фойдаланганда, пляжда нам қум орқали, шунингдек, ҳаммомда синтетик ёки табиий толали гиламчалардан, бассейндан (туриб қолган сувда замбуруғлар яхши ривожланади), жамоат транспортининг ушлагичлари орқали юқади. Аммо ҳамиша ҳам замбуруғ юқавермайди. Бу касаллик айниқса, иммунитети паст беморлар, эндокрин хасталиги мавжуд одамлар, юрак етишмовчилиги ёки варикоз касаллигида оёқларида қон айланиши бузилган хасталарда, касб тақозоси билан доимо ёпиқ ёки ноқулай оёқ кийим кийишга мажбур бўлган инсонлар (ҳарбийлар, спортсменлар, шахтёрлар)да ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади. Шунингдек, касаллик оёқларда ёриқлар, қадоқлар мавжуд қишилар ва товон териси қаттиқ ва қалин бўлган одамларда ҳам ривожланиши мумкин.

Замбуруғ касаллигининг илк белгисида тери шишиб, оёқда ва унинг бармоқлари орасидаги терида пилчираб турган, йирингли пуфакчалар пайдо бўлади. Агар замбуруғ тирноқлар орасида жойлашган бўлса, улар қалин тортиб, ранги ва шакли ўзгаради. Тирноқнинг табиий ривожланиши бузилади. Айрим беморлар касаллик ўзидан ўзи ўтиб кетади деб бепарво бўлсалар, баъзилар ўз ўзини даволаш билан шуғулланишади. Яъни, замбуруғлар шикастланган соҳага йод, “бриллиант яшили” – “зелёнка”, сирка эритмаси аралаштирилан сув суртишади. Маълум муддат ушбу дори воситалари таъсирида хасталикни келтириб чиқарувчи замбуруғ споралари карахт ҳолга келади. Аммо, нобуд бўлмайди. Балки “куч йиғиб, пайт пойлаб ётади”. Яна айрим беморлар шифокор-микологга мурожаат этмасдан, тўғри дорихонага боришади. Бироқ, касалликнинг туб сабабини аниқламасдан туриб билиб-билмай даволаниш фақат зарар келтиради. Микоз (замбуруғли касаллик)нинг тери кўринишини замонавий дори воситалари ёрдамида 2-3 ойда даволаш мумкин. Албатта, врач кўрсатмасига асосан. Лекин бу хасталикдан тўлиқ фориғ бўлиш учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш шарт ва зарур. Шунингдек, даволаш жараёнида тирноқ пластинкаси икки марта тўлиқ алмашиши керак. Яъни, тирноқ ўсиб зарарланган соҳа юқорига кўтарилса қайчи билан кесиб ташлаш даркор. Бунга эса бир йил муддат зарур бўлади. Даво курси ҳам шунча давом этади. Агар муддатидан олдин даволашни тўхтатсангиз замбуруғнинг яшаб қолишига шароит яратган бўласиз. Бир курс даволанишдан сўнг касалликка қарши давони тўхтатсангиз замбуруғ споралари дори воситаларига қарши ўзида иммунитет ҳосил қилади ва улардан қутилиш қийин бўлади.

Яна ўқинг:  ДЮШЕНН ВА ЭРБ ФАЛАЖИ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?

Қандай қилиб “боши берк кўча” дан чиқиш мумкин? Яқин орада хорижда олиб борилган тадқиқотларга кўра 40 фоиз ҳолатларда 1-2 йилда касаллик қайталаниши мумкин экан. Хасталикдан сўнг одам организмида иммунитет ҳосил бўлмайди. Кўпчилик беморлар яна ўз уйларидаги буюмлардан касалликни қайта юқтириб олишлари мумкин. Организмни мажбуран дори воситалари таъсирида тарк этган замбуруғлар уй эгасининг шиппагида, ҳаммом ёки ҳожатхонадаги кичкина гиламчалар (чунки, улар баъзан нам бўлади)ларда яшаб қолиши мумкин. Замбуруғлардан бутунлай халос бўлиш учун зарарланган оёқ кийим ва пайпоқларни жигарранг олма сиркаси (озиқ-овқат магазинларида сотилади) билан зарарсизлантириш керак. Бунинг учун оёқ кийимларнинг ичига олма сиркаси суртилади ва целофан пакетга солиб бир кечаю кундуз димлаб қўйилади. Агар терингиз таъсирчан ёки аллергик касаллигингиз бўлмаса оёқларингизга олма сиркасининг 6 фоизли эритмасини суртинг. Пайпоқларни яхшилаб ювиб, обдон чайгач, сиқиб олма сиркасига 1-2 соат ботириб қўйинг. Кейин пайпоқларни сиқиб офтобнинг тиғида қуритинг. Яна оёқларга махсус замбуруғга қарши крем суртинг.

Бировнинг оёқ кийимини кийманг. Бассейн ёки ҳаммомда оёқяланг юрманг. Тез-тез оёқ яланг тош, қум, тупроқ ёки ўт-гиёҳлар устида юринг. Оёқларингиз дам олаб, уларда қон айланиши яхшиланади. Замбуруғ юқтирилган даврда ишлатилган сунъий мочолка ва табиий луффалар ёки ванна учун махсус ясалган ёғоч панжара ҳамда гиламчаларни яхшилаб дезинфекция (зарарсизлантириш) қилинг ёки ташлаб юборинг. Кўрпа-тўшак жилдларини қайнатинг, чайиб қуритинг ва иссиқ дазмолда дазмолланг. Чунки, замбуруғ споралари 100 даража ҳароратда нобуд бўлади.

Шунингдек, болгариялик табиб Ванга буви рецептларига асосан аччиқ дамланган иссиқ кофега замбуруғ билан зарарланган оёқ ёки қўлларингизни солиб турсангиз споралар нобуд бўлади. Муолажа бир неча маротаба такрорланади.

Cаҳифани Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: