Умр йўлин ёритгувчи эзгулик

– Икки норасида набираларим тақдир тақазосига кўра қўллари нуқсонли бўлиб туғилишганди, – дейди бир тадбирда ўзини Саида деб таништирган аёл. Ёнида турган 12 ва 6 ёшли икки қизалоққа ишора қилиб. – Маржонагинам бир қўлини кўксигача кўтара олмас, Зиёдамнинг ҳам чап қўлида қусури бор. Шукр, Жамила опанинг кўмаги билан қизларим бу нуқсондан буткул ҳоли бўлишди.

– Жамила опа? Юз ифодамдаги қизиқишни кўрган аёл сал нарироқда қизлар билан суҳбатлашаётган нозиккина, серҳаракат аёлга ишора қилиб,

– Жамила опа ана шу киши

бўлади, – деди.

Бир нечта қизларга тўлқинланиб нимларнидир ўргатаётган, кўзларида ғайрат ва шижоат, ўз касбидан мамнунлик ҳисси акс этган аёл – Жамила Ҳамидова 45 йилдан ортиқ умрини болажонлар даврасида ўтказиб, уларга қадимий халқ қўшиқлари, лапарлари ҳамда рақсларини ўргатишга бахшида этган. Мана, кўп йилдирки, бу жонкуяр аёл пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Маданият уйи” қошида ташкил этилган “Ҳилола” фольклор-этнографик рақс дастасига раҳбарлик қилиб келаяпти. Айни дамда мазкур гуруҳда етти ёшдан ўн олти ёшгача бўлган 30 нафар бола санъат сирларини қунт билан ўрганмоқда. Уларнинг ўн нафари имконияти чекланган болалар ҳисобланади. Жамила опа Маржона ва Зиёда каби яна бир нечта туғма қусури бор қизларга кўп йилдан бери рақс сирларини ўргатиб келмоқда.

– Қизим Мунисанинг рақсга тушишга қобилияти бор. Баъзан ундаги иштиёқни кўриб, ҳайратга тушардим. Аммо унинг туғма қусури бўлгани боис, рақс тўгаракларига олиб бориш мени бироз иккилантирарди. Жамила опанинг қизимга миллий ашула ва рақс сирларини ўргатиб келаётгани катта мадад бўлди, – дейди устоздан миннатдор Махсума Каримова.

Жамила опа билан суҳбатлашиш давомида унинг бир сўзи кўнглимдан жой олди. “Бу дунёда ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақлидир”. Болалар, жумладан, кўнгли кемтик ёшлар кўнглида санъатга меҳр-муҳаббат уйғотиш илинжида уларга шу соҳада сабот билан кўп йиллардан бери таълим бериш учун эса инсонга “катта юрак” керак, назаримда. Жамила опа ана шундай юрак соҳибаси, десам муболағага йўйманг.

Жамила опа инсоннинг иродали, эътиқодли бўлиб камол топишида устозларнинг ўгитлари нечоғли муҳимлигини англаб, уларни шогирдларига ҳам уқтиришдан чарчамайди. Зеро, Жамила опа устозлари – Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Райҳон Тўраева, Ойхон Ёқубова кабилардан ҳам нафақат рақс ва санъатнинг нозик сирларини, балки ўзбек аёлига хос сабр-матонат, жонкуярликдан ҳам сабоқ олган экан. Жамила Ҳамидованинг меҳнати натижаси ўлароқ, ҳозирги кунда “Ҳилола” фольклор этнографик рақс дастаси туман ва шаҳар миқёсида ўтказиладиган турли тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Энг асосийси эса ўз орзуларини рўёби учун интилаётган қизлар ва шу асносида – уларнинг шодлигига гувоҳ бўлаётган ота-оналарнинг қувончи чексиз ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Мактабларда саводхонлик кечалари

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: