Гўдак парвариши – оналарнинг ширин ташвиши

Гўдак ҳаётининг дастлабки йили энг масъулиятли давр ҳисобланади. Бу даврда боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишига асос солинади. Чақалоқ учун табиий, бинобарин у туғилганидан бошлаб бериладиган энг тўғри озуқа бу она сутидир. Кўкрак сути орқали гўдак барча ўзига керакли оқсил, аминокислота ва витаминлар, микро ва макро элементларни олади.

Она сути таркибидаги витамин ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор керакли нисбатда бўлади. Шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит билан кам касалланади. Уларда камқонлик касаллиги ҳам кам учрайди. Ҳар бир янги бўшанган она гўдагининг тўйиб ва эркин эмиши учун кўкрак сути кўп ажралиб чиқишига эътибор қаратиши керак. Лактациянинг тўлиқ бўлишига кўпгина омиллар таъсир қилади. Буларга биринчи навбатда эмизикли онанинг ов­қатланиши, кун тартибига қатъий амал қилиши, марказий асаб тизимининг ҳолати, очиқ ҳавода сайр киради.

Туғруқхоналарда ёш оналар учун махсус машғулотлар ўтказилади. Бу машғулотларга оналар қатнашишдан эринмасликлари керак. Юқорида айтганимиздек, гўдак ҳаётининг дастлабки даври энг маъсулиятли давр ҳисобланади. Чақалоқнинг тана аъзолари ва тизимларининг тузилиши ва фаолияти бир қатор хусусиятларга эга. Унинг қонида эритроцитлар миқдори кўпроқ, шунга мувофиқ тарзда кислород ва карбонат ангидрид газини ташувчи гемоглобин, касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмларга қарши курашувчи лейкоцитлар миқдори ортиқ бўлади. Чақалоқда моддалар алмашинуви жуда жадал бўлиб, юракнинг бир қисқаришида ундан отилиб чиқадиган қон миқдори кам бўлади. Бу юрак қисқаришининг катта тезлиги ҳисобига тўлдирилади. Томир уриши эса бунинг кўрсаткичи ҳисобланади. Гўдак ҳаётининг биринчи ойида униниг томири бир дақиқада 120-160 мартагача уради. Чақалоқ эмишни бошлаган дастлабки кунларданоқ меъда-ичак тизими ўз фаолиятини бошлайди.

Чақалоқнинг нормал териси юмшоқ, қизғиш, майин туклар билан қопланган бўлади. Терининг тузилиши мураккаб. Гўдак териси катта одамнинг терисидан беш марта юпқадир. Тоза ва зарарланмаган тери организмга касаллик келтириб чиқарувчи микроблар киришидан сақлайди. Ички аъзоларнинг касалланиши моддалар алмашинуви ўзгариши натижасида ҳосил бўлади. Бу эса теридан билинади. Агар бола терисининг оч пушти ранги оқара бошласа ёки сарғая бошласа, тезда неонатолог билан маслаҳатлашиш зарур.

Гўдакнинг киндиги у туғилганидан сўнг 3-5 кундан сўнг тушади. Киндик бутунлай 12-14 кундан сўнг битиши мумкин. Агар киндикдан ёқимсиз ҳид келса, ёки унинг атрофи қизарса, мутахассисга мурожаат килиш керак.

Яна ўқинг:  Офтоб уриши ҳаёт учун хавфли

Янги туғилган гўдак ўзига керакли миқдорда ухлайди. Унинг уйқу вақти катталарнинг уйқусидан фарқли бўлиб, индивидуал ҳолатга эга бўлади. Айрим гўдаклар кўпроқ кундузи, бошқалари эса кечаси ухлашади. Аста-секин бу ҳолат ўзгаради ва гўдакнинг уйғоқлик даври узайиб, уйқуси тунга ўтади. Гўдак ухлайдиган хона кенг ва ёруғ, озода бўлиши керак. Унинг тўшаги қаттиқ ва текис бўлиши зарур. Чақалоқ туғилгач биринчи ойда унга ёстиқ керак эмас. Болани фақат совқотиб қолмаслигини эмас, балки исиб кетмаслигини ҳам назорат қилиш керак. Чақалоқ танасининг меъёрдаги ҳарорати 36.5 СОдан 37,5 СОгача бўлади. Тана ҳароратининг бу даражадан ортиши одатда касалликни билдиради. Бола таглигини алмаштиришда оналар гўдакни нажасига эътибор қилишлари керак Янги туғилган чақалоқнинг уч кунгача дастлабки нажаси (меконий) ажралиб чиқади. Кейинчалик унинг ахлати сарғиш рангли, суюқ консистенцияли бўлади. Кўкрак сути билан овқатлантиришда нажас бир кеча-кундузда 6-8 мартагача келади. Гўдакнинг таги ифлосланганда албатта ювиш зарур. Чақалоқнинг нажаси яшил тусли ва шилимшиқ аралаш бўлса, меъда-ичак тизими фаолияти бузилишидан дарак беради. Ичнинг тез-тез келиши, унинг ташқи кўринишининг ўзгариши касаллик белгисидир. Бундай ҳолда врачга мурожаат қилиш керак.

Чақалоқлар учун памперс тагликларини уч соатдан кўп қўллаш тавсия этилмайди. Чунки, кечаю кундуз памперс тутилганда боланинг нозик терисида аллергик тошмалар тошиши мумкин. Буни олдини олиш учун тагликлар учун мўлжалланган болалар кремини суртиш мумкин. Ўғил болалар учун памперс тагликлари зарарли деган гаплар илмий асосланмаган. Шунинг учун меъёрида памперс тутиш (сайрда, меҳмонга борганда, кечаси) зарар эмас. Чақалоқларни туғилган куниданоқ йўргакламасдан, эркин кийинтириш лозим. Йўргаклаш боланинг қорнини ва кўкрак қафасини қисиб қўйиб, эркин нафас олишини қийин­лаштиради. Боланинг табиий ётишига халақит беради, қон айланишини бузади, чақалоқ ўзининг қўл ва оёқларидан қўрқиб, уларга ўрганаолмайди.

Гўдакни тез-тез чўмилтириб туриш зарур. Шунда у яхши ухлайди. Яна чўмилтириш туфайли гўдак чиниқиб боради. Чунки, тери ҳам нафас олади. Таги қуруқ, тўйиб эмган ва соғ­лом гўдак тинч ухлайди. Ҳар доим гўдакни бир вақтда, кечки эмизиш олдидан чўмилтирган маъқул. Сув ҳарорати 37 СО, хона ҳарорати 25-26 СОбўлиши керак. Чўмилтиришни бошлашдан олдин сувни ҳароратини термометр билан ўлчаб олиш керак. Агар термометр бўлмаса, сувнинг ҳароратини тирсакни ботириб кўриб аниқлаш мумкин. Ҳарорат ­ 37 СОбўлганда, сувнинг иссиқ-совуқлиги тирсакка сезиларсиз бўлади.

Яна ўқинг:  ПСИХОЛОГИК ЁРДАМ МАРКАЗЛАРИ

Гўдак жуда кўп, яъни катта одамларга қараганда уч марта тезроқ нафас олади. Чақалоқнинг нафас олиши бир текис бўлади. Лекин арзимас ташқи ва ички сабабларга кўра унинг тезлиги тез ўзгаради. Йиллар ўтган сари уларнинг кўкрак қафаси ўсиб кенгаяди. Нафас олиш йўллари кенгаяди ва ўпканинг ҳажми ҳам ортади. Гўдак улғая боргач нафас олиши камаяди, лекин чуқурлашади. Болаларда катталарга қараганда нормал нафас олишга кўрсатиладиган тўсиқлар кўпроқ бўлади. Моддалар алмашинуви юқорилиги уларнинг организмида ҳамма ички имкониятлардан фойдаланишга мажбур қилади. Гўдакнинг нафас олиш тизими фаолиятининг тез-тез бузилиши ҳам шундан келиб чиқади. Уларда юқори нафас олиш йўлларининг, бронхлар ва ўпканинг яллиғланиши тез ривожланади.

Боланинг очиқ ҳавода албаттта сайр қилдириш керак. Тоза ҳаво гўдакнинг соғ­лиги ва иммунитетини мустаҳкамлабгина қолмай, болани чиниқтиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Тоза ҳаво жажжи организмда қон айланишини яхшилайди, иштаҳани ва уйқуни равон бўлишини таъминлайди. Очиқ ҳаводаги уйқу энг фойдали ҳисобланади. Чақалоқ уйқусида тез ўсади. Шунинг учун уни очиқ ҳавода кўпроқ ухлашига ҳаракат қилиб, она ҳаво илиқ кунлари 2-3 соат сайр қилиши керак. Болани қандай ривожланаётганини билиш учун бола 1 ойликка тўлгунча, ҳудуд педиатри ва патронаж ҳамшираси мунтазам равишда уйда гўдакни назорат қилиб туради. Поликлиникада боланинг жисмоний кўрсаткичлари назорат қилиниб, 1 ойдан сўнг боланинг оғирлиги ва узунлиги ўлчанади. Бола гавдасининг оғирлиги, ҳаётининг биринчи ҳафтасида камайган бўлишига қарамай, кейинчалик кўпайиб боради. Кейинги уч ҳафтада гўдак оғирлиги ўрта ҳисобда 600 граммга, ёки туғилган вақтидаги тана оғирлигига нисбатан 20 фоизга кўпаяди. Унинг бўйи 3 см.га ўсади.

Онага бола парвариши, уни эмизиш ва кейинчалик гўдакка қўшимча озуқалар бериш, эмлаш, касаллик белгилари ҳақида зарур маслаҳатлар берилади. Касалликнинг белгиларини билишда оналар зийрак бўлишлари керак. Чақалоқдаги битта касаллик бир неча белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Масалан, кўп тинмай йиғлаш, тана ҳароратини меъёрдан кўтарилиши ёки пасайиб кетиши, қусиш, нафас олишнинг бузилиши, талваса, кўкракни эммаслик, болани терисини ранги ўзгариши (кўкариши, сарғайиб кетиши, оқариб кетиш) ва ҳакозо. Шундай ҳолларда тезда болалар шифокорига мурожаат қилиш керак.

Феруза НАЗАРОВА,

Яна ўқинг:  Уйқусизликка генлар сабаб бўлиши мумкин

тиббиёт фанлари номзоди,

шифокор-неонатолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: