Ҳаёт гули сўлмасин

гиёҳванд моддалар истеъмоли – қора кунлар дебочаси

Ўспиринлик даврида ҳар бир йигит-қизнинг кўнгли нозик бўлади. Кимдир ҳали болалик олами қувончларини тарк этгиси келмаса яна баъзи ўсмирлар катталарга ўзларининг улғайиб қолганлигини исботлагиси келади. Бола бўлиб бола эмас, катта бўлиб катта эмас, аммо жисмоний ва жинсий, ақлий жиҳатдан улғаяётган фарзандларига ота-оналар янада яқинроқ сирдош ва дўст бўлиши керак. Чунки, вужудида рўй бераётган гормонал ўзгаришлар хусусида тиббий маълумотга эга бўлмаган айрим ёшларни баъзан уятчанлик, ўзини айдбордай ҳис этиш, гоҳида эса турли қўрқув ва ваҳимали ўйлар қуршаб олади. Мактаб ва лицей шифокори ёки ота-оналарнинг ўзлари ўсмирлик даври хусусидаги тиббий рисолаларни уларга тақдим этсалар, ўсмирлик даври ўзгаришлари табиий жараён эканлигини англаб етадилар. Кўнгли хотиржам тортган ўспириннинг қалбида ҳаловат бўлади. Олдига ҳаётда ўз ўрнини топишни мақсад қилиб қўйган ва касб-ҳунар эгаллаш учун ўқиб-изланаётган, спорт соҳасида турли ютуқларга эришаётган ёшларимиз тўғри йўлдан адашмайдилар.

Аммо иродаси суст ёки носоғлом оилавий муҳитда улғаяётган баъзи ўспиринлар бировларнинг ёмон таъсирига тез тушиб қолишади. Яна гиёҳванд моддалар олди-соттиси билан шуғулланувчи нокас кимсалар ҳам қора дори савдоси “тегирмонига сув қуядилар”.

Дастлаб бу “серҳиммат ҳомийлар” тузоқ қуйиш учун 1-2 марта бепулга бўлажак гиёҳвандларни “меҳмон” қилишади. Ўсмирлар қизиқувчан бўлишади. Айрим ёши катта нопок кимсаларнинг “қаҳрамонликлари”ни тинглаб, баъзида ота-она назоратисиз қолган ўспиринлар гиёҳванд моддани истеъмол қиладилар. “Бир оз татиб кўрсам, ҳеч нарса қилмас” деган хом хаёл уларни жарликка тортиб кетиши мумкин.

Халқимизда “дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман”деган мақол бор. Ота-оналар фарзандлари кимлар билан дўст тутинаётганлигига катта эътибор қаратиб, огоҳ бўлишлари зарур. Чунки, ёш ниҳолни қаёққа эгсангиз ўша ёққа қараб ўсади. Зеро, огоҳлик ҳушёрликка чорлашини унутманг, азизлар!

Гиёҳванд моддалар табиий ўсадиган ўсимликлардан олинади ва кимёвий сунъий йўл билан ҳам тайёрланади. Тиббиёт амалиётида врач кўрсатмасига доир айрим касалликларда маълум миқдорда оғриқ қолдирувчи дори воситаси сифатида ҳам таркиби наркотик бўлган дори воситалари қўлланилади. Мисол учун, саратон касалликларида. Аммо ундан бошқа ҳолатларда қабул қилинса, инсон руҳиятига салбий таъсир этиб, кишининг шахс сифатида таназзулга юз тутишига сабаб бўлади. Гиёҳванд моддаларни мунтазам истеъмол қиладиган одамлар бемор ҳисобланади. Унга жиноятчига қарагандай қарамасдан жамиятга ва атрофидаги инсонларга зарари етмаслиги учун яқинлари врач-нарколог билан маслаҳатлашиб наркологик диспансерда даволанишига кўмаклашиши зарур. Чунки, гиёҳвандликка мубтало бўлган одам наркотик модданинг хумори тутган пайтида аъзои-бадани қақшаб оғрийди. Натижада улар оғриқ азобларига дош беролмай, заҳри қотилни сотиб олишга пул топиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ жиноятдан ҳам тоймайди.

Яна ўқинг:  АУТИЗМ ХАСТАЛИГИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИГА САБАБ – МОСOS ОҚСИЛИ ЕТИШМОВЧИЛИГИ

Мутахассисларнинг фикрича гиёҳванд воситалар организмдан кальций моддасини пешоб орқали кўп миқдорда чиқариб юборар экан. Натижада гиёҳванд шахсларнинг суяклари зичлиги камайиб, оғрийди. Ғовак суяклар мўртлашиб, синишга мойил бўлади.

Гиёҳванд воситаларни истеъмол қилишга мойилликка яна бир сабаб дастлаб заҳри қотил одамнинг аъзои-баданини бўшаштириб, онгида ғайриоддий ёқимли ҳиссиётларни қўзғайди. Нашаванд илгари камгап бўлган бўлса, сўзамол бўлиб ҳаммани оғзига қаратиб ўтиради. “Қўй оғзидан чўп олмаган” одамлар шерга айланади. Улар беихтиёр кутилмаганда кучга тўлиб, ўзларини ҳар ишга қодир ҳисоблайдилар. Улар аста-секинлик билан ўзлигини йўқота бошлайди. Мия организмга ташқаридан киритилган заҳар таъсирида зўриқиб ишлайди. Бу ҳолат вужудга ҳам таъсир этади. Гиёҳванд бир неча соат чарчоқни билмай ишлаши мумкин. Аммо организм ички резерв кучларини йўқотганидан сўнг тана биологик соатга бўйсунган ҳолатда бир неча кун дам олгачгина ўзига келади. Гиёҳванд воситалар таркибига кўра организмда турли ўзгаришларни келтириб чиқаради. Чунки, заҳар, аввало мия фаолиятини издан чиқаради. Кейин гиёҳванд шахснинг феъл-атворида салбий ўзгаришлар кузатилади. У тажовузкор, жанжалкаш, “тирноқ остидан кир қидирадиган” бўлиб қолади. Унга нисбатан билдирилган ҳар қандай танқидий муносабатга агрессив жавоб беради. Шахс сифатида таназзулга юз тутади. Жамиятда ва оилада ўз ўрнини йўқотади. Нашаванд одамнинг феъл-атвори гиёҳванд дори воситалари таъсирида ёмон томонга ўзгариб, у ижтимоий хавф туғдириши мумкин. Бундай ҳолатда улар махсус наркологик диспансерларда даволанишлари шарт ва зарур.

Энди гиёҳванд воситалар деганда биз нафақат тиббий тушунчага эга бўламиз, балки улар ижтимоий ва юридик аҳамиятга ҳам эгадир. Чунки, атрофимиздаги инсонлар соғлом фикрласалар, фарзандларимиз соғлом муҳитда тарбия топади.

Азиз ота-оналар!

Оғунинг зарраси ҳам заҳар. Айниқса, ўсмир ёшдаги йигит-қизларнинг организми ҳар томонлама ривожланаётган бўлади. Улар бўлғуси ота-оналардир. Келажакда майиб-мажруҳ, ногирон ва нуқсонли гўдаклар “Мурувват уйлари”ни тўлдирмасин десангиз ҳамда ирсият соғломлиги учун қайғурсангиз гиёҳвандликнинг олдини олишга бел боғланг. Фарзандларимизни турли зарарли иллатлар – спиртли ичимликларни ичиш, чекиш, гиёҳвандлик, ОИВ ва ОИТС ҳамда жинсий йўллар билан юқувчи турли касалликлар, ғоявий мафкурамизга зид диний ақидапарастликдан асраш сизу бизнинг масъулиятли бурчимиздир. Зеро, ойдин орзулар билан яшаётган ҳар бир ёш нурафшон келажагимизнинг муносиб ворислари бўлишига ишонамиз.

Яна ўқинг:  Чанқовбосди: нимани, қанча, қандай ичган маъқул?

Чунки, фарзандларимиз ҳаётимиз гули, умримиз мазмунидир. Улар эртамизнинг умидбахш чароғбонларидир. Улар билан кўнглимиз тўқ, турмушимиз фаровон. Умримиз давомчиларини асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг ота-оналик вазифамиздир.

Гулчеҳра ШИРИНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: