ЯХШИЛИК ерда қолмайди

Йигирманчи аср бошларида шотландиялик бир фермер ўрмон ичидаги ботқоқлик бўйлаб уйга қайтаётган эди. Тўсатдан “Ёрдам беринглар” деган қичқириқни эшитиб, ўша томонга бурилди ва ботқоқ ичида жонҳолатда типирчилаётган йигитчага кўзи тушди. Йигит ботқоқдан чиқишга уринар, лекин талпинган сари ботқоқ уни баттар комига тортарди. Фермер дарҳол ботқоқ четида ўсган дарахтнинг бақувват новдасини кесиб олиб бир учини чўкаётган йигитга узатди. Йигитча новдани ушлаб хавфсиз жойга чиқиб олгач ҳам узоқ вақт кўз ёшини тўхтатолмади. У жуда қўрқиб кетган эди.

– Бизникига борамиз! – деди фермер. Сен кийимларингни қуритиб, исиниб, ўзингга келиб олишинг керак.

– Йўқ, йўқ, мени уйда дадам кутаяпти, тезроқ бормасам у хавотирланади, – йигит ўз халоскорига миннатдор нигоҳ билан бир қараб қўйди-да югурганча кўздан ғойиб бўлди.

Эрталаб фермер эшиги олдига чиройли учқур тулпор, қўшилган, ҳашаматли фойтун келиб тўхтади. Фойтундан башанг кийинган жаноб тушди ва сўради:

– Кеча мени ўғлимни ўлим чангалидан қутқарган сизми?

– Ҳа, мен, – жавоб берди фермер.

– Бу олийжаноблигингиз учун сизга қанча беришим керак?

– Мени хафа қилманг жаноб, сиз мендан ҳеч қанча қарздор эмассиз. Мен ҳар бир виждонли инсон қилиши керак бўлган ишни қилдим, холос.

– Йўқ, – қатъий оҳангда деди, меҳмон. – Мен ўғлимнинг халоскорини тақдирлашим шарт. Чунки, ўғлим мен учун жудаям қадрли, сиз хоҳлаган нархни айтинг, тўлайман.

– Мен бу ҳақида бошқа гапиришни хоҳламайман. Саломат бўлинг, – фермер шундай деб уйи томон бурилиб кета бошлади. Шу пайт муюлишдан бир ўсмир чиқиб қолди.

– Бу сизнинг ўғлингизми? – сўради жаноб.

– Ҳа, менинг ўғлим, – деди ғурур билан фермер ва ўғлини бошини силаб қўйди.

– Унда бундай қиламиз. Мен ўғлингизни Лондонга олиб кетаман ва уни ўқиши учун пул тўлайман. Агар у ҳам худди отаси каби саховатпеша инсон бўлиб етишса, сиз ҳам, мен ҳам бу қарорни тўғрилигидан афсусланмаймиз.

Орадан йиллар ўтди. Фермернинг ўғли аввал мактабда, кейин тиббиёт олийгоҳида ўқиди ва дунёга тиббиётда инсон соғлиги учун жуда зарур бўлган пенициллин кашфиётчиси – Александр Флеминг бўлиб танилди…

Яна ўқинг:  Инфарктга қарши вакцина

Уруш арафасида Лондондаги энг бой клиникалардан бирига ўпка зотилжами билан оғриган беморни – юқорида биз тилга олган танти жанобнинг ўғлини олиб келишди. Сиз нима деб ўйлайсиз, бу сафар унинг ҳаётини нима сақлаб қолди? Шубҳасиз, Александр Флеминг томонидан яратилган пенициллин!

Флемингни олий таълим олишига ёрдам берган ўша бой жанобнинг исми Рандольф Черчилль унинг ўғлининг исми эса – Уинстон Черчилль бўлиб – кейинчалик у Англия бош вазири лавозимида ишлаган.

Уинстон Черчилль шундай деган эди: “Кимки бировга яхшилик қилса, бу яхшилик албатта, бир кун келиб ўзига қайтади”.

Рус тилидан Муҳаббат ҲАМИДОВА таржимаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: