Антибиотиклар

Ундан нотўғри фойдаланиш ҳаёт учун хавфлидир

Аввало, яқин ўтмишда бўлган бир воқеани баён қилмоқчи эдим. Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Дўрмон қишлоғида яшайдиган аёлнинг фарзанди оғриб қолади. Унинг тана ҳарорати кўтарилиб, аъзои бадани қақшаб оғрийди. Томоғи яллиғланиб, бемор бола ўзини беҳол ҳис этади. Бундай аломатлар клиник белгилари бир-бирига ўхшаш грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) да кузатилади. Уларнинг бир-биридан фарқи ушбу касалликларни келтириб чиқарувчи вируслардадир.

Яна мавзуга қайтсак, қайнонанинг: “Биз олти-еттита фарзанд кўриб дўхтир нималигини билмадик…” – деган иддаосидан сўнг келин фарзандини шифохонага олиб боришга андиша қилди. Келин ўқимишли бўлса ҳам қайнонасининг юзидан ўта олмайди. Қандай қилиб бўлса ҳам инграб ётган жигарбандини шифохонага олиб бориш йўлини қидиради. Ёлғиз ишонгани турмуш ўртоғига ёлворади. У аёлидан онасининг гапини икки қилмасликни талаб қилади. Кунлар ўтиб, бемор боланинг аҳволи янада оғирлашади. Аҳвол ниҳоятда танг бўлгач, қайнона шифохонага болани олиб боришга рухсат беради. Шифокорлар имкон қадар барча муолажаларни қиладилар. Жонлантириш бўлимида боланинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳарчанд уринмасин, уларнинг ҳаракатлари зое кетди. Вақт ўтган эди. Ота фарзандининг жонсиз жасадини шифохонадан кўзларида ёш билан олиб кетди…

Баъзи тиббий саводхонлиги ҳаминқадар одамлар боланинг тана ҳарорати кўтарилса, унинг организми бақувват, 5-6 кунда ўз-ўзидан тузалиб кетади, деганларини кўп эшитганмиз. Маълумки, бола хасталанса ҳатто, бола соғлиғига мен жиддий ёндошаман, деб ўйлайдиган оналар ҳам “бемор боламга бирон антибиотик ёки унинг иссиғини туширадиган дори берсам дарров тузалади”, – дейди. Лекин ҳар қандай касалликда бирдек антибиотик бериш мумкинми? Бу муаммо ҳақида фикрлашиб олсак, юртдошларимиз, айниқса, ёш оналар учун фойдадан холи бўлмас эди. Фарзандларимиз соғлом бўлса, келажак авлоднинг баркамоллиги таъминланиши шубҳасиздир.

Бактерияли инфекцияларни даволашда антибиотикларнинг фойдали таъсири беқиёс. Лекин 80 фоиз организмдаги яллиғланиш ўчоқлари вируслар туфайли пайдо бўлади. Маълумки, антибиотиклар вирусларни қирмайди. Бу назарда тутилмагани боис, бактерия асосидаги (пневмония, синусит, отит каби) касалликлар сурункали тус олади. Бемор илк кунлардан шифокорга мурожаат қилса, бу қандай касаллик бошланганини мутахассис тез аниқлай олади.

Замонавий тиббиётда шамоллаш деган терминнинг ўзи йўқ. Иммунитет сусайиб, организм турли бактерияли ва вирусли инфекцияларга чалинса (грипп, ЎРВИ-ўткир респиратор вирусли инфекциялар) уларнинг белгилари ўхшаш бўлгани учун халқ орасида шамоллаш деб юритилади. Агар организмда иммунитет кучли бўлса ва бемор бола яхши парвариш қилинса бу хасталлик 7-10 кунда асоратсиз ўтиши мумкин. Мабодо организмнинг иммун тизими сусайиб кетган бўлса ушбу касаллик асоратли кечади.

Яна ўқинг:  Кроссворд ечиш мия фаоллигини оширади

Шамоллашга бактериялар сабаб бўлган ҳолда-чи? Бактериялар вируслар туфайли нимжон бўлган организмга кирса-чи? Бу ҳолда, энг аввало, жиддий тарзда антибиотикли муолажа зарур. Бемор организмида бактерияли инфекция бор-йўқлигини, аниқлаш зарур. Ушбу муаммони эса албатта шифокоргина ҳал қила олади.

Она нималарга эътибор бериши зарур?

Боланинг ўпкалари, нафас йўлларини оналар тегишли тарзда текшира олмайдилар. Унда етилиб келаётган пневмония зотилжам, синусит (гайморит, фронтит), йирингли отит (қулоқнинг яллиғланиши) каби касалликларнинг белгиларини оналар аниқлай олмайдилар. Айтайлик, бола бир неча кун шамоллаб, сўнг тузалди. Бироқ, сал ўтмай, унинг ҳарорати юқорига кўтарилиб кетди. Айнан шундай пайтда она болага ўта эътиборли бўлиши керак. Чунки, бу ҳол бактерияли асоратдир. Албатта, шифокор тавсияларига кўра антибиотиклар қўллаш зарур бўлади.

Диагностикаси.

Анъанавий тиббиётда беморларнинг қон ва ажралмалари ( балғам, пешоб, нажас)ларнинг бактериологик экмаси орқали антибиотикка сезгирлик аниқланади. Бу касаллик ҳақида маълумотни қон ва пешоб таҳлили беради. Лекин афсуски, бактериялар ҳам фан билан баробар ўсиш ва ривожланишда давом этмоқда. Энг ишончли диагностикани шифокорнинг билими ва тажрибаси беради. Касаллик бактерияли инфекция билан боғлиқ бўлса, тезда шифокорнинг кўриги зарур. Чунки, аниқ таҳлиллар учун бир неча кун кутиш керак бўлади. Бактерияларнинг сония сайин кўпайишини ҳисобга олсак, нима учун зудлик билан шифокорга учрашиш кераклиги ойдинлашади.

Антибиотик қай ҳолларда самара бермайди?

Антибиотиклар вирусларни ўлдирмайди. Кўп ҳолларда ўткир респиратор вирусли инфекцияларни вируслар чақиради. Шифокор антибиотик тавсия қилди, дейлик. Биламизки, антибиотиклар дисбактериоз, аллергия, балки ундан ёмон асоратларни чақириши мумкин. Фақат шифокоргина фарзандингизда бактерияли инфекция бор-йўқлигини аниқлай олади.

Агар шифокор антибиотик тавсия қилган бўлса, унинг маслаҳатларига албатта риоя қилиш керак. Муолажаларни кўрсатилган соатларда амалга ошириш муҳим. Акс ҳолда чала даволанган боланинг танасидаги инфекциялар қайтадан “бош кўтариши” тайин. Шунингдек, бемор болада тайинланган шу антибиотикнинг таъсир қилмаслик ҳолати пайдо бўлади. Қайта-қайта қўлланилган бир гуруҳга мансуб антибиотикка организмнинг боғлиқлик ҳолати келиб чиқиши ҳам мумкин.

Самарага эришиш йўллари

Баъзи оналар ўз дугоналари ёки қариндошларининг нималар билан даволанганлари ҳақида гапиришни яхши кўрадилар. Ўзлари билиб-билмай бошқаларга тавсиялар беришади ва ҳар бир организмнинг индивидуал (ўзига хос) эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлишмасада бемор болага ҳароратни тушурувчи ва турли бошқа дори воситаларини пала-партиш ичиришга ҳаракат қиладилар. Антибиотик белгиланган тақдирда она шифокордан нима учун айнан шу дорини тайинлаганини сўраб билгани маъқул. Бирон антибиотик белгиландими, уни барча қоидаларига кўра қабул қилишга интилиш керак. Яна эътибор беринг: бола тузук бўлиб қолди, дея белгиланган кундан олдин муолажани асло тўхтатманг!

Яна ўқинг:  Асорати жиддий дард

Зеро, фарзандларни соғлом этиб вояга етказиш вазифасига оиланинг барча аъзолари, қолаверса, ҳаммамиз масъулмиз.

Мунира ЗУПАРОВА,

Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: